Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:22

Ўзбекистон қишлоқларида 14 та мактаб қурилади


Ўзбекистон шаҳар мактабларининг аксарида 35 ўқувчига мўлжалланган синфларида 41 нафаргача ўқувчи ўқиши кузатилади.


Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига таяниб берилаётган хабарларга кўра, 2012 йилда мамлакатда яна 14 та мактаб қурилади.

Расмий маълумотга кўра, мактаблар аҳоли зич жойлашган қишлоқ ҳудудларида қурилади.

Шунингдек расмий маълумотга кўра, ўтган йили ҳам асосан қишлоқ ҳудудларида 45 та мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмий сайтидан олинган маълумотга кўра, ҳозир мамлакат бўйлаб 9800 тага яқин мактаб бор. Жами ўқувчилар сони эса 4¸5 миллиондан ортиқроқ.

Шаҳар мактабларида ўртача 900 - 1200 нафарга яқин, қишлоқ мактабларида эса 500-600 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мактаблари сони етишмаслиги ва бир синфда, ҳатто, 40-41 нафарга қадар ўқувчи таҳсил оладиган мактаблар сони кўплиги айтилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган нормативга биноан бир синфдаги ўқувчи сони кўпи билан 35 нафардан ошмаслиги керак.

Озодлик билан суҳбатлашган аксар ўқитувчилар ва халқ таълими бўлимлари ходимлари сўзларига қараганда, ҳозир катта шаҳар ва вилоят марказларидаги мактабларда бир синфдаги ўқувчи сони ўртача 37-38 нафарни ташкил қилмоқда.

Фарғона водийсидаги Халқ таълим бўлимларидан бирининг исмини ошкор қилмаган расмийларидан бири умумий ўрта таълим мактаблари билан боғлиқ вазиятни шундай изоҳлади.

- Масалан, бизнинг шаҳарда 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2800 ўқувчи ўқийди. Баъзи мактабларда 300 нафар, баъзисида 500. Ҳар хил. Чунки, 7-мактабга талаб кучли ва бир синфда ўқувчилар сони ўртача 34 нафарга тўғри келади. Лекин туманларда шундай қишлоқлар борки, бир синфда ўқувчи сони 22-25 нафар, - дейди Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан бири ходими.

Бу мутасаддининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда мавжуд умумий ўрта таълим мактабларининг етишмаслиги аҳолиси зич бўлган шаҳарларга хосдир.

Бундан ташқари, аҳолиси зичроқ бўлган ҳудудларда алоҳида йўналишлар бўйича, масалан, рус мактаблари, чуқурлаштирилган ёки алоҳида фанларга ихтисослашган мактаблар етишмаслиги боис¸ кўп ҳолларда синфларда ўқувчилар сонининг 40 нафардан ошиб кетиши ҳам кузатилади.

- Шунинг учун, қайсидир жойда мактабга қўшимча блок қуриб бериш керак. Қаердадир янги мактаб қуриш керак. Хуллас, бу борада аҳоли талабини яхши ўрганиш керак, менимча, - дейди Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлимларидан бири ходими.

Аммо, республиканинг аҳоли зич бўлган катта шаҳарларидаги мактаблар жамоалари билан суҳбатлашар эканмиз, мактаб жамоаларининг синфлар сонини ошириш ёки янги бино ҳақидаги сўровлари, одатан, қондирилмай келаётганини кузатиш мумкин.

Жумладан, Чирчиқ шаҳридаги мактаб жамоаси 2012 ўқув йили бошида Озодлик мухбири билан бўлган суҳбатда йиллар давомида бу муаммо қарийб 7 йилдан буён ечимсиз қолаётганини айтган эди.

- Бу йил ҳам мактабимизга 207 нафар ўқувчини қабул қилдик. Бу ўқувчилар 5 синфга бўлиниб, ўқийди. Ҳар бир синфга 40 нафардан тушади ва бу кўп, албатта. Бизнинг ҳамма синфларимизда 40 га яқин ёки сал ошиқ бола ўқийди. Ҳозир белгиланган меъёрга кўра, бир синфдаги ўқувчиларнинг сони 36 нафардан ошмаслиги керак, - деган эди бироз муқаддам чирчиқлик ўқитувчилардан бири.

Бола сони кўп бўлган мактабларда эса шунга кўра бошқа муаммолар ҳам кўп бўлади - дарслик масаласи, синфхоналар, компютер синфлари, ўқув дастгоҳлари, спорт заллари, стадион, ошхона билан боғлиқ муаммолар ва ҳоказо.

Лекин, шу кунларда Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактаблари учун актуал бўлиб қолаётган энг жиддий муаммо мактабларнинг яхши иситилмаслигидир.

Электр ва газ танқислигидан ташқари, Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларининг яхши иситилмаслиги яна бир сабаби аксар мактаб биноларининг жуда эскиргани ҳамда иситиш тизимларининг таъмирталаблигидир.

Аксар мактаблар собиқ совет замонида қурилган ва вақти-вақти билан ўтказиладиган капитал таъмир талабга жавоб бермайди.

Бу ҳақда Озодлик таҳририяти ўзбекистонлик ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналарнинг мурожаатларини муттасил равишда ёритиб келмоқда.

Аммо, Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан бирида ишлаётган ва ўзини таништирмаган мутасадди ходим яна бир жиддий муаммога эътиборни қаратди.

- Бу йил бизнинг вилоятда 9-синфни битирганлар сони 49 минг нафар бўлди. Қабул қилинганлар сони эса атига 39 минг бўлди. 10 йилда ўқувчи сони 10 мингга қисқарди. Шунинг учун, баъзи жойда катта мактаб, ўқувчи оз. Баъзи жойда мактаб кичик, ўқувчи кўп. Хуллас, вазият шунақа, - дейди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлимларидан бирида ишловчи мутасаддилардан бири.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмий сайтидан олинган маълумотга кўра, ҳозир мамлакат бўйлаб ишлаётган 9800га яқин мактабда жами 4¸5 миллиондан ортиқроқ ўқувчи таҳсил олмоқда.

Гарчи бу ўқув йили аввалида аксар шаҳарларга қабул қилинган ўқувчилар сони кўплиги кузатилган бўлса-да, расмий маълумотларга кўра, йилдан-йилган республика миқёсидаги ўқувчилар умумий сони қисқараётгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG