Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:15

Ўшда сайлов: ўзбекларни партияларга жалб қилишмоқда


2010 йилдан бери ҳукумат ишдан ололмаётган Ўш мэри Мелис Мирзақматовнинг амалда қолиши ёки қолмаслиги 4 мартда ўтадиган сайловдан сўнг ҳал бўлади.
2010 йилдан бери ҳукумат ишдан ололмаётган Ўш мэри Мелис Мирзақматовнинг амалда қолиши ёки қолмаслиги 4 мартда ўтадиган сайловдан сўнг ҳал бўлади.

Ўш шаҳар кенгаши сайловида қайси партия кўп овоз олса, ўша партия вакили шаҳарга ҳоким бўлади.

Ўш шаҳар сайлов комиссияси расмийси Саадат Мирзалиева 4 март куни бўлиб ўтувчи Ўш шаҳар кенгаши депутатлиги сайловига тайёргарлик ишлари деярли якунланганини айтди:

- Сайлов участкалари тўлалигича тайёр. Сайловчилар рўйхатини ҳам тўлалигича тайёрлаб бўлдик. Ҳозир сиёсий партиялар томонидан мажлислар ўтказилиб, ўз номзодларини кўрсатиш ишлари кетмоқда. Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш 21 январ куни ниҳоясига етади. 3 февралгача уларни рўйхатга оламиз, 4 февралдан 3 мартгача номзодлар ташвиқот ишларини олиб боришади, - деди Саадат Мирзалиева.

Маълумотларга кўра, Ўш шаҳар кенгаши депутатлиги сайловида 10 ортиқ сиёсий партиялар иштирок этиши кутилмоқда.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Раҳматуллаев ҳозирда партияларга ўзбекларни жалб қилиш ишлари ҳам жадал олиб борилаётганини айтади:

- Ўзингиз биласиз, партиявий сайловда гендер ва миллий баланс бўлиши керак. Шунинг учун партиялар кўзга кўринган ўзбекларни ўз сафларига жалб қилаяпти. “Биз сизга имкон берамиз, сиз бизнинг партиядан депутат бўлинг”, деб олтин тоғларни ваъда қилишиб юрганларини гувоҳиман. Масалан, мени ҳам бир-иккита партияга таклиф қилишди. Мен рози бўлмадим, - деди ҳуқуқ фаоли.

Ўш шаҳар кенгаши депутатлигига сайловлар 2011 йилнинг октябр ойига белгиланган эди. Бироқ айрим сабабларга кўра, сайлов 2012 йилнинг 4 март кунига кўчирилган. Ўш шаҳар кенгашига 45 депутат партиявий рўйхат асосида сайланади.

Қирғизистон қонунчилигига асосан, Ўш шаҳар кенгаши депутатлари сайлови бўлиб ўтганидан сўнг, янги сайланган депутатлар шаҳар янги ҳокимини тайинлашади.

Шу сабабли ўшликлар орасида сайлов сиёсий фитналарга бой бўлиши мумкинлиги айтилади:

- Сиёсий кураш жуда ташвишли кечади. Сабаби шаҳар кенгаши депутатлари кейин шаҳар ҳокимини сайлаши аниқ. Ким кўпроқ овоз олса, ўша партиянинг одами Ўшга раҳбар бўлади. Бу лавозимни олиш учун партияларнинг барчаси қаттиқ кураш олиб боради. Бундан аввал марказий ҳокимият Ўш мэри Мелис Мирзақматовни лавозимидан бўшатишга ҳаракат қилган. Ҳозир ҳам шунга ҳаракат қилиниши мумкин. Айни дамда Мирзақматов ҳам бунга қарши куч тўплайди, - дейди ўшликлардан бири.

Изатилло Раҳматуллаевга кўра, шу сабабли ўшлик ўзбеклар орасида, “Ўшнинг амалдаги раҳбри Мелис Мирзақматов қайта ҳоким бўла олмаса, турли тартибсизликлар келиб чиқмасимикн”, деган қўрқув кайфияти пайдо бўлган.
XS
SM
MD
LG