Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:22

Эримни ўлдирганлар менга таҳдид қилаяпти


Қирғизистонда ўзбек миллатига мансуб Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда айбланаётган 4 милиционерга нисбатан маҳкама давом этмоқда.

Асли Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида истиқомат қилган, бироқ Россия фуқароси бўлган Усмонжон Холмирзаевнинг беваси Зулфия опа сўнгги пайтларда ўзи ва оила аъзоларига нисбатан судланаётган милиция ходимлари ва уларнинг яқинлари томонидан таҳдидлар бўлаётганини, судланувчилар даъводан бош тортиш эвазига пул таклиф қилаётганини айтмоқда.

Озодлик: Зулфия опа, ҳозир вазият қандай, суд жараёни қандай кетаяпти?

- Судя янги тайинланди, прокурор алмашди. Ҳозир бу йилдаги биринчи суд бўлиб ўтди. Гувоҳлар тингланди. Бироқ улар имкони борича бизга қарши ҳаракат қиляпти.

Озодлик: “Улар” деганингиз ким?

- Судланаётган тўрталаси. “Биз уруғ-аймоқлимиз, сенларни йўқ қилиб юборамиз”, дейишаяпти.

Озодлик: Қўрқитишни ҳам бошлашдими?

- Ҳа, бўляпти. 10 маротабадан ошиқроқ бизга пул таклиф қилишди. Биринчисида “500 минг пул, 1та қўй”, деб маҳалла комитети орқали айтган экан. Биз бош тортдик. Кейин яна кўпчиликни ўртага солишди “2 миллион пул, уй берайлик”, деб. Биз қарши бўлганимиздан кейин яна бир одамни юборишибди “оғзига сиққанича сўрасин”, деб. Мен ҳар қанча пулга Ўсмонжон сочининг бир дона толасини алмаштирмайман. Кеча бўлиб ўтган судга келганимизда ҳам “без жертв не обойдется”, деб тахдид қилишган.

Озодлик: Таҳдирларни ким қилаяпти, судланаётганларнинг акасими, опасими, аниқ кимлигини биласизми?

- Телефон орқали бўляпти. Кимлардир орқали “улар шунақа деяпти”, деб айтилаяпти.

Озодлик: Бу тўғрисида бир ерга арз қилдингизми?

- Ҳа айтдим. Жалолободдаги “Справедливост” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига, Бишкекдаги “Қилим шами” ташкилотига ариза ёздим.

Озодлик: Милициягачи?

- Милиционерларнинг ўзи судланувчилар билан ҳамтовоқку.

Озодлик: Судда тахдид бўлаётганини айтдингизми?

- Айтдим. Шунақа, пул таклиф қилишди десам, судланувчилар “Ким шундай қилди?”, дейди. “Сен”, дедим. “Сен тонмагин, қилғилиқни қилиб, айбингни бировга тўнгама, сен одам ўлдиргансан, сен яна тахдид қилдинг, яна ўша харом пулларингни менга таклиф қилаяпсан”, дедим судда. Россия президенти Дмитрий Медведевга мурожаат жўнатдим. Унда “Суд 7 ойдан бери сурилиб келаяпти, имкони борича ёрдам беришингларни сўрайман. Яна таҳдидлар бўлаяпти”, деб барчасини очиқ-ойдин ёздим.

Озодлик: Бу хатни қачон ёздингиз?

- 24 январ куни ёздим. Радиога ёзаётганингизда айтиб қўйинг, мени виждоним сотилмайди. Қўшиб қўйинг, бизда ўлик сотилмайди. Мен уларнинг тахдидларига туфурганман, қўрқмайман, -деди Зулфия опа.

Усмонжон Холмирзаев 2011 йилнинг 7 августида Бозорқўрғон туман ички ишлар бўлимида калтакланган эди. 9 август куни эса у олинган тан жароҳатлари натижасида Бозорқўрғон туман касалхонасида оламдан ўтган.

2011 йилнинг 9 август куни Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туман прокуратураси томонидан Усмонжон Холмирзаев ўлими юзасидан тўрт милиционерга нисбатан жиноят иши очилган.

Холмирзаев ўлими юзасидан маҳкама хавфсизлик нуқтаи назаридан Чуй вилояти Сўқулуқ туман судига кўчирилган. Мазкур ҳолат юзасидан сўнги маҳкама шу йилнинг 26 январ куни бўлиб ўтди.
XS
SM
MD
LG