Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:14

Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти Каримовга хат ёзди


Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти раиси Муҳаррам Мирзоалиева.
Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти раиси Муҳаррам Мирзоалиева.

Мактубда Ўзбекистон президентидан “Ғалаба-Амузанг” темир йўлининг тезроқ тикланишида ёрдам кўрсатиш сўралади.

Хатлон вилоятидаги бугунги ижтимоий аҳвол билан танишиб чиққан республика Ўзбеклар жамияти масъуллари “Амузанг-Ғалаба” темир йўлининг ишдан чиқиши оддий халқ турмушига ҳар томонлама салбий таъсир қилган, деган хулосага келди. 31 январ куни улар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига очиқ хат йўллаб, темир йўлларда мавжуд муаммолар тезроқ бартараф этилишига амалий ёрдам беришни сўради.

- Озиқ-овқат қимматлашган. Мана, баҳор келаяпти, ер ҳайдатиш, халқнинг турмушини кўтариш керак. Лекин ҳозир шу ишлар қийин бўлиб қолди. Шу мақсадда Ўзбекистон президентига мурожаат қилдик. Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, ўзингиз айтганингиздек, биз икки тилда гаплашадиган битта халқмиз. Фуқаролар уруши йиллари сизнинг қилган яхшиликларингиз ва хизматларингизни тожикистонликлар ҳали унутгани йўқ. Ўйлаймизки, бу сафар ҳам сиз бизни қўллаб-қувватлайсиз, - деди Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти раиси Муҳаррам Мирзоалиева.

Ўзбеклар жамиятининг Ўзбекистон президенти номига ёзилган мактуб нусхаси Тожикистондаги бир қатор ахборот воситалари ҳамда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига ҳам тақдим этилган.

2011 йилнинг 17 ноябрида Термиз-Қўрғонтепа йўналишидаги темир йўл участкасида портлаш содир бўлгани ва Ўзбекистон расмийлари буни террорчилик акти сифатида кўраётгани аввал хабар қилинган эди.

Ўшандан буён, Тожикистон темир йўллари ширкати масъулларига кўра, 300 га яқин юк вагони Ўзбекистон ҳудудида тўхтаб қолган.

Бу, ўз навбатида, республика жанубидаги ижтимоий ва иқтисодий вазиятни кескинлаштирган.

Тожикистон ҳукумати “Амузанг-Қўрғонтепа” йўналиши бўйича поездлар қатновини қайта йўлга қўйиш борасида Ўзбекистон томони, МДҲ ва Болтиқбўйи темир йўлчилар кенгаши ва бир қатор халқаро ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Январ ойи бошида журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон темир йўллари ширкат муовини Владимир Собкалов “ўша ташкилотлар ҳам “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг ўтган йил декабр ойи сўнгида бизга юборган телеграммасида билдирилган важни келтирган”, деганди.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати ўтган йил декабр сўнгида тожикистонлик ҳамкасбларига юборган телеграммасида “Ғалаба-Амузанг” темир йўлида содир бўлган воқеа юзасидан тергов-қидирув ишлари ҳамон давом этаётгани сабабли бу ҳудудда таъмирлаш ишлари ҳалича бошланмаганидан хабардор қилганди.

Шу йилнинг 27 январ куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон Ташқи ишлар вазири муовини Шамсиддин Зоҳидов эса бир ҳафта аввал Ўзбекистон томони “Амузанг-Қўрғонтепа” темир йўлида тиклаш ишлари бошлангани хабар қилинганини айтганди.

- Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан бу темир йўлда тиклаш ишлари бошлангани ҳақида хат олдик. Лекин темир йўлнинг қачон фойдаланишга топширилиши бизга қоронғу, - дея билдирганди ўша тадбирда Тожикистон расмийси Зоҳидов.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати маълумотларига таянган ҳолда 30 январ куни Тожикистон томонига расмий хат йўллаган ва бу хат мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларига хабарнома тариқасида тарқатилишини тавсия этган.

“Темир йўлни тиклаш ишлари узоққа чўзилишини назарга олган ҳолда, “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати Тожикистон томонга бир неча марта мурожаат қилиб, тожикистонлик истеъмолчиларига тегишли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида етказиб туриш мақсадида “Амузанг-Хатлон” йўналиши бўйича қатнайдиган юк вагонларини Қудуқли станцияси орқали Душанбе станциясида қабул қилиб олишни сўраган. Бироқ Тожикистон томони номаълум сабаблар билан бу масала ечимини орқага суриб, унинг ўрнига “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг обрўсига путур етказиш мақсадида МДҲ ва Болтиқбўйи темир йўлчилар кенгаши раҳбарлари номига кетма-кет хат ёзган ва “юк вагонлари Ўзбекистон темир йўлларида қасддан тўхтатиб турилгани”дан шикоят қилган”, деб ёзилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 30 январ куни Душанбе шаҳрига юборилган мактубида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мактубида темир йўлларда вужудга келган оғир вазиятдан қатъий назар “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати 28 январ куни Хатлон вилоятига тегишли қарийб 100 та юк вагонини Қудуқли станцияси орқали Душанбе йўналиши бўйича етказиб берганини билдирган.

“Амузанг-Қўрғонтепа” темир йўлининг тикланиши масаласига тўхталган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳозирда ҳаво жуда совиб кетгани туфайли мазкур темир йўлда тиклаш ишларини бошлаш имконсизлигини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG