Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:13

Марғилондаги ёнғинда уч бола ўлди


Ёнғинда Ҳикматилло Маткаримовнинг уч фарзанди нобуд бўлди.
Ёнғинда Ҳикматилло Маткаримовнинг уч фарзанди нобуд бўлди.

Марғилоннинг Шолдирама маҳалласида яшовчи Маткаримовлар хонадонида газ таъминотидаги узилишлар боис келиб чиққан ёнғин натижасида уч бола оламдан ўтди.

Марғилонда бир ой аввал содир бўлган ушбу фожеали воқеани Озодликка 1 феврал куни Шолдирама маҳалласида яшовчи Абдуллоҳ маълум қилди.

Озодлик бахтсиз ҳодиса рўй берган хонадон бошлиғи 35 ёшли Ҳикматилло Маткаримов билан боғланди. Орадан бир ой ўтган бўлсада Ҳикматилло ҳамон ўзига келгани йўқ.

Озодлик билан суҳбатда Ҳикматилло ўша фожеали воқеани оғир дард билан эслади.

- Газдан бўлди, газдан ëниб кетди. Эрта билан туриб, азонга яқин эди, чироқни битта ëқдиму қанақа қилиб эшикдан отилиб чиқиб кетдим ўзим билмайман. Даҳлизда болачалар бор эди. Иккитаси ўша ерда эди. Катта уйда қизим билан рафиқам эди. Қўшнилар чиқиб катта уйнинг деразасини синдириб олдик. Деразадан аëлимни тортиб олдик, қизим йиқилиб тушган экан, кўрмай қолдикда. Даҳлиздан чиқиб кетиб қайтиб киргунча, ўзим ëниб чиқдимда. Кираман деяпману ўтнинг иссиғига кира олмаяпманда,- дея ўкинади суҳбатдош.

Ҳикматилло Маткаримов қўшнилар ёрдамида рафиқасини қутқаришга муваффақ бўлди. Болаларини қутқаришга кирган пайти ўт унинг ўзига ҳам туташиб кетди. Ҳушидан кетган Ҳикматилло тез ёрдам машинасида шифохонага жўнатилди. Воқеанинг бошқа тафсилотларини Ҳикматиллонинг ўзи ҳам кейин эшитди.

Ёнғинда куйган уч фарзанди шифохонага етказилган, бироқ уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаганини айтади Ҳикматилло.

Ёнғин оқибатида Ҳикматилло Маткаримовнинг икки қизи ва бир ўғли - 4 ёшли Рубина, 7 ёшли Муҳаммадали, 11 ёшли Дилдора қурбон бўлди.

Бугунги кунда эр-хотин Маткаримовларнинг ҳам соғлиги жойида эмас. Уларнинг иккаласининг ҳам ёнғин натижасида танасининг 20 фоиз қисми куйиб кетган.

Ҳозирда бировнинг уйида ижарада яшаётган Маткаримовлардан ҳукумат томонидан бирор ёрдам берилдими дея сўрадик.

Ҳикматилло бу каби гаплар ҳозир кўнгилига сиғмаётганини айтди.

- Ҳозир бу ëқнинг ëрдами ҳам кўнглингизга сиғмайдида. Шунинг учун энди билмайман, эсон-омон, ўлмай соғайиб олсак, кейин бир нарса бўлар. Бола-чақангизнинг олдида уй-жой, пул-мул ҳеч нарса кўринмас эканда. Шунинг учун ҳозир бу нарсаларни ўйламаяпмиз. Озгина хаëлимиздан кўтариб олайлик. Еру кўкка ишонмас эдим бу болаларни. Ҳамма биларди менинг болам қанақалигини. Худодан экан, энди. Мактабда ҳам аълочи эди булар. Еру кўкка ишонмай катта қилардим,- дейди Ҳикматилло.

"Марғилонгаз" идораси маъсул ходими, ўзини таништирмаган ҳолда Маткаримовлар хонадонидаги ёнғин газ туфайли келиб чиққанини тасдиқлади. Бироқ воқеада хонадон эгаларини айблади.

- Ёнғинда учта ўлим бўлди. Бу энди хонадон эгаларининг айби билан бўлган. Улар мотор қўйган уйларига, газ сўрдириш учун. Ўша портлаб кетди,- деди "Марғилонгаз" ходими.

Шолдирама маҳалласида яшовчи Абдуллоҳ акага кўра, маҳалладаги барчанинг уйида газ сўрдириш ускуналари ўрнатилган.

- Бизда газ йўқлигидан "Ҳотам газ" деган нарса бор. Бу далнобойшиклар йўлда овқат қилиш учун олиб юрадиган нарса. Бизлар шунақа нарса олиб келганмиз. Пропан газни 10-20 кунда бир марта бориб заправка қилиб келамиз. Шунда овқат қиламиз, чой қайнатамиз. Ҳикматилла ҳам шуни ишлатар эди. Уйи ëнгани етмагандай, уч боласи тиригида ёниб кетди,- дейди Абдуллоҳ ака.

Ўзбекистонда газ муаммоси боис фожеали воқеалар тез-тез кузатилади.

26 январ ўтар кечаси Жиззахнинг Ғаллаорол туманида яшовчи Алимардон Юсупов хонадонидаги ёнғин натижасида икки бола нобуд бўлди.

23 январ куни эса Фарғонанинг Риштон тумани Учариқ қишлоғида яшовчи 44 ёшли Абдураҳмон Мелибоев газ идораси ходимлари билан жанжал натижасида ўз жонига қасд қилди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Андижон шаҳрида газ мосламаси портлаб камида 4 одам, Қувасойнинг Қўчқорчи қишлоғида эса, ис газидан бир оила нобуд бўлган эди.

Марғилоннинг ўзида ҳам 2010 йилнинг охирида Муҳаммаджон исмли 35 ёшли йигит уйида газ портлаши оқибатида хонадон соҳиби куйиб касалхонага ётқизилган эди.
XS
SM
MD
LG