Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Уч эгизак туғилган оила давлатдан ëрдам кутмоқда


Уч эгизак туғилган Суюновлар оиласи.
Уч эгизак туғилган Суюновлар оиласи.

2010 йил охирида шаҳрисабзлик Суюновлар оиласида туғилган Ҳасан, Зуҳра ва Заҳрони боқиш учун ўқитувчи ота бугун Россияга мардикорликка кетишга чоғланмоқда.

Хушхабар: “Уч эгизак кутаяпсиз”


Тошкентнинг Сирғали туманида яшовчи Суюновлар оиласида улғаётган Анварбек икки ёшдан ўтганда Мухлиса яна ҳомиладор бўлди. Оила бошлиғи Ҳамза бу хабардан севинди.

Мухлисанинг ҳомиласи 5 ойлик бўлганда эр-хотин кутилаётган "ўғилми ё қизмикин" деган хаёл билан маҳаллий поликлиникага бориб, УЗИ текширувидан ўтишди. Уларни катта янгилик кутаётган эди.

Ўша кунни орадан қарийб икки йил ўтиб эслаётган Ҳамза Суюнов ҳали ҳам ҳаяжондан энтикади.

- УЗИга борганда доктор рафиқамни текшириб бўлгач, мени чақирди. “Эгизак фарзанд экан” деди. Ман хурсанд бўлдим. У эгизак деб иккитасини айтган экан. “Ҳозир мана кўрсатаман. Ўзингиз кўрасиз” деди ва аппаратда менга кўрсатди. Доктор “Мана биринчиси , мана иккинчиси” деди. Бир пайт “Вой учинчиси ҳам бор экан” деб қолди. Одам ўзини йўқотиб, бошқача бўлиб кетар экан,- дея эслайди ўша кунни Ҳамза Суюнов.

Ҳамза хотинининг ҳомиладорлик пайтида унга алоҳида эътибор қаратди. Ҳомилалар саккиз ойлик бўлганда Мухлиса шифохонага ётди.

Қувонч: Ҳасан, Зуҳра ва Заҳро туғилди


Эгизаклар вақти-соатида туғилди. Эр-хотиннинг қувончи ҳам чексиз бўлди.

- Хурсанд бўлдим. Ўзида йўқ хурсандчилик бу. Онаси ўзи туға олмасди, чунки нозиккина. Докторлар ёрдам қилишди. Улар Мухлисани кесарево қилишди. Менга туғиш пайти Мухлисанинг ёнида бўлишни таклиф қилишди. Лекин қондан қўрқаман. Чиқиб “Худо қўлласин” деб бир четда кутиб турдим,- дейди Ҳамза Суюнов.

Эгизаклар бир ўғил, икки қиз туғилди. Уларга Ҳасан, Зуҳра ва Заҳро деб исм қўйишди.

Ташвиш: Эгизак боқиш


Бир эмас уч бешик олинди. Уч бешикни қўшиб, бир-бирига ип билан боғлаб қўйишди. Ипни тортганда учала бешик бирдан тебраниб, эгизаклар тинчлантирилар эди.

Мухлисанинг сути уч болага етмагани учун, чақалоқларни сунъий озиқлантириш йўлга қўйилди.

- Учта баклашкага “смесь”ни солиб, болаларнинг оғзига тўғрилаб, бешикка осиб қўйдик. Ичиб ётиб ухлаб қолишар эди,- дейди Ҳамза.

Муаммо: Моддий етишмовчилик


32 ёшли Ҳамза оддий ўқитувчи бўлиб ишлайди. Мухлиса эса уй бекаси.

Ҳамза Суюнов асли Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидан. Ҳозирда Тошкентдаги коллежлардан бирида дарс беради.

Бугунги кунда Суюновлар оиласи Сирғалида бир танишининг уйида ижарада яшаяпти.

Ҳамзанинг айтишича, бугун кўпчилик бошдан кечираётган турмуш қийинчиликлари унинг оиласи тирикчилигида, айниқса¸ билинмоқда.

- Болаларга туғилганидан бошлаб “смесь” едирдик. Учаласига бир кунда битта “смесь” кетарди. Кейин памперс олиш керак. Ҳар куни “смесь” ва памперс учун 20 минг сўм кетади,- дейди Суюнов.

Эгизакларда кальций моддаси етишмовчилиги аниқлангач уларни ҳар уч ойда бир марта шифохонада даволатиш эҳтиёжи туғилган.

- Болаларнинг оёқларида, суякларида озгина муаммо борлиги маълум бўлди. Даволатишга анча пул кетаяпти. Бугунга келиб моддий жиҳатдан муаммоларга дуч келиб қолдик,- дея хўрсинади Ҳамза.

Умид: Моддий кўмак излаб


Эгизаклар туғилганда Ҳамзанинг ишхонасидан 271 минг сўм “суюнчи пули” берилди.

​Ҳамзанинг айтишича, шундан кейин на маҳалла, на ишхона, на давлатдан бирор моддий ёрдам берилмаган.

- Ҳалигача болаларнинг пулини ололганимиз йўқ. Тошкентда вақтинчалик прописка билан яшаймиз. Шунинг учун бу ерда бермаймиз, Қашқадарёга бор деди. Қашқадарёга борсак, бизларда пул йўқ дейди. Катта-катта ташкилотларга ёрдам сўраб ёздим. Президентимизга ёздим. Бош вазирга, Олий Мажлис сенатига, Омбудсменга, Тошкент шаҳар хокимиятига ёздим. Бирор натижа бўлгани йўқ,- дейди Ҳамза.



Таниш-билишларидан олган қарзларни тўлаш иложи топилмаганидан Ҳамза, ҳатто оддий халқ орасида "Бой ота" дея танилган Салим Абдувалиев уйига ҳам ёрдам сўраб боришга ботинади.

- Салим бойнинг уйига пешком бордим. Энди шароит йўқлигидан йўл кира учун ҳам пул топилмади. Пешком бордим. Мажбурманда. Охранаси “у йўқ, чет элда” дейишди. Киргизишмади. Кейин қайтиб келдим,- дейди Ҳамза.

Умидсизлик: Энди қайга бош урай???


Бугун Ҳамзанинг жами қарзи 12 миллион сўмдан ошиб қолган.

- Ҳеч бўлмаса, ана шу қарзимдан қутилсам эди. Бошқа нарса керак эмас. 1995 йилда биттасига уч эгизак туққани учун икки хонали квартира беришган эди. Мен уй сўрамаяпман. Ҳеч бўлмаса болаларга нафақа пули бериб туришса бўлди эди,- дейди Ҳамза.

Моддий муаммолар гирдобидан чиқиш йўлини топа олмаган Ҳамза Россияга мардикорликка кетиб пул ишлашни ҳам ният қилди.

- Қора иш бўлса ҳам Россияга кетсамми деб турибман,- дейди умидсизлик билан Ҳамза.

Сўнгсўз: “Оилам мустаҳкамлиги дарз кетай деяпти”


Қаҳрамонимиз Ҳамза Суюновдан суҳбат сўнгида “Мустаҳкам оила” йилида оилангизни мустаҳкам, деб айта оласизми, дея сўрадик:

- Оиламни нима бўлса ҳам мустаҳкамлай оламан деб айта оламан... Лекин бугунги аҳволда мустаҳкамга ўхшамаяпти... Бировнинг уйида турамиз... Уйда деярли ҳар куни жанжал... (чуқур хўрсиниб), ...“қачон қарзингиздан қутиласиз, қачон уй оламиз” каби саволлардан қочиб кетгим келади,- дейди уч эгизакнинг отаси Ҳамза Суюнов.

Озодлик Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигига мурожаат қилиб, уч эгизак туғилган оилаларга бериладиган ижтимоий ёрдам масаласи борасида сўради.

- Аввало буларга суюнчи пули, ишласа, иш жойидан, ишламаëтганларга бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бор ҳар бир районда. Шулар орқали суюнчи пули берилади. Суюнчи пули бир хил. Учта туғса ҳам, иккита туғса ҳам бир хил. Бола сонига қарамайди. Кейин икки ëшгача нафақа. Мурожаат қилсалар даромадларини ҳисоблаб белгиланган мезон бор. 70 мингдан камроқ бўлса даромадлари, онага нафақа тайинланади. Икки йил мобайнида нафақа бериш мумкин. Фақат онага. Бу ҳам бола сонига қараб эмас.

Озодлик: Демак Ўзбекистон қонунчилигида уч эгизак туғилганга алоҳида бирор-бир ижтимоий ëрдам кўзда тутилмаган.

- Алоҳида йўқ. Бемалол нечта туғса туғаверади.(кулиб) Алоҳида йўқ, деди Вазирликнинг айрим сабабларга кўра исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.
XS
SM
MD
LG