Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Ўшда Қорасувнинг янги ҳокимига қарши митинг ўтди


Қорасув туманининг янги ҳокими Тилек Матраимовга қарши митинг 6 ва 7 феврал кунлари туман ҳокимияти биноси олдида ҳам ўтказилган.
Қорасув туманининг янги ҳокими Тилек Матраимовга қарши митинг 6 ва 7 феврал кунлари туман ҳокимияти биноси олдида ҳам ўтказилган.

7 феврал куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида юзга яқин қорасувлик Қорасув туман ҳокими лавозими учун ўтган сайлов натижаларидан норози бўлиб намойишга чиқди.

Митингчиларнинг Қирғизистон ҳукуматига йўллаган мурожаатида Қорасув туманига янги тайинланган ҳоким Тилек Матраимов маҳаллий депутатларнинг тўққиз нафарига босим ўтказгани, пировардида улар овоз бериш жараёнида иштирок этишдан бош тортишга мажбур бўлгани айтилади.

Ўшда намойиш ўтказган қорасувликлар, агар ҳукумат раҳбарлари уларнинг талабларини инобатга олмаса, БМТга мурожаат қилишларини билдиришди.

6 феврал куни Ўш вилоятининг Қорасув туман ҳокимлигига сайлов бўлиб ўтганди.
Туман кенгашининг айрим депутатлари ҳокимликка номзодлардан бири Тилек Матраимов мазкур сайловда ўз фойдасига овоз беришлари учун депутатларни сотиб олмоқчи бўлганини, айрим “қайсарроқ” депутатларга эса таҳдид қилганини иддао қилмоқдалар.

- Ортимиздан одам қўйди. Ишга ҳам, уйга ҳам боришади. Ишда ўтирганимизда: “Эй Тинара, оч эшикни” деб, уят сўзлар билан сўкиниб, эшикни тепиб кириб қўрқитишди. Уйимга ҳам боришаяпти. Шу сабабли 2-3 кундан буён қўрққанимдан уйқу ҳам йўқ. Мен депутатгина эмас, 10 боланинг онаси ҳамман. Шу пайтгача бундай хўрликни кўрмаганман. Бизнинг 3-4 депутат йигитларимизни тепкилашганини кўриб, она сифатида юрагим оғриди, - дер экан Қорасув туман кенгаши депутатларидан бириТинара Артиқова бундай таҳдидлар оқибатида ўндан ортиқ ҳаммаслаги таҳдидлардан қўрқиб, яшаш жойини вақтинча ўзгартирганини қўшимча қилди.

Қорасув туман ҳокими сайлови даставвал шу йилнинг 3 феврал кунига белгиланганди. Туман кенгаши депутатларига кўра, сайлов натижаларини сохталаштиришга бўлган ҳаракатлардан сўнг сайлов 6 феврал кунига қолдирилган.

- Ҳоким сайловида 9 депутат норозилик билдириб қатнашмадик. Негаки, Матраимов бизни сотиб олишга ҳаракат қилди. 24 депутат ўтирган ерда 2 депутатимиз: “Бизга 5 минг доллардан пул берди”, деб айтди. Бундан ташқари, “болангни ишдан бўшаттираман, укангни ишдан олдираман” деб, таҳдид билан кворум йиғишди, - дейди 6 феврал куни Қорасув туман ҳокими сайловида қатнашишдан бош тортган туман кенгашининг яна бир депутати Шукур Арстанбеков.

Қорасув туман кенгаши депутатларининг бундай иддаоларига қарамай, 6 феврал куни туман ҳокими сайлови бўлиб ўтди. Сайлов натижаларига кўра, унда иштирок этган 21 депутатдан 20 нафари Тилек Матраимовни ёқлаб овоз берган.

Айни пайтда Матраимовдан пора олганликда айбланган қорасувлик депутатлар сешанба куни Ўшда матбуот анжумани ўтказишиб, янги ҳокимдан пора олганлик айбловини кескин рад қилдилар.

Қорасув туманига ҳоким этиб янги тайинланган Тилек Матраимов ҳам ўзига нисбатан қўйилаётган айбловларни асоссиз, деб ҳисоблайди:

- Бу сўзларнинг барчаси ёлғон. Исботсиз гапиришаяпти. Мен ҳеч кимга бир сўм ҳам бермаганман. Депутатларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Уларга ҳеч ким аралаша олмайди. Демак, улар менга ишонишди. Бу ишончни оқлаш учун мен ҳам яхши ишлайман. Ишни аввал туман иқтисодини кўтаришдан, халқ орасида барқарорлик ва ишонч ўрнатишдан бошлаймиз, - деди Тилек Матраимов.

Қорасув туман ҳокими лавозимига Тилек Матраимовдан ташқари туман кенгаши раиси Бақит Қаратаев ва ҳоким ўринбосари Қанибек Кимсановлар ҳам даъвогарлик қилган.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятига қарашли Қорасув тумани Ўзбекистоннинг Андижон вилоятига дохил Қорасув тумани билан чегарадош ҳудуд бўлиб ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG