Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:29

Қирғиз-тожик чегарасида зобит отилди


Боткен вилоятининг “Самарқандик” чегара заставаси участкасида заставанинг жанговар тайёргарлик бўйича бошлиқ ўринбосари Қанат Дуйшеналиев ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Маълум бўлишича, 12 феврал куни соат 14 лар чамаси чегара наряди давлат чегараси яқинида ҳужжатларни текшириш мақсадида кўмир юкланган ва Тожикистон томонга кетаётган “Хундай-Портер” машинасини тўхтатган. Қирғиз чегарачилари тахминича, машинадаги юк контрабанда моли бўлган.

Чегарачиларнинг ҳужжат кўрсатиш талабига жавобан автомашинада ўтирган қирғизистонлик йўловчи, Боткен туманининг Самарқандик қишлоғида яшайдиган Қалбаев чегара нарядини ҳақорат қила бошлаган. Бу пайтда “Хундай-Портер” ҳайдовчиси ўз машинасини йўлнинг ўртасида тўхтатиб олиб, ортдан келаётган машиналарни ўтказмай қўйган. Жанжал бўлаётган жойда одамлар йиғилиб, чегарачиларга қараб хезлана бошлаган.

Вазият таранглашганидан хабар топган “Самарқандик” чегара заставасининг бошлиғи воқеа жойига келган ва йиғилган оломонни тинчлантиришга урина бошлаган. Шу пайт бир гуруҳ шахслар чегара наряди зобитини ўраб олганлар, Қалбаев эса ёнида турган сержантнинг қўлидаги Калашников автоматини куч қўллаган ҳолда тортиб олиб, аввал осмонга, кейин эса чегарачиларга қараб отган. Натижада лейтенант Қанат Дуйшеналиев тан жароҳати олган ва бироз вақт ўтгач, у касалхонада жон берган.

Қалбаев ва автомашина ҳайдовчиси бўлган тожикистонлик фуқаро қўлга олинган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам тожик миллатига мансублиги айтилмоқда. Боткенда юз берган бу нохуш ҳодиса юзасидан жиноий иш очилиб, тергов олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG