Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Хазинада пул камёб, сессияни учга ёп


Аввалги дастуримиздан бери ўтган соатлар ичида "Эркин микрофон"га қўнғироқлар тинмади. Кимдир ўз атрофидаги воқеалардан бошқаларни хабардор қилмоқчи бўлса, яна кимдир Озодликда кўтарилган мавзуга муносабат билдириш ниятида "Эркин микрофон" рақамларини терган.

“Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгилик”

Фарғоналик Расулжон ака Озодлик орқали жамоатчиликка еткизмоқчи бўлган янгилигини “кўз кўриб, қулоқ эшитмаган”, дея атади.

Мен совет замонида олий муҳандислик институтини қизил диплом билан тугатганман, у пайтларда домлалар биздан имтиҳонларни бешга топширишни талаб қилса, аъло ўқиш рағбатлантирилса, бугун мустақил Ўзбекистонда бунинг тескариси бўлмоқда. Давлат бюджетидан стипендия олувчилар сонини қисқартириш, айниқса яхши ўқувчилар учун бериладиган имтиëзли стипендиялар сонини кесиш учун бугун домлалар талабаларга "зачëткангни уч билан ëпасан", деган талаб қўймоқда, дейди Расулжон ака.

- Кўз кўриб қулоқ эшитмаган янгилик олий ўқув юртларида. Менинг фарзандим Тошкент алоқа технология университетининг Фарғона филиалида ўқийди. Қишки семестрлар бошланаяпти. Биласизми қанақа нима қилинган? Фақат тўрттагина 4, биттагина 5 олиши керак экан. Қолган студентлар учга ëпиши керак экан.

Озодлик: Ким айтибди бунақа буйруқни?

- Университет ўқитувчилари айтгандирда. Сабаби учга ëпганлар стипендияни 60 минг сўмга кам олар экан. 103 минг учга ëпса экан, 163 минг тўртга ëпса экан. Биз ҳам ўқиганмиз. Институтда “бешга топширишга ҳаракат қиласан” деб деканларимиз бизга талаб қўйган эди. Бу ерда ҳозир тескариси бўлаяпти экан. Сизларнинг радио орқали шу университетнинг ўқитувчилари, профессорлари эшитса, сал пластинкасини ўзгартирармикан...

Озодлик: Расулжон ака, тўғри тушунган бўлсам, домлалар студентларга очиқчасига “мен 5 қўймайман..."

- Очиқ.

Озодлик: "Учтадан ортиқ тўрт қўймайман" деяптими?

- Тўртта 4, битта 5. Қолганига хоҳлайдими-хоҳламайдими, яхши ўқийдими-ўқимайдими - 3 қўйиш керак экан.

Озодлик: Тўртта 4, битта 5 ни битта болага қўяр эканми?

- Битта бола 5 га, тўртта бола 4 га, қолгани 3 га.

Озодлик: Демак, битта бола 5 билан, тўртта бола 4 билан, қолганлар 3 билан ëпади.

- Ëпиши керак, мажбурий.

Озодлик: Бу фақат шу институт доирасида бўлаяпти эканми?

- Билмадим. Менинг фарзандим фақат шу университетда ўқийди. Шуни биламан холос, дейди Расулжон ака.

Бу ахборотни ўрганиб, кейинги дастурларда бор тафсилотлари билан сизга еткизишга ҳаракат қиламиз.


“Пули йўққа эътибор ҳам йўқ”


14 феврал куни Озодликка сим қоққанлардан бири оҳангаронлик Доно Алимқулова бўлди. Ўзбекистон касалхоналарида даволаниш расман бепул бўлса-да, муолажанинг бошдан охирига қадар пуллик экани ҳеч кимга сир эмас. Аммо қатор касалликлар борки, уларга ажратилган давлат маблағининг талон-тарож қилинаëтгани жамият аҳлоқининг қай даражада эканидан дарак бериши мумкин.

- Мен Олмалиқ шаҳридан. Ëшим 27 да. Мен болницада ëтибман, касал бўлганман. Болницада қаровсиз бўлиб қолганман. Қурбим етмайди дори-дармонига. Шуларни сўрамоқчи эдим. Болница “Ҳамма нарсани текин қиламиз, даволаймиз” деган эди.

Озодлик: Касалванд сизмисиз?

- Мен ҳозир болницада ëтибман. 2006 йилдан бери мана шу касал биланман.

Озодлик: Нима касал бу?

- Ўпкам шамоллаган, пульмонологияда ётибман.

Озодлик: Сил касалми бу?

- Сил касали нимаси дейишаяпти.

Озодлик: Ҳозир сил диспансерида ëтибсизми?

- Ҳа, мана неча йилдан бери туберкулёз болницада ëтаман. Ҳалигача дори-дармон йўқ. Пули борлар даволаниб чиқиб кетишади.

Озодлик: 6 йилдан бери ҳар йили неча марта ëтасиз болницада?

- Менга тўлиқ ëтиб чиқиб кетгин, дейишган. 6-8 ойлаб. Менинг шароитим кўтармагани учун чиқиб кетаверганман.

Озодлик: Нимага шароитингиз кўтармайди?

- Дори-дармонимга пулим йўқ.

Озодлик: Силни даволаш учун дориларни давлатнинг ўзи бермайдими?

- Шунақа дейишаяптию, лекин пахта, шприц, спиртини ҳам ўзимиз сотиб олиб, ўзимизга ўзимиз нима қилаяпмиз.

Озодлик: Сизни ëтқизади. Дори-дармоннинг ҳаммасини ўзинг олиб кел деяптими?

- Шунақа қилиб қўйишган. Ҳамма дори-дармонни ўзим сотиб оламан. Битта биз эмас бу ерда нечта касал бор.

Озодлик: “Нимага мен ўзим олишим керак?” деган саволингизга докторлар жавоб бермайдими?

- Шунақа дедик. “Бўлади, бўлади” дейди. Ҳалигача бўлаëтгани йўқ. Вазирликка чиқамиз, деганимизда ҳам “Вазирликка чиққанингиз билан фойдаси йўқ” дейди.

Озодлик: Ҳозир болницада ëтибсиз экан. Бирорта муолажа бўлмаяптими? Бирорта дори-дармон бермаяптими?

- Йўқ. Буларнинг бирорта муолажаси ҳали бўлмади менга. Ўзим сотиб олганман. Менинг ҳеч кимим йўқ. Уйдан чиқиб кетганимга 10 йил бўлади. Уйимдагилар ҳам касаллигимни нима қилиб туриб, мендан юз ўгиришган. Онам иккинчи онамда. Ўзимнинг опам ўзимдан юз ўгирган.

Озодлик: Қаерда орттирдингиз бу дардни?

- Кўчада ишлаб юриб, мана шунақа касални орттирдим.

Озодлик: Нима иш қилардингиз?

- Савдо қилардим. Бозорларда савдо қилиб юриб бўлди-да.

Озодлик: Ҳозир ëтган диспансерингизда овқат берадими?

- Тўғриси, овқатларини ҳам еб бўлмайди. Ишонмасанглар, мана ўзларинг келиб кўриб кетасизлар. Комиссия келди дейдию комиссияни кўрсатмайди ҳам. Кўрмайди ҳам бу ерда нима бўлаяпти. Пули борлар даволаниб, қанчаси чиқиб кетаяпти. Пули йўқлар ўлиб кетаяпти. Уларни ҳам кўрдик. Кимга боришимни билмай қолдим уже.

Озодлик: Ҳозир қайси касалхонада ëтибсиз?

- Нуробод, янги кўчган болница Нуробод. Оҳангарон болницасидан ўтгандан кейин.

Озодлик: Қайси районга қарашли?

- Оҳангарон районига қарашли, дейди оҳангаронлик Донохон Алимқулова.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG