Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Қирғиз таксичиси ўлимига миллий тус берилмоқда


Ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов Ўшда йиғилган норозиларга ўлдириб кетилган қирғиз миллатига мансуб такси ҳайдовчиси қотиллари ўзбеклар эмаслигини тушунтирмоқда.
Ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов Ўшда йиғилган норозиларга ўлдириб кетилган қирғиз миллатига мансуб такси ҳайдовчиси қотиллари ўзбеклар эмаслигини тушунтирмоқда.

Ўш шаҳар марказий майдонига йиғилган 200 киши қирғиз миллатига мансуб такси ҳайдовчиси Эрнис Машраповнинг ўлимига ўзбеклар алоқадорлигини иддао қилишди.

17 феврал куни Ўш шаҳар марказий майдонига йиғилган икки юзга яқин норозилар ўлдириб кетилган такси ҳайдовчиси Эрнис Машраповнинг ўлими миллий характерга эга эканини, негаки ўлган одам қирғиз, айбланувчи томон эса ўзбек миллатига мансублигини иддао қилишди.

- У 5 феврал куни кундузги соат 10да кетган. Кечки соат 10да мен телефонда гаплашганман “ Ҳозир келаман, ака” деган. Шундан кейин бедарак йўқолди. Уни ўзбеклар ўлдирган. Аввалига ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинганларнинг иккиси ҳам тожик деб айтишди, ҳозир эса бири тожик, бири қирғиз миллатига мансуб дейишаяпти. Қирғиз эмас, ушланганларнинг иккаласи ҳам ўзбеклар, - деди марҳумнинг акаси Мээримбек Тўрўбеков.

Ўш вилояти Олой туманида истиқомат қилувчи Эрнис Машраповни номаълум шахслар ўлдириб, Аравон туманидаги Жанубий Фарғона каналига ташлаб юборишган. Машраповнинг жасади орадан 4 кун ўтиб топилган.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовга кўра, ҳозирда Машрапов ўлимига алоқадорликда гумонланган икки шахс қўлга олинган. Бироқ Замир Сидиқов қўлга олинганларнинг қайси миллатга мансублигини маълум қилмади:

- Тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда биз жиноятчининг миллатини ошкор қилолмаймиз. 2010 йилги воқеалардан кейин эса умуман айтмайдиган бўлганмиз. Жиноятчи миллатига қарамайди. Ҳар бир миллатнинг яхши одамлари кўп, бироқ афсуски уларнинг орасида ёмон одамлар ҳам бор. Беш қўл баравар эмас, - деди Замир Сидиқов.

Бишкекдаги “Акипресс” агентлигининг Ўш бўлими тарқатган хабарга кўра, Машрапов ўлими юзасидан қўлга олинганлардан бири қирғиз миллатига мансуб М. Уриновдир. У 2005 йилда одам ўлдирганликда айбланиб, 19 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қўлга олинганларнинг яна бири тожик миллатига мансуб С. Бабаевдир.

Айтиш жоизки, 17 феврал кунги норозилик намойиши иштирокчилари сўнгги пайтларда Ўшда такси ҳайдовчиларини ўлдириб кетиш ҳоллари кўп бўлаётганини, бу воқеаларда асосан қирғизлар жабр кўраётганини айтишди:

- Бир ойда 4-5 ўлим бўлди. Барча ўлганлар таксистлик қилаётган қирғиз йигитларидир. Нега фақат қирғиз йигитлари ўлади? Нега ўзбекларнинг бурни ҳам қонамайди? Биз, агарда шундай давом этаверса, июн воқеаси қайта бошланади деяпмиз. Бу ерда атайин тузилган ташкилот ишлаяпти. Бу Ботировнинг қилаётган ишидир. Нега бўлмаса ўзбек таксистлар ўлмайди-ю, фақат қирғизлар ўлади, - деди норозилик намойишидан иштирокчиларидан бири Ўсўрбай Туқуев

Норозилик намойиши иштирокчилари билан учрашган Қирғизистон Ички ишлар вазинининг ўринбосари Курсан Асанов, 2010 йилда содир бўлган Ўш воқеаларидан сўнг одамлар ҳар бир жиноятга миллий тус берадиган бўлиб қолишган, деган фикрда:

- Аввал ҳам одам ўлдириш ҳоллари бўлган, безорилик қилинган, икки миллат вакиллари билярд ўйнаганда талашиб кетган ёки таксистлар ўзаро йўл талашган ҳоллар бўлган. Бироқ июн воқеасидан кейин одамлар бундай ҳолларга бошқача кўз билан қараб, унга миллий тус берилмоқда,- деди Курсан Асанов.

Маълум бўлишича, Машрапов яқинлари 17 феврал куни Ўшга иш сафари билан борган президент Атамбаев ўтиши мўлжалланган йўлини тўсишган. Бироқ куч тизими ходимлари йўлни очишган. Шундан кейин норозиларни Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов, Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбари Суюн Умурзаков ва ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов қабул қилган.

Замир Сидиқов 18 феврал куни Озодлик билан суҳбатида, Ўш шаҳрида вазият барқарорлигини, одамларнинг ташвишланишига асос йўқлигини маълум қилди.

- Икки миллат вакиллари ўртасида минглаб яхши ишлар қилинмоқда. Бозорларда аралашиб юришибди, биз ўзбеклар ёпган сомсани еяпмиз, улар қирғизларнинг тўйларига келишаяпти. Шу ишларнинг орасида бўлган бир митинг икки миллат муносабатига салбий таъсир этолмайди. Бунга эътибор бермаслик лозим. Икки миллат вакиллари ўртасида содир этилган жиноятлар бундан аввал ҳам бўлиб келган, жиноятчиликнинг чегараси ҳам. миллати ҳам йўқ, - деди Замир Сидиқов.
XS
SM
MD
LG