Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси 20 га кирди


Вазирлар Маҳкамаси қошидаги қўмита 1992 йилда президент Ислом Каримов фармони остида ташкил қилинган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошида ташкил қилинган ва расман давлат органи ҳисобланган Дин ишлари бўйича қўмита тузилганига 7 март куни 20 йил тўлди.

Бу қўмита собиқ иттифоқ даврида фаолият юритган Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши қошидаги Дин ишлари бўйича кенгаш ўрнида ташкил қилинган.

Собиқ СССР қулаганиданидан сўнг кенгаш тақдири маълум муддат мавҳум қолган эди. Аммо, 1991 йилнинг кузида Наманганда рўй берган воқеалардан кўп ўтмай, яъни 1992 йилнинг 7 мартида Ислом Каримов собиқ Дин ишлари бўйича кенгашни қайта ташкиллаштириш ва унинг ишини тиклашга киришди.

Собиқ Совет даврида бу институт СССР ҳудудидаги республикаларда мавжуд диний жамоалар ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш ва айни пайтда улар устидан назорат юритиш билан шуғулланган.

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раиси вазифасини бажараётган Ортиқбек Юсупов Россиядаги "Мадина" нашриёт уйига бир неча йил муқаддам берган интервюсиида қўмитаси фаолиятини собиқ кенгаш вазифасидан фарқ қилишини таъкидлаган эди.

"Иттифоқ республикалари Вазирлар кенгаши қошидаги Дин ишлари бўйича кенгаш диний ташкилотлар устидан назоратни юритган бўлса, Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига бошқа вазифа, бу ташкилотларга дин ва давлатнинг ўзаро алоқаларини уйғунлаштиришда ёрдам бериш вазифаси юклатилган", дея иқтибос келтиради ушбу нашр қўмита раҳбари Ортиқбек Юсуповдан.

6 март куни қўмита қошида 20 йиллик сана муносабати билан бўлиб ўтган йиғилишда иштирок этган Ўзбекистондаги католик черкови раҳбари, епископ Ежи Мацулевич қўмита раисининг фикрини маъқуллади.

- Энг асосийси, бу қўмита бизнинг маҳаллий диний жамоалар билан мулоқотимизни мувофиқлаштиришда ёрдам беради. Турли тадбирларга таклиф қилади. Масалан, Наврўз, Рамазон ва Қурбон байрамларига борамиз ва мусулмонларни табриклаймиз ва ҳоказо. Конкрет ёрдамларга келсак, Дин ишлари бўйича қўмита бизга руҳонийларимизни таклиф қилишдаги виза масалаларида ёрдам беради,- дея қўмита ишидан рози бўлиб сўзлади епископ Ежи Мацулевич.

Ўзбекистон ҳудудида 130 дан ортиқ миллат истиқомат қилади ва улар 16 хилдаги турли диний конфессияларга эътиқод қилади.

Мусулмонлардан ташқари 15 та диний конфессия вакилларига қарашли бўлган 181 та диний ташкилот ҳам мамлакатда рўйхатга олинган.

Булар орасида епископ Ежи Мацулевич раҳбарлик қиладиган католик черковига қарашли бўлган жамоалар сони республика бўйича 5 та ва бу жамоа қавмида 2 ярим мингга яқин диндор бор.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайтида келтирилишича, аҳолининг 93 фоизини мусулмонлар ташкил қиладиган Ўзбекистонда шу кунларда 2 минг 38 та масжид рўйхатдан ўтиб ишламоқда.

Бундан ташқари, 10 та мадраса, Тошкент Ислом институти ва Тошкент Ислом университети ҳам бор.

Дунё давлатларидаги диний ташкилотлар ва диндорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кузатиб келадиган Форум-18 ташкилоти муҳаррири Феликс Корли бир неча йиллардан буён Ўзбекистонда диний эркинликларга оид вазиятни кузатиб боради.

У фаолиятига 20 йил тўлган Диний қўмита ҳақида гап бошлар экан масалани бошқача қўйди - мамлакатда мавжуд 16 турдаги диний жамоалар ишини мувофиқлаштириши айтилаётган бундай ташкилотнинг Ўзбекистон учун кераги борми-йўқми?

Феликс Корли назарида кераги йўқ ва у ўз фикрини мамлакатда қабул қилинган "Диний эркинликлар тўғрисида"ги қонун билан изоҳлади.

- Ўзбекистондаги диний эркинликлар бўйича қонун энг репрессив қонунлардан бири ва очиқ айтганда, бу қўмита ўша қонуннинг амалиётини таъминлаб беради. Жумладан, Ўзбекистонда бирор диний ташкилотнинг рйўхатга олиш ёки олмаслик бу қўмита ихтиёрида. Айни кезда рўйхатга олиниши рад этилган диний жамоалар мусулмонлар, насронийлар, Иегова гувоҳлари ва бошқа жамоалар бор, - дейди Феликс Корли.

Форум 18 ташкилоти бундай жамоалар ҳақида йиллар давомида ўз ҳисоботларини тарқатиб келмоқда.

Феликс Корли фаолиятига тўсиқ қўйилган диний жамоаларга тегишли диний адабиётларнинг кескин равишда цензура қилинишини ҳам тилга олиб ўтди.

- Ўзбекистонга кириб келаётган ёки чоп этиладиган ҳар қандай диний адабиёт шу қўмитанинг рухсатини олиш керак ва одатан, қўмита рад жавобини беради. Розилик берилсада, бундай диний адабиётлар сонини чеклашга ҳаракат қилади. Муҳими, бу қўмитанинг СНБ, собиқ КГБ билан, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳам изчил ҳамкорлик қилиши кузатилади, - дейди Форум 18 ташкилоти вакили.

Феликс Корли бу фикрига далил ўлароқ Ўзбекистонда диндорлар устидан ўтадиган аксарият маҳкамаларда Дин ишлари бўйича қўмитанинг эксперт гуруҳлари хулосалари келтирилиши ва улар асосида, кўп ҳолларда, бегуноҳ инсонларнинг жазога тортилиши кузатилишини тилга олди.

Бу ташкилот йиллар давомида Ўзбекистондаги турли диний жамоалар ортидан Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва суд, прокуратура органлари амалга оширадиган таъқиб ва тазйиқ жараёнларида қўмитанинг бевосита ёки билвосита иштироки борлиги ҳақидаги хабарларни ҳам эълон қилиб келган.

Феликс Корлига кўра, бунга оид конкрет ҳолатлар бўйича қўмитага қилинган расмий мурожаатлар, одатан, жавобсиз қолдирилади.

Озодлик радиоси ҳам йиллар давомида Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти номига такрор ва такрор мурожаат қилади, мактуб йўллаб келади. Аммо, буларнинг бирортасига расман жавоб берилмаган.

Бироқ, Россиядаги "Мадина" нашриёт уйи расмий сайтига қўйилган интервюда қўмита раислигини бажараётган Ортиқбеки Юсупов халқаро кузатувчи Феликс Корли ўртага ташлаган савол: "Бундай қўмита Ўзбекистонга керами?" мазмунидаги саволга билвосита жавоб бўлиши мумкин бўлган хулосаси берилган.

"Дунёвийлик принципи дейилганда, жамиятнинг диний ҳаёти давлатни мутлақо ташвишга солиши керак эмас, деган гап тушунилмаслиги керак. Эътиқодни турли ҳужумлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, жамиятни маънавий бойитиш ва соғломлаштиришда диннинг хизматини ошириш учун дин давлат ёрдамига муҳтож бўлади. Ҳар ҳолда бугун шундай тузилмага эҳтиёж бор", дея иқтибос келтирилади Ўзбекистон Дин ишлари қўмита раиси вазифасини бажараётган Ортиқбек Юсуповдан Россиядаги "Мадина" нашриёт уйи расмий сайтида.

Бир неча йил давомида Тошкентдаги масжидлардан бирида имомлик қилган ва ҳозир муҳожиратда яшаётган имом Аҳмаджон Валиев қўмита ишидан хабардор ва унинг фикрича, мамлакатдаги раҳбар уламолар томонидан "ўзбекистонлик мусулмонларнинг эътиқодига ҳужум" ибораси остида назарда тутилаётган хавф аслида йўқ.

- Бу қўмита аслида керакми, деган саволга ўзбекистонлик зиёли мусулмонлар ичида дин ишлари бўйича президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган бир нуфузли одамнинг жавобини айтайми сизга: "Диний назорат, динни назорат қилиш учун керакда", деганлар.

Бу диндорларни назорат қилиш учун керак. Яъни, уларни динларидан тўсиб туриш учун, бир меъëрда ушлаб туриш, уларни назорат қилиб туриш учун диний нзорат ҳам, мана сизга диний қўмита ҳам керак. Ҳукумат учун бу тузилма. Аслида мусулмонларни назорат қилиш керак эмас. Уларни назорат қилиб турган, алҳамдулиллоҳ, Раббимниз бор.

Лекин ислом ҳақида, мусулмонлар ҳақида уларни фундаменталист, ваҳҳобий, экстремист ëки террорист, деб қоралаб туриш ëки бўлмаса шундай гуруҳларни пайдо қилиш — бу Ўзбекистон ҳукуматининг манфаати. Инсонлар орасидан шундай гуруҳларнинг етишиб чиқишига Ўзбекистон ҳукумати омил бўлган.

Яъни, зулм остида пайдо қилган бунақа гуруҳларни. Бундай хавфни пайдо қилган бўлса, йўқ қилиш ҳам, унинг олдини олиш ҳам ҳукуматнинг қўлида ва жуда ҳам осон улар учун. Лекин буни ҳукумат хоҳламайди, - деб ҳисоблайди бир неча йил муқаддам Тошкент шаҳридаги масжидлардан бирида имомлик қилган Аҳмаджон Валиев.
XS
SM
MD
LG