Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Камбағалларга бепул радио тарқатилади


Собиқ совет замонида аксарият хонадонларда бўлган уч каналли радиоприёмник янги кўринишда мустақил Ўзбекистонда яшаётган хонадонларга қайтмоқда.
Собиқ совет замонида аксарият хонадонларда бўлган уч каналли радиоприёмник янги кўринишда мустақил Ўзбекистонда яшаётган хонадонларга қайтмоқда.

Ўзбекистондаги 300 минг оилага тарқатиладиган бу радиоприëмниклар орқали фақат "Машъал", "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" каналларинигина эшитиш мумкин бўлади.

Республика бўйлаб жами 300 минг кам таъминланган оилага уч каналли радиоприёмник тарқатиш лойиҳаси Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Агентлик ходимларидан олинган маълумотларга кўра, лойиҳа эндигина ишлаб чиқилган ва ҳозир тарқатиладиган радиоприёмникларни танлаш бўйича тендер эълон қилинган.

- Радиоприёмниклар уч каналли бўлади. "Ўзбекистон", "Машъал" ва "Ёшлар" канали эшитилади. Ҳозир шу лойиҳа бўйича тендер эълон қилганмиз. Тендердан кейин бошқа деталлар маълум бўлади, деди Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ўзини таништирмаган расмийси.

Ўзбекистонлик кам таъминланган оилаларга нега энди радиоприёмник ва бунинг устига уч каналли радиопиёмник беришга қарор қилингани ҳақида саволимизга агентлик расмийлари жавоб бермади. Бу саволлар билан ушбу лойиҳага бош-қош бўлган Ўзбекистонда Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва Ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига мурожаат қилишни тавсия этдилар.

Бу жамғарма расмийлари ҳам бу саволимизга жавоб бермади.

Ушбу лойиҳага бош қўшган "Маҳалла" хайрия жамғармаси мутасаддилари ҳам кам таъминланган 300 минг оилага айнан радиоприёмник эҳсон қилиш қарори сабабларини изоҳлашдан бош тортди.

- Бу масала билан тўлиқ агентлик шуғулланаяпти. Биз энди кам таъминланган оилаларни аниқлаб берамиз, холос, деди "Маҳалла" хайрия жамғармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Нега айнан "Ўзбекистон", "Машъал" ва "Ёшлар" радиоканаллари танлангани ҳақидаги саволларимизга ҳам биз боғланган бошқа мутасаддилар аниқ жавоб бермади.

Расмий хабарларда лойиҳадан мақсад умумий тарзда "мамлакатда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан аҳоли кенг қатлами хабардорлигини таъминлаш", деб келтирилган.

Бу лойиҳани советча ташвиқот усулларининг қайта жонланиши дея баҳолаëтган мустақил кузатувчилар¸ бундан мақсад иқтисодий-ижтимоий аҳволи йил сайин оғирлашиб бораëтган аҳолининг камбағал қатламлари зеҳниятига Ўзбекистондаги расмий ривожланишдан "фахр ҳиссини" қуйиш эканини тахмин қилмоқдалар.

Бу уч радиоканалдан иккиси — "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" радиоканаллари ҳукумат назорати остидаги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси қошида фаолият юритади.

300 минг оилани давлат радиоси дастурларидан кечаю кундуз баҳраманд қилиш ташаббуси билан чиққан ташкилот мутасаддиларидан олинган маълумотларга кўра, бепул тарқатиш кўзланган уч каналли радиоприёмниклар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди.

Жами 2 миллион 700 минг АҚШ долларига тушадиган бу лойиҳанинг амалиёти қачон бошланиши эса ана шу радиопиёмникларни танлаш ва тарқатишга ҳозирлаш жараёни якунига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Мутасаддилар бу жараённинг бир неча ойга сурилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:27 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG