Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:18

Қирғизистон Бош вазирининг яширин учрашувлари ошкор бўлди


Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов ҳеч ким билан яширин тарзда учрашмаганини билдирмоқда.
Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов ҳеч ким билан яширин тарзда учрашмаганини билдирмоқда.

Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабановнинг Қозоғистон президентининг махсус вакили, олигарх Булет Утемуратов билан Бишкекда яширинча учрашгани қирғиз жамиятида норозилик пайдо қилди.

Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов қисқа муддат ичида бир эмас, икки марта яширин тарзда учрашув ўтказгани ҳақидаги маълумотни парламентда депутат Қамчибек Ташиев ошкор қилди.

- Яқинда Бишкек аэропортига Москвадан учоқ келгани, Бош вазир аэропортга бориб, учоқ ичида гаплашиб, кейин уларни қайта учириб юборгани ҳақида маълумот олинган эди. Куни-кеча эса Бош вазир Қозоғистон президенти маслаҳатчиси Булат Утемуратов билан яширинча учрашди. Нега Бош вазир улар билан яширн тарзда учрашди? Қирғизистон расмийлари билан учрашгани келган ҳар бир делегация сўзсиз рўйхатга олиниши ва бу борада жамоатчиликка эълон қилиниши шарт, -деди Қамчибек Ташиев.

Депутатнинг бу баёнотидан сўнг парламент депутатлар комиссияси ва махсус хизматлар Бош вазир делегациялар билан нега яширинча учрашганини ўрганиши зарур деган нуқтаи назарда турибдилар.

Ҳукумат расмийларига кўра, Бош вазир ҳақиқатан ҳам Қозоғистон президентининг вакили билан учрашган. Бироқ Қирғизистон ҳукумати матбот хизмати Бош вазирнинг барча учрашувлари ҳам жамоатчиликка ошкор қилинавермаслигини билдирмоқда. Ҳукумат матбуот котиби Султан Каназаровга кўра, бу оддий жараёндир.

Бироқ қирғиз жамиятида Бош вазир ва президентнинг ҳар бир учрашуви жамоатчиликка эълон қилиниши керак, ҳукумат раҳбарлари яширинча учрашувларни ўтказишга ҳақсиз деган фикр устиворлик қилмоқда.

- Бош вазир давлат сирини билган шахс ҳисобланади. Бу одамнинг ҳар бир учрашуви давлат томонидан назорат қилиниши лозим. Жамоатчиликнинг раҳбарлар устидан назорати сусаяр экан, давлат сирлари яширин учрашувлар чоғида бошқа бир давлатнинг қўлига ўтиб кетмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди, -дейди бишкеклик кузатувчи Турат Акимов.

Таҳлилчи Эмил Жўраев эса ҳукумат раҳбарларининг бошқа давлат ваикллари билан яширин урчашувлари мамлакатдаги сиёсий вазиятга салбий таъсир кўрсатишини айтади.

- Ҳукумат қозоқ расмийси билан учрашув яширин тарзда бўлмаганини иддао қилмоқда. Агар шундай бўлса, нега бу маълумот деярли бир ой мобайнида жамоатчиликдан сир тутилди? Масалан, президент Бакиев ҳукумронлиги пайтида матбуот Қирғизистонга Березовский яширин тарзда келиб, ҳукумат вакиллари билан учрашувлар ўтказгани ҳақида бонг урган эди. Айни мана шу ҳолатдан кейин мухолифат одамларни митингларга олиб чиққан, -деди Эмил Жўраев.

Қирғизистонда бундан аввал ҳам оммавий ахборот воситалари ҳукумат раҳбарларининг сирли сафарлари ва яширин учрашувлари ҳақидаги маълумотларни тарқатган эди. Масалан, ўтган йили парламентнинг собиқ раиси Ахматбек Келдибеков Араб Амирликлари, Туркияга сирли тарзда бориб келгани, уни Бишкекдан олиб кетиш учун Россиядан махсус самолет учиб келгани, парламент раиси жиноят олами лидери Қамчи Кўлбоев билан яширин учрашгани ҳақида ёзган.

Матбуотнинг бу чиқишларидан сўнг қирғиз жамиятида норозилик кучайиб, парламентда Ахматбек Келидбековга ишончсизлик билдириш масаласи кўтарилган. Шундан сўнг Ахматбек Келдибеков ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.
XS
SM
MD
LG