Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:15

Новқатда етти одам "ҳизб"дан чиқди


Ўш вилояти Новқат тумани масжидида новқатлик етти диндор мамлакатда тақиқланган Ҳизб-ут-Таҳрир партияси қаторидан чиққанини маълум қилди.

Ҳизб-ут-таҳрир партияси қаторидан чиққанини эълон қилган новқатлик етти диндор бу қадамга ўз ихтиёри билан бораётганини, Ҳизб-ут-Таҳрир партияси ғоялари ананавий исломга тўғри келмаслигини ва буни эндигина тушуниб етганларини айтишди:

- Мен Ҳизб-ут-Таҳрир ташкилотига адашиб кирган эканман, ҳозир ташкилотдан чиқдим. Бошқа шунга ўхшаган ҳар-хил экстремистик гуруҳларга киришдан Оллоҳниннг ўзи сақласин. Ислом динида пайғамбаримиз Алайҳиссаломдан ҳадис бор: “Мен сизларга икки нарсани қолдириб кетябман. Оллоҳнинг китоби ва менинг суннатим”, деган. Қуръон ва суннатга асосланмаган ҳар қандай ҳаракат, ҳар қандай гуруҳлар, партияларнинг иши тўғри эмас,- деди ўзининг Ҳизб-ут-Таҳрир партияси қаторидан чиққанини маълум қилганлардан бири Адахамжон Исаков.

Новқатлик етти диндор ўз қарорларини туман марказий масжидида жума намозидан сўнг милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва диндорлар назоратида эълон қилишди.

Воқеани кузатиб турган Миллий хавфсизлик хизмати ходими эса диндорлар иқроридан қониқмаганини айтиб, улардан “Мен Ҳизб-ут-Таҳрирдан чиқдим”, деб лўнда гапиришни талаб қилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур воқеага алоқадор бўлмаган Ҳизб-ут-Таҳрир вакилларидан бирининг Озодлик муҳбирига тушунтиришича, Ҳизб-ут-Таҳрир партиясининг ички қоидаларига асосан “Мен Ҳизб-ут-Таҳрирдан чиқдим”, деган сўзни айтган партия аъзоси ўша заҳотиёқ ташкилот аъзолигидан чиққан ҳисобланади. Агарда ўша инсон Ҳизб-ут-Таҳрирга қайта қўшилмоқчи бўлса, унга нисбатан моддий бўлмаган жазолар қўлланилади ва унинг масаласи маълум вақт мобайнида кўриб чиқилади.

Айни пайтда “Ҳизбутчи” дея аталаётганларнинг айримлари ташкилотнинг аъзоси бўлмаганликларини, уларга тухмат қилинганини айтишди:

- Бир пайтлар одамлар менга нисбатан қуруқ тухматларни айтишган. Сабаби ҳайит байрамлари бўлганда биз байрамга қатнашганмиз. Шундан сўнг “Ҳизбутчи”, деган сўзлар айтилган. Аслида менинг Ҳизб-ут-Таҳрирга алоқам йўқ. Тўғри ўз пайтида китобларини ўқиганмиз, бу ҳақиқат. Лекин ўз вақтида ҳуқуқ тартибот органларига “мана бундай китоб келди, кўринглар”, деб олиб келиб ҳам берганмиз, - деди Қора Тейит қишлоғи масжиди имоми Манас Исаков.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўш вилоятининг Новқат туманида Ҳизб-ут-Таҳрир партиясининг юздан ортиқ аъзоси бор. Туман расмийлари “етти диндорнинг ташкилот сафидан чиққани қолганлар учун ҳам ўрнак бўлади”, деган фикрдалар:

- Биз масжид ва мадрасаларда тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Ўзимизнинг Имоми Азам мазҳаби тўғрисида маълумотлар берилса одамлар бошқа йўлларга кирмайди. Бу воқеа ҳам жуда яхши бўлди, одамлар ўз хохши билан келиб адашганини ўзлари айтишди. Оллоҳ уйида ваъда беришди. Шундай давом этса Қирғизистонда тинчлик бўлади,- деди Новқат тумани имом хатиби Маматқосим хожи Турдибоев.

Новқат тумани Ички ишлар бошқармаси 10 -бўлими ходими Жанибек Исаев эса туманда турли диний оқимларга нисбатан кураш тадбирлари мунтазам равишда олиб борилишини маълум қилди:

- Ҳизб-ут-Таҳрирнинг фаолиятини назорат қиламиз. Негаки булар асосан ғоявий йўналишда иш олиб боришади. Яқинда биз рейд ўтказдик. Натижада икки одамнинг уйидан турли адабиётлар ва дисклар топилди. Улар жиноий жавобгарликка тортилади. Мен Ҳизб-ут-Таҳрир вакиллари умуман йўқ демайман, улар яширин тарзда иш олиб боришади, - деди Жанибек Исаев.
XS
SM
MD
LG