Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Мавлавий Ҳиндистоний


Бу галги қаҳрамонимиз ўзбек мусулмонлари орасида Домла Ҳиндистоний номи билан танилган яна бир йирик қомусий олим Мавлавий Ҳиндистонийдир.


Илм йўлида яланг оёқ

Халқ орасида Домла Ҳиндистоний номи билан танилган ислом олими шайх Муҳаммаджон мулла Рустам ўғли (Муҳаммаджон Рустамов) 1892 йилда Қўқон шаҳри яқинидаги кичиккина Чорбоғ қишлоғида туғилган.

Домла Ҳиндистоний ўз таржимаи ҳолида ота-онаси томонидан ёшлигидан илмга қаттиқ даъват қилингани ва “Чин-мочинда бўлса ҳам, илм ол!” деган ақида асосида улғайгани ҳақида сўзлаб берган.

У киши таржимаи ҳолини ёзмаган, аммо у ўзининг саргузаштларга бой ва оғир азоблар ичида ўтган ҳаёти ҳақида кўп сўзлаб берган.

Бу ҳикоялар ўз вақтида магнит тасмасига туширилган ва қайсидир қисми қоғозга кўчиб, интернет нашрларига жойланган.

Жумладан, ўзбек интернет нашрларидан бирида домла ҳикояларидан биридан шундай бир парча берилган:

“Ёшлигимдан илмга ҳирс эдим. Рамазондан илгари бир ой такрор Қуръон такрор қилмоқ учун Шоҳимардонға борар эдим. Ул вақтларда араба билан одамлар зиёратга борар эрдилар. Менда кирага пул йўқ, ночор пиёда борар эдим. Бир мартаба кавшимни ечиб, халтага солиб ялангоёқ юрдим. Шунинг учунки, кавшим йиртилиб қолса, бозордан янги олиш қийин, пул йўқ, камбағалчилик...”, дея хотирлаган Домла Ҳиндистоний.

Ҳиндистоний 14 ёшида Қуръонни ёд олганидан сўнг аввалига Қўқон шаҳри, кейин эса Бухоро мадрасаларида таълим олган.

Бухоро мадрасаларида илм тўхтаган ёзги таътил вақтларида Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида ҳам бўлиб қайтган.

Бу киши жуда иқтидорли қори бўлгани ва Қуръонни тўлиқ ёд олгани учун ўша даврда Бухоро, Мозори-Шариф, Тошкент шаҳарларида танилган илм аҳлларининг кўпига шогирд тушган.

Ўз хотираларида Домла Ҳиндистоний ана шу алломаларнинг ҳузурига бориш, улардан илм олиш учун пойи-пиёда, оч-наҳор қатнагани, йўлларда қабристонларда тунаб қолганини кўп хотирлаган.

Ҳиндистонийнинг ёшлик хотиралари ўзбек мусулмонлари орасида ўз вақтида жуда катта қизиқиш билан ўқилган саргузаштлар тўпламига ҳам айланган.


Ҳиндистон сафари

Шу тариқа 18 ёшларга етган хотираси кучли, иқтидорли ўспиринни “эти сизга, суяги бизга” қабилида ота-онасидан олиб қолган устозлари ўша даврда ислом илмининг “Чин-мочини”, деб тан олинган Ҳиндистонга юборадилар.

Бу қарор устозлар қарори бўлгани боис Ҳиндистоний сафари чоғида ўз отаси билан тасодифан учрашиб қолганини ҳам эслайди.

Ўша кезда уларнинг кўришмаганига 15 йилдан ошган эди. Тақдир тақозоси билан иккиси бирга Хаж зиёратини адо этгани ва ортга қайтаётганда, Ҳиндистонийнинг отаси оламдан ўтади.

Ўшанда Ҳиндистоний юртга қайтиш фикридан воз кечиб, яна таҳсилни давом эттириш учун Ҳиндистонга қайтганини хотирлайди.

Аммо, вафоти олидидан отаси унга она юртга қайтишни васият қилган ва Ҳиндистонда катта обрў ҳамда давлат қозониш имкони нақд бўлгани ҳолида домла бир йилдан сўнг Қўқонга қайтишга қарор қилган.

Ёшгина Муҳаммаджон қори бўлиб, Ҳиндистонга борган йигит у юртдан Мавлавий Ҳиндистоний номи, чуқур илм ва эҳтиром билан қайтади.

Ўз вақтида Ҳиндистонийнинг кўплаб суҳбатларида бўлган, у билан бирга Фарғона водийсида сафарларда бўлган қирғизистонлик уламо, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолов Ҳиндистонда 10 йилдан ортиқ таҳсил олган Ҳиндистонийга “қомусий олим”, деб таъриф берди.

Содиқ қори Камолов Мавлавий Ҳиндистоний билан 1977-78 йиллар оралиғида, Ҳиндистоний 85 ёшга кирган бир пайтда учрашганини хотирлайди.

- Домла ёшлик пайтларида, 20-йиллар атрофида Ҳиндистон, Покистонлар диний таълимда биринчи ўринда турар эди. Саудия Арабистони 70-йиллардан кейин тараққиëт юксалиб, илмни тарбия қилиш у томонга кўчган. Кейин бизларнинг Фарғона водийси учун, Ўрта Осиë учун Ҳиндистон яқинроқ бўлган, борди-келдилар кўпроқ бўлган.

Қуръонни ëдлаб, ҳофизи Қуръон бўлиб забардаст қори бўлгандан кейин 17-18 ëшлар атрофида Ҳиндистонга ўқишга борган. У ëқлардан 30 ëшларига яқинлашган вақтларида қайтганлар. Жуда кўп илмни ўша ерда ўқиганлар. Ҳатто ҳинд болаларига урду тилида ҳам дарс берган. Шунинг учун бу кишини Ҳиндистоний домла, дейишган. Урду, форс, араб тилларида мукаммал гаплашиб, мукаммал таржималар қилганлар, дейди Содиқ қори Камолов.


Қўқонга қайтгач...

Қадим туркий, арабий, форсий, урду тилларини мукаммал ўрганган ва домла Ҳиндистоний номини олган ёшгина уламо Қўқонга келгач, дарҳол ёшларга билим бериш йўлларини қидиради.

Зеро, Ҳиндистонда ҳам сўнгги йиллар давомида айнан мударрислик билан шуғулланган эди.

Фарғона водийси азалдан аҳли илмлар юрти бўлган. Аммо, қироат илми, Қуръон илми, фиқҳ ва шунингдек, шаръий иқтисод илмини мукаммал эгаллаган ёш, илмли кишилар худди ҳозиргидек у замонларда ҳам камнамо бўлган экан.

Мавлавий Ҳиндистоний шу боис қисқа муддат ичида эл оғзига тушади ва унга болаларини сабоқ учун топширишни истаганлар сони қисқа муддатда ортиб кетади.

Аммо, бу вақтга келиб, у туғилиб ўсган Қўқонда янги сиёсий муҳит пайдо бўлиб улгурган эди.

У пайтлар янги ташкил топган собиқ совет иттифоқи тизими мустаҳкамланаётган ва Марказқўм ҳаракати билан Марказий Осиё минтақасидаги мусулмонлар назоратга олинаётган 1930 йиллар эди.

Тарихий манбаларга кўра, ўша кезларда Ҳиндистоний собиқ НКВД томонидан уч бора ҳибсга олинади ва умумий ҳисобда 8 йилдан ортиқ умрини Россиянинг совуқ ўлкаларида сургунда ўтказади.

1943 йилда эса Ҳиндистоний армияга чақирилади ва шу тариқа, Иккинчи жаҳон уруши фронтига бориб қолади. 1944 йилларда у Минск шаҳри яқинида оғир жароҳат олиб, ортга қайтарилгани айтилади.

Урушдан қайтгунича, туғилиб ўсган юрти Қўқон яна ўзгариб улгурган эди.


Тожикистон сари...

1943 йилда Сталин раҳбарлигидаги Москва Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонларини бошқарувчи диний идорани ташкил қилган эди.

Домла Ҳиндистоний у кезларда 50 ёшни қоралаб қолган эди. Тарихий манбаларда у кишининг иш сўраб Тошкентга, ўша кезларда идоранинг раиси бўлган муфтий Эшон Бобохоннинг ҳузурига боргани айтилади.

Эшон Бобохон ўз даври учун улкан, қомусий ислом олими бўлган Мавлавий Ҳиндистонийни негадир Тожикистонга жўнатади.

Муфтий топишириғи билан Ҳиндистоний ўша даврда Сталинобод, деб номланган Душанбе шаҳридаги кўҳна "Мавлоно Чархий " масжидига мутавалли этиб тайинади.

Кейинчалик эса Ҳиндистоний "Хожа Яъқуб " масжидига имом-хатиб бўлади ва умрининг охирига қадар шу масжидда имомлик қилади.

Бундан ташқари, аксар тарихий манбаларда унинг кўп йиллар давомида Тожикистон Фанлар академияси қошидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида ишлагани, араб ва форс тилидаги кўплаб китобларни ўзбек, тожик тилларига ўгиргани айтилади.


Эл аро...

Шуниси қизиқки, бундан аввалги саҳифаларимизда ҳикоя қилганимиз собиқ совет давридаги таниқли алломалар – Эшон Бобохон, Зиёвуддин Бобохон, Соғунийлардан фарқли равишда Мавлавий Ҳиндистоний оддий халқ орасида кўпроқ танилган.

Хусусан, 30-40 ёшлар оралиғида бўлган зиёли ёшлар орасида ҳам бу олимни танийдиганлар кўпчилик.

“Ўзбек имомлари” саҳифасида бу кишини хотирлашимизни сўраган тингловчиларимиздан бири ҳам ҳозир муҳожиратда юрган, ёши 30 лардан ошган водийлик диндор йигит бўлди.

Озодлик билан ўзаро суҳбатда бу йигит: “Ёшлигимизда домла Ҳиндистоний ҳақида устозларимиздан кўп эшитганмиз, у кишининг маърузаларини кўп тинглаганмиз”, деди.

Яъни аҳли илмларнинг сўзларига қараганда, домла Ҳиндистоний халқ орасида кўп юрган ва қаергаки борса, ўша ерда ислом илмидан сабоқ беришга уринган ва айни пайтда маҳаллий илмли кишиларни бунга даъват қилган.

Содиқ қори Камолов бу даврларни шундай хотирлайди.

- Ëшлигимизда илмга қизиқиб, илм ўқиб юрган вақтларимизда катта олим сифатида бу кишини эшитиб, ҳавас қилиб юриб кўришганимиз. У киши бизни илмга қизиққанимизни кўриб, шундан кейин бир-биримизни истайдиган бўлиб, у киши келсалар бизни чақиртирадиган, биз ҳам у кишининг келишига баъзи бир маросимлар, тўйлар, шунақанги тадбирларни тўғирлардик. Келганларида бир-икки ой Фарғона водийсида юрардилар.

Кундузи у ëқ-бу ëқларга бирга бориб, кечаси бизнинг ҳовлимизда бўлиб, илм доирасидаги араб тилига оид баъзи бир ечилмаган масалаларни тўплаб қўяр эдик. Ечими топилмаëтган муаммоларни грамматика соҳасида бўлсин, фиқҳ соҳасида бўлсин, у кишининг келишларига тўплаб турар эдик ва кейин шунинг ҳаммасининг жавиобини олар эдик.

Озодлик: У кишининг халқ орасида танилиши асосий сабаби маърузалари билан бўлган шекилли-а?

- У киши серқирра олим бўлган. Масалан, баъзи бировлар ҳадис илмига мутахассис бўлади, баъзи бировлар тафсир илмига, бировлар ислом қонуншунослиги, деймиз фиқҳ илмига. Бу кишида ҳамма томондан бор эди.

У киши Совет иттифоқининг коммунистик идеологияси, катта ҳукумат машинаси динга қарши ишлаб турган даврда халққа ҳақиқий ислом динининг моҳиятини тушунтириб, илмга, динга одамларни тарғиб қилиб ўтган. Шунинг учун уларнинг хизматларини биз ниҳоятда юқори баҳолаймиз, дейди Содиқ қори Камолов.


Ҳужра

Мавлавий Ҳиндистонийнинг Марказий Осиё мусулмонлари орасида қадрланган хизматларидан бири динга кескин тақиқ ўрнатилган даврларда хужрачиликни йўлга қўйиб, диний таълимни сақлаб қолганидир.

Ҳиндистоний ва у киши билан деярли тенгдош бўлган водийлик яна бир улуғ олим Абдуҳаким қори ота ислом илмини ўрганишни истаган ёшлар учун аҳоли уйларида яширин ҳужраларни ташкил қилгани хотирланади.

Хотираларда Мавлавийнинг тўқсон ёшдан ошган кезда ҳам собиқ совет даври тақиқлаганига, кекса бўлса-да бу кишини тақиқ қилганига қарамай диний илмдан сабоқ беришни тўхтатмагани айтилади.


Ваҳҳобийлар

Умрининг охирги йиллари, 1980 йилларга келиб эса у Марказий Осиёда бузғунчи оқимлар кузатила бошлагани ҳақида сўзлай бошлаган ва уларга қарши курашишга бел боғлаган.

Унинг бу хизмати, нафақат, Марказий Осиëда балки кейинчалик Россияда ҳам эътироф этилгани ҳақида тарихий фактлар бор.

Шундай манбалардан бирида Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти Санкт-Петербург филиали директори, тарих фанлари доктори Ефим Резван Мавлавий Ҳиндистоний фаолиятига: "Умрининг сўнгги йилларида Ҳиндистоний ўлкага бузғунчи оқимлар ғоялари кириб кела бошлаганидан қаттиқ ташвишга тушган эди", деб баҳо бергани қайд этилган.

Айни кезда Ҳиндистонийнинг Youtube порталига жойлаштирилган кўплаб маърузаларидан бирида у киши бузғунчи оқимлар сифатида “ваҳҳобийлик” оқимини тилга олган.

Ўз даврида Фарғона водийсидаги энг кекса ва энг катта олим сифатида тан олингани боис Ҳиндистонийнинг ёнига мусулмонлар ўртасида туғилган ихтилофларни бартараф қилишда ёрдам сўраб, Марғилон, Андижон, Намангандаги диний жамоаларнинг етакчилари келгани ҳақида у кишининг ўзи сўзлаб берган аудиоёзувлар шу кунларда YouTube порталига жойлаштирилган.

Ўшалардан биридан Мавлавий Ҳиндистоний марғилонлик таниқли уламо Абдулҳаким қори ота, андижонлик таниқли уламо, бундан 16 йил муқаддам Тошкент аэропортида ғойиб бўлган Абдували қори Мирзаевнинг номини ҳам тилга олган ва уларга "ваҳҳобийлик оқимига кириб қолган" мазмунида таъриф берган.

- Мана баъзи бирлар сунний, баъзи бирлар ваҳҳобийга ажралиб қолди. Буни кўпчилик фаҳмлаш керак. Ана ҳаммамиз жамланиб туриб, ўша Жамолдин келсин шу ерга. Анави Абдувалини ҳам чақириб келинг. У ҳам келсин. Ана ундан кейин бир-биримиз билан савол-жавоб қиламиз. Ҳақ бизнинг тарафда бўлса, ҳаммангиз бўйин эгинг шунга. Қўл қўйинг мана бу дафтарга. Ана шундагина сулҳ бўлади, дейди ўз шогирдлари даврасида Мавлавий Ҳиндистоний.

Аудиоёзувда Мавлавий Ҳиндистоний бу гапларни марғилонлик уламо Абдулҳаким Восиевга айтганини хотирлаган.




Фитна

85 йилларга келиб ўзбекистонлик диндорлар ҳанафийлар ва ваҳҳобийлар, дейилган икки оқимга бўлинган, деган қараш шаклланди ва диний жамоалар орасида фитна-низолар кузатилган эди.

Ўша даврда Мавлавий Ҳиндистонийнинг ёнида бўлган ва у кишининг хотиралари магнит тасмасига тушишига гувоҳ бўлган Содиқ қори Камолов у даврга шундай баҳо беради.

- У киши: “Бу мусулмонлар озгина ўқиган илмидан ҳосил бўлган фикрни ҳозир бизга қарши йўналтиришаяпти, одобсизлик қилаяпти булар”, деб бироз ҳафа бўлган ва буларнинг орқасида ваҳҳобийлик бор, буларда шунақа таъсирлар бор, уларнинг фикрларини ўнглаш керак, деган оҳангда гапирган эди у гапларни.

Озодлик: Ўзи ростдан бормиди ўша пайтда шунақа бўлинишлар?

- Аслида йўқ. Ўша 1985 йиллардан шунақа сўзлар энди чиқа бошлаган эди. Фарғона водийсида "ваҳҳобийлик" деган гап пайдо бўлган 90-йиллар атрофида ўз маҳалласи, шаҳрида анчагина бой-бадавлат ўтган, одамларга гапини ўтказиб юрган одамлар диндорларнинг ичига кириб қолишган. Маҳалла фаоллари ёки давлат хизматида ишлаб юрган одамлар эди. Мен номма-ном санаб беришим мумкин Андижонда ким, Марғилонда ким, Қўқонда ким, Ўшда ким шундай одамлар.

Ана шулар ишни жуда хунук томонга буриб, ҳатто, диндорларни ҳукуматга ҳам ëмон кўрсатиб, аслида йўқ бўлган "ваҳҳобий" деган оқимни ярликка айлантириб қўйишган эди. Иккита мулла бир-бири билан уришиб қолса, бир-бирини ваҳҳобий деб сўкарди, ваҳҳобийликда айбларди. Лекин “Ваҳҳобийлик нима?” деб сўрасангиз, айтиб бериша олмасди. Ўзи асли ваҳҳобийлик, деган бир ҳаракат, партия, мазҳаб, бунақа фикр йўқ исломда.

Лекин, ҳукумат идеология соҳасида ишлаëтган одамлар уч ҳарфлик ташкилотларга ҳар хил гапларни етказиб, туҳмат қилиб, ёзиб бериб, мана шунақа бир-бирини айблашлар кучайиб кетган ўша даврларда. 90-йиллар ўрталарига келиб бу нарса, бу фитналар ниҳоятда авж олган эди, дея хотирлайди Содиқ қори Камолов.

Бу кишининг фикрига кўра, ўз даврида собиқ совет ҳукумати, кейинчалик эса Ўзбекистон МХХ халқ орасида танилган Мавлавий Ҳиндистоний каби етук уламолар хизматидан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринган ва аммо, Ҳиндистоний бу босимларга ён бермаган.




Имомлик

Мавлавий Ҳиндистоний 1989 йилда Тожикистонда вафот этган ва Душанбедаги Мавлоно Яъқуб Чархий қабристонига дафн этилган.

У кишининг сўнгги кунларига қадар ёнида бўлган тожикистонлик уламо, Тожикистон Дин ишлари қўмитасида узоқ йиллар ишлаган Худойберди Эгамбердиев Тожикистонда домла Ҳиндистоний жуда яхши танилгани, ҳатто, ёшлар орасида ҳам у кишининг мероси таниқли эканини айтади.

- Тожикистоннинг 80 фоиз уламолари шу одамнинг шогирди бўлган. Бу киши тафсир ҳам ўқитаверган, ҳадис ўқитган, адабиëт ўқитган. Бу одам "Жоме ул-улум" бўлганда. Тожикистоннинг академиясида ҳам ишлаган бир вақтлар. Бу одамга етадиган одам Тожикситонда на ҳукумат одамларининг ичида бор, на уламоларнинг ичида. Бу киши ягона киши бўлган.

Озодлик: У кишини бугунги ёшлар танийдими?

- Ëшлар жуда ҳам танийди. У кишининг шогирдларининг кўплари 30-40 ёшларда. 20 йилнинг бу ëғида туғилган одамлар у кишини эшитишади, аммо кўрмаган. Кўрмаган бўлса ҳам ҳозирги ўқиб юрган, диний маълумот олаëтган одамлар у кишини жуда ҳурмат билан тилга олади.

Озодлик: Бу кишининг бола-чақалари, оилалари қолган бўлса керак?

- Бу кишининг аслида битта ўғлию битта қизи бўлган. Ўғиллари у киши ҳаëтлик вақтида машинадан йиқилиб кетиб вафот қилган. Қизи ҳаёт.

Озодлик: Рафиқасичи?

- Аëллари ўзларининг ҳаëтлик вақтларида вафот қилган. Аммо, у кишининг Абдулҳай Мавлавий, Бурҳониддин, деган шогирдлари бўлган. Бу иккитаси жуда ката хизмат қилган у кишига.

Озодлик: Умрининг охирига борганда ëлғиз бўлган эканда у киши-а?

- Ҳа. Ўзларининг ўғиллари ёнида бўлмаган Ундан кейин қизларидан бўлган набиралар бўлган бир қанча. Улар у кишига жуда яхши хизмат қилган.

Озодлик: Ўзи асли қўқонлик бўлган экан бу домла. Ҳеч Қўқонга кетай, деб ҳам гапирармиди?

- Шунақа. Ўзи қўқонлик бўлган бу киши. Қўқонни кўп хотирлар эдилар.

Озодлик: Ҳиндистоний домланинг йўлини давом эттирган неваралари борми?

- У кишининг илмини давом эттирган қизининг бир фарзанди бор. Лекин ўзларига ўхшаган эмас. Унақа катта даражадаги олим эмас, дейди Мавлавий Ҳиндистонийнинг сўнгги йилларига қадар бирга бўлган ва у кишининг диний-илмий мероси ҳамда аҳли-оиласидан яхши хабардор бўлган тожикистонлик уламо, Тожикистон Дин ишлари қўмитасида узоқ йиллар ишлаган Худойберди Эгамбердиев.


Мерос

Мавлавий Ҳиндистоний бир неча муҳим асарлар муаллифидир. Булардан энг салмоқлиси Қуръони карим маъноларининг олти жилдли таржимаси – "Баёнул Фурқон фи таржиматил Қуръан" китобидир.

Ҳиндистоний, шунингдек, Имом Бухорийнинг "Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ", Бурҳониддин Марғинонийнинг "Ҳидоя", Имоми Аъзамнинг "Фиқҳул Акбар ", Жомийнинг "Шарҳи Мулло ", "Усули Шоший", "Нурул анвор", "Мухтасари маъоний" каби асарларини арабчадан ўзбек ва форс тилларига ўгиргани айтилади.

Бу улкан мероснинг аксар қисми Тожикистонда, айримлари Ўзбекистонда нашр этилган.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:15 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG