Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:56

“Ўзбекнаво” лицензиясиз санъаткорларни жазоламоқда


Ўзбекистонда концертлари тақиқланган санъаткорлардан бири Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевдир.
Ўзбекистонда концертлари тақиқланган санъаткорлардан бири Ўзбекистон Халқ артисти Шерали Жўраевдир.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ғайриқонуний фаолият юритган қўшиқчи, бошловчи, мусиқачи ва раққосаларни огоҳлантирди. Санъат соҳасида ишлайдиган бу шахслардан тўланмаган солиқ мажбурий тарзда ундирилди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Интернет сайтида ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 2012-2013 йилларга мўлжалланган қўшма рейдлар ўтказиш дастурига асосан айни кунларда ресторанлар, кафелар ва бошқа кўнгилочар муассасаларда кечки рейдлар ўтказилмоқда.

Бу рейдлар натижасида лицензиясиз фаолият олиб бораётган 228 нафар санъаткор – хонанда, бошловчи, раққоса ва созандалар расмий огоҳлантирилган, уларнинг 73 нафарига мажбурий равишда лицензия расмийлаштирилиб, давлат божи ундирилган, 19 нафар санъаткорнинг ҳужжатлари чора кўриш учун солиқ идораларига юборилган ва 14 нафар санъаткор ҳужжатлари судга тақдим этилган.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бундай чораларнинг миллий эстрада санъатини такомиллаштириш ва уни турли зарарли оқимлардан ҳимоя қилиш учун қўлланаётганини таъкидлайди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Рустам Маражабовнинг Озодликка айтишича, лицензия олиш учун хонанда вилоятда рўйхатдан ўтганидан сўнг, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидаги бадиий кенгашда “имтиҳон” топширади. Агар кенгаш уни маъқул деб топса¸ ўн куни ичида тўловларни амалга ошириб лицензияга эга бўлади:

- Хонандалар оладиган лицензиялар рейтинг даражасига қараб тўрт турга бўлинади. Таниқли санъаткорлар лицензияси 1-1, 1-2, 1-3, 1-4 рейтингга қараб белгиланади. Масалан, Озодбек Назарбековнинг рейтинги 1-1 ва у бир йиллик лицензияга 9 миллион 438 минг сўм тўлайди. 1-4 рейтингга эга бўлган санъаткорлар эса¸ 1 миллион 887 минг сўм тўлайди. Шунингдек тўйлар ва юбилейлар лицензиялари 2-1, 2-2, 2-3, 2-4 рейтинг билан белгиланади. Бу рейтингдаги энг катта нарх 6 миллион 292 минг сўм, дейди Рустам Маражабов.

Рустам Маражабовга кўра, санъаткорлар лицензияларни 3,6,9 ой муддатга ҳам олишлари мумкин.

Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги яшаётган, исми ошкор қилинишини истамаган санъаткорлардан бирининг айтишича, лицензиялар нархи анча баланд ва маҳаллий санъаткорларнинг аксарияти ҳозир лицензиясиз фаолият олиб боришга мажбур:

- Энди, лицензия олиш учун тўйлар кўп бўлиши керак. Ҳозир ёзда тўйлар камайиб қолди. Чунки ҳамма ишлагани Россия томонларга кетиб қолмоқда. Кузакка бориб, тўйлар бошланади.Чунки ҳамма қайтади. Биздан ҳозирча лицензия сўрашгани йўқ, унга ишимиз ҳам тушгани йўқ, дейди бу хонанда.

Ўзбекистонлик бир қатор таниқли санъаткорлар “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ишидан қониқмаётганини айтадилар. Таниқли кулгу устаси Обид Асомов Озодлик билан суҳбатлардан бирида бу ҳақда шундай деган эди:

- Биласизми, бизда раҳбар жойларга номуносиб одамлар келиб қолган. Масалан¸ “Ўзбекнаво”ни вазифаси санъаткорларни санъат даражасини баҳолаб, уларга рухсатнома, яъни лицензия бериш. Мен энг катта лицензияга пул тўлайман. Лекин бир йилдан бери пул тўлайман, булар мени саҳнага чиқаришмайди. Нима эмиш, Обидни концерти мумкин эмас, нима учун мумкин эмас деган саволга ҳеч ким жавоб бермайди. Чунки, “Ўзбекнаво”га ўн йил давомида қурувчи раҳбарлик қилган. Санъатни қурувчи бошқаряпти. Бу абсурд, бу нонсенс. Тушуниб бўлмайди. Радиода ҳам телевидениеда ҳам шунақа, уларни ҳазилни тушунмайди, фақат косани тагидан нимкоса қидириб юришади, деган эди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов.

Ўзбекистонда Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Абдулазиз Каримов, Феруза Жуманиёзова сингари таниқли санъаткорларнинг ҳам катта санъат саройларида концерт бериши тақиқланган ва телевидение эшиклари улар учун ёпиқ.

Озодлик “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига қўнғироқ қилиб нега таниқли санъаткорларга бундай тақиқ қўйилган сабабини сўради.

Бироқ ўзини бирлашманинг матубот хизмати раҳбари деб таништирган Одилжон Абдуқаҳҳоров саволларга жавоб олиш учун расман мурожаат қилишимиз лозимлигини билдириш билан чекланди¸ холос.
XS
SM
MD
LG