Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:30

Андижонда исломий китоблар дўкони очилди


Андижондаги китоб дўкони пештахталарига жумладан шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ китоблари қўйилди.
Андижондаги китоб дўкони пештахталарига жумладан шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ китоблари қўйилди.

Янги китоб дўкони очилишида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф иштирок этди. Шайх ҳазратлари собиқ иттифоқ даврида бундай китоб дўконларининг очилиши хаёлга ҳам келмаслигини таъкидлар экан, айни замонда кутубхоналар исломий китоблар билан тўлиб бораётгани учун шукр қилди.

Андижон шаҳрида янги китоб дўкони очилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳммад Юсуф ташаббуси ва сармояси билан очилган янги китоб дўконида исломий адабиётлар сотилади.

Дўконнинг очилиш маросимида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шахсан ўзи иштирок этди. Youtube.сом сайтига қўйилган видеолавҳада шайх ҳазратлари ўзбек мусулмонларининг исломий адабиётларга эҳтиёжи бугунги кунда янги адабиётлар билан қондириб борилаётганини алоҳида таъкидлайди:

- Авваллари бунақа нарса хаёлимизга ҳам келмас эди ва келтирмасдик ҳам. Чунки ҳамма нарса тақиқланган эди. Яқинларда вафот этган сўфиларимиз, машойихларимиз, уламоларимизнинг айтишларича битта Қуръони каримни битта отга алмашилмаган вақтлари ҳам бўлган. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир бу нарсалар жуда сероб бўлди, яхши бўлди. Айниқса ўзимизнинг она тилимизда бўлиши катта бахт саодат,- деди шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.



Шайх ҳазратлари, шунингдек баъзи бир шахслар диний китоблар нархини ҳаддан ташқари ошириб сотаётганидан таассуф билдирди.

- Китобларни иложи борича арзон, ўз таннархидан кўп ўтмасдан, чайқовчилик қилмасдан халққа етказиб бериш керак. Албатта Тошкент билан нархда фарқ бўлади, йўлкира, бинолар ижараси, ишлаётганлар маоши, буларнинг ҳисоби бор. Лекин бу ерда асосий мақсад бойлик топиш бўлмаслиги керак. Асосий иш маърифат тарқатиш, таълим-тарбия тарқатиш, кишиларимизга эзгуликни осон йўл билан етиб боришини таъминлаш бўлиши керак,- деди китоб дўкони очилиш маросимида сўзлаган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Шайх ҳазратларига яқин манбалардан олинган маълумотга кўра, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз сармояси ҳисобидан Тошкентда иккита, Наманганда битта исломий китоблар дўконларини очган.

Ўзбекистонда 1990 йиллар бошларида кўпайган исломий китоблар дўконлари 2000 йилларга келиб кескин камайиб кетганлиги кузатилди.

Тошкентдаги Чорсу бозорида тадбиркорлик қилаётган Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, Кўкалдош мадрасаси қошида очилган “Ихлос” китоб дўконида илгари 100 дан ортиқ одам ишларди, ҳозир эса бу китоб дўкони кескин қисқариб кетган ва ҳозир унда бор-йўғи ўнга яқин сотувчи ишлайди, холос:

- Мана шу Андижон воқеаларидан кейин китоб савдосига қарши жуда катта репрессия бўлди. Чорсунинг бир неча жойида исломий китоблар сотиларди, буларни ҳаммаси йўқ бўлди. Кўкалдош мадрасаси қошидаги “Ихлос” китоб дўконидан бир фоизи қолди десам, муболаға бўлмайди. Бу билан Ўзбекистон ҳукумати диний эътиқод эркинлигига тоқатсизлигини яна бир бор кўрсатди,- дейди Чорсу бозорида тадбирокрлик билан шуғулланаётган Жаҳонгир Шосалимов.
XS
SM
MD
LG