Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Туркияда ўзбек диктатурасига қарши гуруҳ тузилди


23 апрел кунги Истанбул йиғини ташаббусчилари.
23 апрел кунги Истанбул йиғини ташаббусчилари.

ЎХҲ ва Туркиядаги "Ўзбеклар бирлиги" жамияти фаоллари анжуманида турк ва ўзбек зиёлилари иштирокидаги "Эркин Ўзбекистонга ёрдам" гуруҳи тузилди.


Ушбу гуруҳга бирлашган фаоллар ўз асл мақсадини Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши кураш ҳамда у ердаги асл вазиятдан дунё жамоатчилигини хабардор қилиш эканини айтмоқда.

23 апрел куни Истанбулда ўтказилган “Озод Ўзбекистон” халқаро анжуманига йиғилган 200 га яқин ўзбек ва турк зиёлилари “Ўзбекистон диктаторликдан қандай халос бўлиши мумкин?” деган савол атрофида баҳслашдилар.

Айтилишича¸ иштирокчилар диктатурага қарши кўпроқ оммани хабардор қилиш йўли билан курашиш керак, деган қарорга келган.

Анжуман ташкилотчиларидан бири — Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Туркия бўлими раҳбари Алибой Йўляхшиев анжуман қатнашчилари муҳокама сўнггида қўшма баёнот қабул қилганини айтди.

- Масалан, "Араб баҳори" деган мамлакатлардаги зулмдан кам эмас Ўзбекистондаги зулм. Лекин бу зулмни дунë оммаси билмайди. Ҳатто, Туркия оммаси ҳам яхши билмайди. Биринчи мақсадимиз¸ "Сизларнинг ëрдамингиз Туркия матбуоти ўлароқ бу вазиятни дунëга танитинг", деган гапни қилдик. Иккинчи янгилик, биргалашиб ташкилот тузсак, ишлар қилсак, дедик ва унинг натижаси ўлароқ “Эркин Ўзбекистонга ëрдам бериш гуруҳи” деган янги гуруҳ туздик, дейди ЎХҲнинг Туркиядаги етакчиси Алибой Йўляхшиев.

Алибой Йўляхшиевга кўра, анжуманда қатнашган туркиялик иштирокчиларнинг кўпчилигини турк оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда туркиялик ижодкорлар ташкил қилган.

"Эркин Ўзбекистонга ёрдам" гуруҳи аъзоларининг ҳам кўпчилиги турк зиёлилари эканини қўшимча қилган суҳбатдош турк миллати ўзбек миллатига ўз қардоши каби қараши ва хусусан, турк зиёлилари Ўзбекистондаги бугунги вазиятдан жиддий хавотирда эканини урғулади.

- Туркияликлар Ўзбекистонни, Туркистонни ота юртимиз, деб ҳисоблайди. Бу ердаги зулмни худди ўзларига қилинган зулмдай қабул қилишади. Ҳукумат масаласига келсак, ҳозирги ҳукумат бироз дуруст, аммо Туркиянинг илгариги ҳукуматлари Каримовнинг ҳукуматидан ҳам кўп фарқ қилмас эди. Ҳукумат ўлароқ Туркия биздек мухолифатни ҳеч қачон қўлламаган. Ҳозир ҳам очиқ қўлламайди. Лекин миллат ўлароқ турклар Ўзбекистонга жуда ҳам илиқ қарайди, дейди Алибой Йўляхшиев.

Ўзбек ва турк зиёларининг бирлашишига турки бўлган яна бир жиддий жиҳат 23 апрел кунги анжуманда Ўзбекистонда ишлаб қайтган тадбиркорларнинг иштироки бўлди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги давлатлараро муносабатлар жуда яхши бўлган паллада қардош миллат, дея бу давлатга катта сармоялар билан кирганини айтган "Туркуаз" ширкати раҳбари Воҳид Гунеш шулардан биридир.

Гунеш Ўзбекистонда қарийб 8 йил тадбиркорлик қилган. 2011 йилга келиб у бошчилик қилган "Туркуаз" ширкати бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ фаолияти тўхтатилган эди.

Ширкатнинг Тошкент, Самарқанд шаҳри ва бошқа ҳудудлардаги бир неча дўконлари давлат ҳисобига мусодара қилинган, унинг 20 га яқин туркиялик бошқарувчиси ҳибсга олинган.

Ўзининг ҳам 9 ярим ой ҳибсда ётиб¸ охир-оқибат, каттагина пора эвазига қамоқдан озод этилганини айтган Воҳид Гунеш 23 апрел кунги анжуманда иштирокчиларга кечмишларини сўзлаб бериш орқали Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол нақадар оғирлигидан дунё жамоатчилигини хабардор қилмоқчи бўлганини айтади.

- Ўзбекистон ҳибсхоналарида одамни шундай бир ҳолатга келтиришадики, биринчи галда у молиявий жиҳатдан адо қилинади ва унинг курашадиган аҳволи қолмайди. Бундан ташқари, оиласи ҳам, ҳеч ким уни ҳимоя қила олмайди. Бу одамларнинг дардини жамоатчиликка етказиш ва уларга ёрдам бериш керак, деган ўйдаман. Менинг бу ерда бирор сиёсий ёки бошқа мақсадим йўқ. Мен фақатгина инсоний вазифамни бажаришга чоғландим - у ерда жуда жиддий зулм бор, деди Воҳид Гунеш Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG