Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Устюрт сайғоқлари янги таҳдид остида


Расм Uznews.net сайтидан олинди.
Расм Uznews.net сайтидан олинди.

Хавф манбаи Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида ўрнатилаётган чегара тўсиқларда экани айтилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг шимоли-ғарбий чегара ҳудуди бўйлаб 200 минг километр квадрат майдонда жойлашган Устюрт платосида яшаётган сайғоқларнинг бугунги миқдори 200 мингдан ортиқроқ экани айтилади.

Қизил китобга киритилган бу жониворлар сони бундан 4 йил муқаддам ҳам 1 миллиондан ошиқни ташкил этган.

Устюрт платосидаги табиат ва ҳайвонот дунёсини кузатиб борадиган табиатшуносларнинг кузатувларига кўра, шу вақтгача сайғоқлар сонининг тез суратларда қисқариб бораётгани асосий сабаби ҳудуддаги иқлимнинг кескин ўзгариши билан боғлиқ.

Аммо, эндиликда туғилган янги таҳдид Қозоғистоннинг Устюртдаги чегара ҳудуди узра сим тўсиқларни ўрнатиш ниятидир.

Бу минтақада айнан сайғоқлар миграциясини ўрганиб келган ва исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган ўзбекистонлик табиатшунос-экологнинг фикрига кўра, айни дамда Қозоғистон ҳудудига кўчган сайғоқлар тўдаси кузнинг ноябр ойларида Ўзбекистонга қайтиши лозим.

- Агар бу ҳудуд бўйлаб, дейлик, йилнинг охирига қадар тўлиқ сим тўсиқлар ўрнатиладиган бўлса, у ҳолда кузда сайғоқларнинг ортга қайтиш йўли беркилади. Бу эса жониворлар учун жиддий таҳдид. Чунки, ҳозир уларнинг қўшни Қозоғистонга ўтиш мавсуми битди, ҳисоб,- дейди ўзбекистонлик табиатшунос-эколог.

Сайғоқлар ҳар йили март ойларида Қозоғистон ҳудудига ўтади ва ёзнинг иссиқ қисмини ўша ердаги ўтлоқларда кечиради. Кейин эса қишки совуқ яқинлаши билан ноябр ойидан яна Ўзбекистон ҳудудидига қайтади.

Эколог оммавий ахборот воситаларида бу жониворларнинг йўлига ўрнатилаётган тўсиқлар ҳақидаги хабарни эшитиб, қаттиқ хавотирга тушганини айтмоқда.

- Мен шу йилнинг январ ойида Устюртда бўлиб қайтдим ва ўша кезда у ердаги ўзбек-қозоқ чегарасида сим тўсиқларга кўзим тушмади. Ҳозир борми-йўқми бехабарман. Аммо, кейинги кунларда оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон томонининг наркотрафик, қурол-яроғ савдоси ва чегарадаги ноқонуний борди-келдиларни тугатиш ниятида чегарани тўсиш мақсадида эканини эшитиб турибман, - дейди суҳбатдош.

Куни кеча қатор ахборот воситалари Қозоғистон Чегара хизмати раҳбари Нуржан Мирзалиевга таяниб, икки давлат чегарасида муҳандислик иншоотлари қурилиши режаланаётгани ҳақида хабар берган эди.

Хусусан, CA-NEWS нашри Мирзалиевдан келтирган иқтибосда: "Бу йил Қозоғистон Республикаси чегара хизмати Еттисой вилоятидан то Каспий минтақасига қадар муҳандислик иншоотларини қуришни режаламоқда", дея маълум қилган эди.

Чегара хизмати раҳбарига кўра, гап 2 ярим минг километрлик чегара чизиғи ҳақида бормоқда.

Муҳандислик иншоотлари дейилар экан, Қозоғистон томони чегарани нима билан тўсмоқчи экани, яъни сим тўсиқларми, ҳандақлами ёки девор - бу ҳақда ҳали аниқ маълумот берилгани йўқ.

Аммо, Uznews.net нашри шу кунларда берган хабарида, Қозоғистон томони айнан Устюрт платоси бўйлаб ўтган йилнинг кузидан буён 100 километрлик масофага 180 сантиметр баландликдаги сим тўсиқларни ўрнатиб улгургани ҳақида ёзди.

Ҳозирча, на Қозоғистон чегара хизмати, на Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш хизматлари бу хабарни тасдиқлади.

Хусусан, Ўзбекистон чегаралари бўйича Республика Бионазорат бошқармаси бошлиғи Александр Григорян Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу борада ҳеч қандай расмий маълумот йўқлиги ва шу боис бирор изоҳ бера олмаслигини айтди.

Аммо, бу мулозимнинг ўзаро суҳбатда айтишича, икки давлат ўртасида сайғоқлар муҳофазасига оид келишувлар, меморандумлар бор ва Қозоғистон томони сайёғоқларнинг табиий миграцияси кечадиган ҳудудни ёпишга жазм этмайди.

Бунга умид қилган ўзбекистонлик экологнинг Озодликка айтишича, аслида икки давлат ўртасида сайғоқларни асраш бўйича 2006 йилда имзоланган ўзаро англашув меморандуми, афсуски, қоғозда қолиб кетмоқда.

- Бундан 4 йил муқаддам ҳам сайғоқларнинг умумий сони 1 миллиондан ортиқ эди. Уларнинг 200 мингга тушиб қолишига сабаб браконерлик, дейишадию, аслида бу эмас. Ўтган йили Қозоғистон ҳудудида сайғоқларнинг оммавий нобуд бўлиши кузатилган ва бунга Устюртнинг Қозоғистон ҳудудидаги қурғоқчилик, яйловларнинг қисқариши сабаб бўлган эди, - дейди эколог.

Бундан ташқари, Устюрт текислиги бўйлаб Ўзбекистон томони қураётган янги нефт қазиб олиш иншоотлари ҳам сайғоқларнинг миграциясига тўсқинлик қилмоқда.

- Ҳозир газ-нефт ишлаб чиқариш соҳаси ҳам катта муаммо бўлиб турибди. Масалан, Бухоро-Урал газ қувури таъмирланиши оқибатида сайғоқларнинг каттагина бир қабиласи ўзининг баҳорги миграцияси йўналишини ўзгаритириб юборди, - дейди табиатнинг нодир бу жонзотлари ҳимояси билан шуғулланаётган ўзбекистонлик эколог.
XS
SM
MD
LG