Бир ҳафтада беш домла пора билан ушланди
Сўнгги бир ҳафта ичида мамлакатдаги иккита олийгоҳнинг беш нафар домласи порахўрликда гумонланиб, қўлга олинди ёки ишдан четлатилди.
10 июл куни Тошкент Ирригация ва мелиорация институтининг “Сув ҳўжалиги иқтисодиётини бошқариш” факултети декани Насриддин Шамситдинов ва ўқув бўлими инспектори Фарангиз Ризаева олийгоҳга киритиб қўйиш ваъдаси билан пул олаётганликда ушлангани хабар қилинди.
Тошкент Ирригация ва мелиорация институтинининг ўзини таништирмаган ходими бу хабарни тасдиқлади, бироқ тафсилотларни очиқлашни истамади.
Uzmetronom.com сайти ёзишича, Насриддин Шамситдинов ва Фарангиз Ризаева абитуриентларнинг биридан 6000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайти Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан ушланган.
Хабарда айтилишича, Фарангиз Ризаеванинг ёнидаги сумкадан яна 4 абитурентнинг ҳужжати ва 1700 доллар пул топилган.
Сўнгги бир ҳафта ичида Гулистон Давлат университетининг ҳам икки нафар ўқитувчиси пора билан ушланган, яна бир ўқитувчи пора олганлик айби билан ишдан бўшатилган.
Гулистон Давлат университетининг ўзини таништирмаган маъсул ходими Озодликка бу маълумотларни тасдиқлади.
2 июл куни Тошкент Давлат Юридик институтини 12 йил давомида бошқарган профессор Мирзаюсуф Рустамбоев ректорлик лавозимидан бўшатилди.
Рустамбоевнинг ҳам айни қабул жараёни кетаётган пайтда ишдан кетишига “институтда авж олган коррупцияга алоқадорлиги” сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди.
Қайси институтнинг “шапкаси” қанча?
"Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш учун тўланадиган пора нархи" бўйича мониторинг ўтказиб келаётган Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, Тошкент юридик институти Ўзбекистон бўйича энг қиммат олийгоҳ ҳисобланади.
- Одатда пойтахтдаги олий ўқув юртларига кириш қимматроққа тушади. Албатта бу ерда пул билан, пора билан кириш назарда тутилаяпти. Нарх бўйича энг қимматлари манбалардан эшитганимиз бўйича Тошкент давлат юридик институти ва Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университети ва Тошкент давлат иқтисодиëт университети айтилади. Вилоятларда эса ўқув юртларига кириш нисбатан арзонроқ. Шунинг учун моддий томондан чекланган оилалар бўлса, аввал вилоятга топшириб туриб, 1-2 йилдан кейин Тошкентга ўтказиш йўли билан Тошкентдаги ўқув юртига талаба сифатида кириш йўллари ҳам амалиëтда қўлланилади,- дейди Суҳроб Исмоилов.
Жорий йилда Юридик институтга “кириш нархи”нинг 35 мингдан 40 минг АҚШ доллари атрофида экани айтилаяпти.
Тошкентдаги олийгоҳларга “кириш нархлари”ни ўрганган Озодлик манбасига кўра, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетиига 25 мингдан 35 минг долларгача “талаб” қилинади.
Тошкентдаги Иқтисодиёт университети ва Молия институтига бир хил - 20 мингдан 25 минг долларгача “тўлаш” лозимлиги айтилаяпти. Тошкент Тиббиёт институтига бундан сал камроқ “сўралади”.
Озодлик манбасига кўра, Тошкент Миллий университетига кириш учун бериладиган пора 4 мингдан 20 минг долларгача бўлиб, олийгоҳнинг ҳуқуқ ва тарих факултетларининг “нархи” қимматроқ ҳисобланади.
Пойтахтдаги Чет тиллар, Автомобил йўллари, Қишлоқ хўжалиги каби бошқа бир қанча институтларга факултетидан келиб чиқиб, 4 мингдан 15 минг долларгача “нарх” белгиланган.
Уч йил аввал 5000 АҚШ доллари эвазига Тошкентдаги Шарқшунослик институти талабасига айланган водийлик Наргизага (исм ўзгартилган) кўра, бугунги кунда олийгоҳга кириш нархи анча кўтарилган.
- Шарқшунослик институтига кириш учун 8 мингдан 10 минггача олишади, контракт ëки бюджетига қараб. Имтиҳон пайтида ëнига одам киради. Битта талаба ëки каттароқ киши кириб ëрдам беради. Бу биринчи усули. Иккинчи усули битта одам киради. Ҳамма қоғозларни олиб кетади. Бошқа қоғоз беради. Бир-икки соатдан кейин имтиҳон тугаган пайтида олиб кириб беради жавоблари билан. Яъни ечилган жавоблари билан. Кейин ўша қоғозни талаба топширади,- дейди Наргиза.
Озодлик манбаларига кўра, вилоятларда олийгоҳларнинг нуфузига қараб, студент бўлиш 2000 доллардан 5000 долларгача баҳоланади.
Масалан, Термиз Давлат университетининг “нархи” 2000-3000 доллар атрофида эканини айтди ушбу олийгоҳнинг домлаларидан бири.
Гулистон давлат университетининг исмини ошкор қилмаётганимиз ўқитувчисининг айтишича, 2000 “кўки”дан берган абитурент талабага айланиши мумкин.
- Гулистон давлат университетида ижодий имтиҳонлари бор факултетлар бор. Педагогика факултети, жисмоний тарбия факултети. Бу ерда тахминан кириш нархи 2000 доллар. Энди бу қандай ҳал қилинади? Ижодий имтиҳонларда комиссия тузилган. Ўша комиссия аъзолари юқори баллар қўйиб беришади. Масалан 70-80 балл ўша кўкидан 2000 долларни олгандан кейин. Тест бўлган пайтда юқори балл қўйилгани учун тест билан баллни бирга қўшиладида, кейин шу билан абитуриент ўқишга кириб кетади,- дейди сирдарёлик домла.
Озодлик сўрови: 50 фоиз одам пора билан ўқиш кирмоқчи
Озодлик сайтида яқинда ўтказилган сўровда “Абитурент яқинларингиз бўлса, улар бу йил ўқишга қандай кирмоқчи?” деган савол ўрганилган эди.
Илмий бўлмаган ушбу сўровда қатнашган 368 нафар одамнинг 50 фоиздан кўпи “Пора билан” деган жавобни берди.
“Ўқиб, ўз кучи билан” ҳам талаба бўлиш мумкинлигини таъкидлаганлар сони эса 29,3 фоизни ташкил қилди.
YouTubeда тинглаш