Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:23

Ўшликлар уйлар сифатсиз қурилаётганидан норози


Ўшликлар Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси қуриган уйлар сифатсизлигига норозилик билдирмоқда. Айрим маҳаллаларда эса уста пули оз берилгани учун қурилишлар тўхтаб қолаётир.

Ўшнинг Анар кичик районида янги қурилган 64 хонадонли кўп қаватли уй яшовчиларга топширилганига бир йил бўлди. Яшовчиларга кўра, уй томидан сув оқади, бироқ бу тўғрида ҳеч кимга арз қилмай қишни ўтказишган. Лекин шу кунгача уйни таъмирлаш ишлари олиб борилмагани сабабли жамоатчиликка бу борада ошкор қилиб қўйишга қарор қилишган.

- Нарироққа машина қўйилувчи жой қурилиши керак эди, бироқ қурилмай қолиб кетди. Асфалт йўллар эса кўчиб, ундан чиққан сув уйнинг ертўласига оқаяпти. Хоналардаги сув қувирлари барчаси тешилиб, ундан ҳам сув чиқса уйни қоплайди. Кўплаб батарейкалар тешилиб қолгани учун қишда жуда қийналдик. Қурилиш материаллар, арматуралар Хитойники, сифатсиз материалар. Ушласанг синиб қолади. Сув жўмракларини бурасанг сув чиқмайди, чиқса ҳам қайта ёпилмайди. Келиб кўриб “тўғрилаймиз”, деб кетишган, ҳалигача бирор кимса келмади,- дейди бу уйда яшовчи Асилбек.

Ўз исмини айтишни истамаган уй эгаларидан бири эса манабуларга тўхталиди:

- Аввалига уйнинг ярмини 2010 йил воқеаларида жабр кўрганларга берилган, 16 квартира эса номаълум сабаблар билан берилмай келинган. Ўшанда сув берилганида сув қувирлари ёрилиб, уйлар ичини қоплаб, деворлар кўчиб кетган. 16 квартиранинг газ, сув, хожатхона, ванна ва бошқа тутқичларини ўғирлаб кетишган. Мен ўша уйлардан бирига келганимга 20 кунча бўлди. Бизга берилган пайтда эшиклари очиқ, ичи жуда ёмон аҳволда эди. Ҳаттоки резетка ва эшик тутқичларини ҳам олиб кетишганди, - дейди Ўшнинг Анар микрорайонида қурилган янги кўп қаватли уй яшовчиларидан бири.

Кўп қаватли мазкур уйнинг қўмита раҳбари Рўза Қосимованинг айтишича, уй яшаш учун берилганига бир йил бўлган бўлса ҳам, шу кунгача газ берилмаган:

- Барчасини айтгандан нима фойда. Уйларнинг орқа ойналари ҳам синган. Деворлари кўчиб тушаяпти. Уй аҳволи жуда қўрқинчли бўлгани учун шаҳар ЖЭКи уни яроқсиз деб қабул қилмаган. Бошқача айтганда, бу ердагиларнинг хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бермайди. Қудуқларнинг оғзи очиқ бўлгани учун болалар 2-3 маротаба тушиб кетиб, ўлиб қолишига оз қолди. Газ бўлмагани учун бир йилдан бери электр ёқиб келаяпмиз, - деди Рўза Қосимова.

2010 йил июн воқеаларида жабр кўрганлар учун Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси томонидан қурилган 11та бошқа кўп қаватли уйларда ҳам шунга ўхшаш муаммолар борлигини ўша уйларда яшовчилар айтиб келади. Дирекция эса бундай ҳолатга қурилиш фирмалари айбдор эканини айтиб келади. Бироқ қурилиш фирмалари таъмир талаб жойларни тузатиб беришни ваъда қилмоқда.

Айни пайтда Ўшда ҳовли уйларнинг ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда. Ўшликларга кўра, ҳовли уйларининг қурилишида энг катта муаммо уста ҳақлари бўлмоқда. Бу борада Озодликка Ўшнинг Черемушки мавзеида истиқомат қилувчи Ҳайрилло Жалолов манабуларни айтиб берди:

-Ҳозирча қурилиш молларининг ҳаммаси берилди. Одамлар фақат уста ҳақига пул топишлари керак холос.

Озодлик: Бошқа маҳаллаларда-чи, аҳвол қандай?

-Худди бизники сингари бир ҳил. Навоий кўчасида ҳам шундай ҳол. Навоий кўчасида қурилиш ҳозирча тўхтаб турибди. Уларнинг муаммоси ҳам шу уста ҳаққи, қурилиш моллари. Доноролар ва давлат фундамент билан ғиштга етмайдиган уста ҳақи беришган.

Озодлик: Ҳукумат уста ҳаққи деб қанча пул берган? Бугунги кунда уста ҳаққи қанча?

-Ёнган уйни бузиб янгисини қуриб битириш учун 2 хона 30 квадрат метр уйга 30 минг сўм (тахминан 640 доллар-таҳририят) берган эди. 3 хона уйга эса 50 минг сўмдан (тахминан 1060 доллар-таҳририят) пул ажратилган, уста ҳаққига. Усталарнинг қорнини ҳам боқиш керак. Красний крест уй қуриб бераётган пайтда бир дона ғиштни усталар 2.50-3 сўмдан уришган эди. Ҳозир эса бир йиғштни уриш 4 сўм 4.50 сўм бўлди. Сувоқнинг бир квадрат метри ўтган йили 70-80 сўм эди, бу йил 120-130 сўмгача қимматлади. Том ёпиш ҳам квадрат метри 120дан 140 сўмгача қимматлади, - дейди Ҳайрилло ака.
XS
SM
MD
LG