Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:29

"Мардлик" орденини кимга берган бўлардингиз?


Медалчи олимпиадачилар ҳам президент томонидан медаллар билан тақдирланган эди.
Медалчи олимпиадачилар ҳам президент томонидан медаллар билан тақдирланган эди.

11 сентябр куни Ислом Каримов Ўзбекистонда “Мардлик” ордени таъсис этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган мухлисларимиздан бу ҳақда сўрадик.

“Мардлик” ордени билан Ватанни ҳимоя қилиш ва она юрт хизматига бағишланган мардлик ва жасорат кўрсатган Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари ва бошқа фуқаролар тақдирланади.

Алоҳида ҳолларда “Мардлик” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

Орден билан мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида бир йўла бериладиган пул мукофоти олиб, қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.

Ана шу хабар муносабати билан “Эркин микрофон” нинг бугунги иштирокчиларига “Мардлик” орденини кимга берган бўлардингиз?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Бухоролик ёш ўқитувчи Абдулла аввалига бироз иккиланди ва охир-оқибат Ўзбекистон xалқ артисти Юлдуз Усмонова номини тилга олди.

- Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини масалан Абдулла Орипов олган. Ҳақиқатан ҳам ажойиб ëзувчи шоиримиз. Мардлик орденини ҳақиқатан ҳам ҳалол меҳнат қилиб, ватанпарвар инсон топилса, шунақа инсонга берардим.

Озодлик: Борми шунақа одам? Бирортасини танийсизми?

- Ватан учун жонини фидо қиладиган инсон бор. У оддий халқ менимча. Халқни бошқариб турган қавс ичидаги казо-казо нималар, мен ўйлайманки улар не стоит.

Озодлик: Аниқ исм-фамилия айта олмасангиз ҳам қанақа одамга берган бўлардингиз? Борми шунақа одам?

- Юлдуз Усмоновага берардим.

Озодлик: Нима учун?

- Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон деган қўшиғи борда. Кўп қўшиқ ëзган ватан ҳақида. Ҳақиқатан ҳам чин юракдан ватанни севади. Замонавий патриотлардан. Замонавий Ҳамза Ҳакимзода Ниëзий, замонавий Чўлпонда у киши, дейди бухоролик ўқитувчи Абдулла.

Тошкентлик пенсионер Абдуқаҳҳор ака ҳам ўйланди ва кейин Обид қори Назаровни тилга олди.

- Энди бу менинг шахсий фикрим, ҳали бу орденга ҳеч ким сазовор бўлолмади.

Озодлик: Ҳеч кимми?

- Ҳеч ким. Мана 65га кирдим. 22 йил мустақиллик бўлган бўлса, Ўзбекистон бўйича айтаяпманда, мухолифатга чиқиб кетганини айтмаяпман, шахсан мендан “Кимга берасиз?” деб сўрашса, мен ҳозир билмадим яхши ëтибдиларми йўқми, Обид қори Назаровга берардим. Муҳаммад Солиҳга ҳам.

Озодлик: Ичкариданчи?

- Йўқ. Менинг ўзимнинг шахсий фикримча йўқ.

Озодлик: Агар сиз Каримовнинг ўрнида бўлсангиз, ҳеч кимга орден бермас экансизда-а?

- Бермасдим.

Озодлик: Мардлар кўпдир Ўзбекистонда. Оддий одамлар орасида бордир.

- Заслужит қилиш керакда. Герой советский союздан ҳам баланд. Мардлик деб қўйибди.

Озодлик: Мардлик орденига сазовор бўлиш учун нималар қилиш керак?

- Биринчидан, бутун виждонини халққа бериши керак. Тоза бўлиш керак. Ватани учун жонини фидо қилиши керак. Ҳеч нарсадан қўрқиш керакмас. Бор ҳақиқат учун курашиш керак.

Озодлик: Йўқми унақа одам Ўзбекистонда?

- Ўзининг фикрини айта олмагандан кейин бу қанақа мардлик бўлади? Мана оддий мисол. Сизга қўнғироқ қилишади-а кўпчилик. Айтадики фамилиямни айтманглар. Ўзи ҳов Африкада. Фамилиямни айтманглар. Ўшаларга бериш керакми? Мард бўлиб айт, фамилиянгни айт, турар жойингни айт. Нимадан қўрқасан ҳақ бўлсанг, дейди Абдуқаҳҳор ака.

Фарғоналик зиёли Каримжон ака ҳам Ўзбекистонда асл мардлар йўқ, деган фикрдан бориб, қаттиқ қистовларимиздан сўнг саҳоватли хусусий тадбиркорларга орден бериш истагини айтди.

- Инсонпарвар, давлатни севадиган, халқ учун жон куйдирадиган инсонни мен мард одам деб тан оламан. Ҳозир мен “мана бу одам шунақа” деб айта олмайман. Ҳозир “мана бу яхши” деганим билан у ҳам эртага бир иш кўрсатиб қўйиши мумкин.

Озодлик: Атрофингизда мана қанча яхши инсонлар бордир. Бир-бирига яхшилик қилаëтгандир, етимнинг бошини силаëтгандир. Ë йўқми?

- Бор.

Озодлик: Нечта?

- Вилоятда бўлмаганда 20та бор. Орден, медалга лойиқ деб ўйлайман.

Озодлик: Нима ишлар қилади улар?

- Тадбиркорлик билан шуғулланишади. Орттирган нарсасидан етим-есирларга, камбағалларга касалвандларга ҳар ҳайит нималарига ҳадя қилиб туради.

Озодлик: Тахминан неча сўмлик ҳадя қилади?

- Бир хиллари бор шундоқ бориб уйлантириб ҳам қўяверади. Бир-икки минг долларлик ëрдам ҳам қилиб юбораверади.

Озодлик: Мана бор эканку. Сиз йўқ дейсиз.

- Қандай десам бўлади, 40 сўм топса, 40дан бирини бераман дейдиган инсонлар бор.

Озодлик: 40дан бирини бериш энди бу фарз. Закот у. Уни хоҳласа хоҳламаса бериши керак. Ундан ташқари ҳам берадими?

- Бор, дейди фарғоналик Каримжон ака.

Сурхондарёлик ёш тингловчи Сардор “Мардлик” орденига Озодлик эшиттиришларидан бирида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишга қарши кескин танқид билан чиқиш қилган навоийлик ўқитувчи Абдуқаҳҳор Эшонқуловни лойиқ кўришини айтди.

- Бор. Ўша бобога берардим мен. Болаларни ҳақиқатан ҳам чиқаради пахтага. Ҳақиқатни гапираяпти у бобо. Халқим учун майли мени ўлдирса ўлдириб юборсин деяптику, дейди сурхондарëлик Сардор.

Янгийўллик песионер Парпи бува эса саволимиз жавоби устида ўйлана-ўйлана, “Мардлик” орденига муносиб одамлар деҳқонлар, деган хулосага келди.

- Энди мен билмайуман Ўзбекистонда. Балки ҳақиқатан ҳам шу орденга лойиқ инсон бордир.

Озодлик: Шу орденни бериш мумкин бўлган бирорта мард одамни танимайсизми?

- Унақа одамни мен ҳали билмайман. Ўйлашим керак. Мен ҳақиқатан меҳнат қиладиган деҳқонга берардим.

Озодлик: Фалонча ака деб битта-яримта деҳқонни кўрсата оласизми?

- Йўқ, мен ҳозир кўрсата олмайман. Шаҳарда тураман.

Озодлик: Нима учун деҳқонга берардингиз?

- Сабаби эрта баҳордан кеч кузгача экин экади, қуëшда куяди, бозорга олиб чиқади. Бозорда қўймайди сотгани. Олиб сотарлар олиб сотади. 10 сўм расход қилиб ўстириб шу нарсани бозорга келиб икки сўмга топшириб кетади қолганлари ҳам ўлмасин, куйиб қолмай деб.

Озодлик: Шунга қарамасдан ҳар йили деҳқончилик қилаверади.

- Барибир бола-чақани боқиш керакку. Ҳақиқий инсонларда улар. Шаҳарда мана обедгача қишлоқдан келган деҳқонларни алдаймизда, обеддан кейин шаҳарликлар бир-биримизни алдаб умримизни ўтказаяпмиз, дейди янгийўллик песионер Парпи бува.

*********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG