Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:35

Ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев 15 суткага ҳибс қилинди


Укаси Ўткир Пардаевга кўра, ҳуқуқ фаоли халқни пахта териш мажбуриятига қарши исёнга чиқаришга уринганликда гумон қилинмоқда.



30 сентябрь куни Жиззах шаҳрида қўлга олинган ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев аҳолини пахтага чиқиш мажбуриятига қарши исёнга чорлаганликда айбланаётгани айтилди.

Ҳуқуқ фаолининг укаси Ўткир Пардаевнинг айтишича, акаси суд қилинган ва суд ҳукми асосида 15 сутка ҳибсда сақлаб туришга қарор қилинган.

Ҳозирча Ўктам Пардаевга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида маълумот йўқ.

Ҳуқуқ фаоли 30 сентябрь куни соат 10 яримлар атрофида Жиззах шаҳар Ички ишлар бўлимининг 7 кишилик махсус гуруҳи томонидан куч ишлатиш йўли билан олиб кетилган, шу бўйи қаерда сақланаётгани номаълум қолаётган эди.

- Бугун обеддан кейин хабар олдик. Суд бўлиб, қарор чиқариб, 15 суткага қамашибди. Горотделдан айтишди. Суднинг қарори нима асосида чиққани ëки акам нимада айбланаëтгани бизга қоронғу. Чунки бизга ҳозир қарор нусхасини бермаяпти. Даже адвокат ҳам давлатнинг одами. Акам “Адвокатим бор ўзимнинг, ёллайман”, деган. Улар имкон бермаган, деди Ўткир Пардаев.

Ўткир Пардаевга кўра, давлат томонидан ҳуқуқ фаолига берилган адвокат суд қарори нусхасини беролмасада, акасининг қайси айблов билан айбланаётганига ишорат қилган.

- Давлат адвокати айтди, акамнинг бўйнига, как исëн кўтаргандай бўлиб қўлга олинаяпти, сизлар нимага пахтага чиқаяпсизлар, кўзларингни очинглар деб халқни кўтармоқчи бўлди, деган мақсадда қўлга олган. Умуман бизга қоронғу акам нима қўйган, нима деган. Адвокат шунақа деди, дейди ҳибсга олинган ҳуқуқ фаолининг укаси.

Унинг айтишича, акаси Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олинишига гувоҳ бўлганлар давлат адвокати айтмаган тафсилотларни гапириб берган.

- Адвокат ҳукмни олиб бера олмайман деди. Лекин биз воқеа жойига бориб, сўраб-суриштирганимизда ўша ердаги ишчилар айтишаяпти: "Бу ерда пахтага, деб ҳаммани олиб кетаётган пайтда акангиз ҳам келиб қолди, акангизни ҳам қўшиб олиб кетворди", дейишди, деди Ўткир Пардаев.

Унинг сўзларига кўра, 30 сентябр куни Жиззахда пахтага чиқмай юрган яна 7-8 киши қўлга олинган. Аммо, сал кечроқ улар қўйиб юборилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Жиззах вилояти бўлими раиси Ўктам Пардаев айни дамда Жиззах шаҳар Ички ишлар бўлими ертўласида сақланаётгани айтилмоқда.

1978 йилда туғилган Ўктам Пардаев 2006 йилдан бери Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлиб келаётган эди.

У оилали, 3 фарзанди бор.

Ўктам Пардаев йиллар давомида Ўзбекистон расмийларидан хорижга чиқиш визасини ололмай келаётган жиззахлик ҳуқуқ фаолларидан биридир.

Бу воқеа борасида ҳанузгача Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда Жиззах вилояти прокуратурасидан бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG