Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:23

Ўшлик бузруковларнинг кулфат китоби


Қирғиз суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар орасида таниқли ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ҳам бор.
Қирғиз суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар орасида таниқли ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ҳам бор.

Туман суди 7 йилга кесган Муҳаммаджон Бузруковни вилоят суди қандай қилиб бир умрга озодликдан маҳрум қилиб юборгани мисолида Озодлик мухбири 2010 йил июн воқеаларидан кейин бир умрга озодликдан маҳрум қилинган ўнлаб ўзбеклар қисматига эътибор қаратди.



“Иккала йигитнинг ишидан ҳам хабарим бор. Муҳаммаджон Бузруковнинг иши билан эса яқиндан шуғулланаяпман. Лекин бу ҳақда гапирманг. Исмимни ҳам айтманг. Ўзларини жабрланувчи, деб билаётганларнинг важоҳатини сиз билмайсиз”.

Бу гапни бишкеклик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири айтди.

Ҳуқуқбоннинг чуқур ташвишга йўғрилган бу гапи туман суди 7 йилга кесган Муҳаммаджон Бузруковни вилоят суди қандай қилиб бир умрга озодликдан маҳрум қилиб юборганини тушуниш учун калитдир.

4 фарзанднинг отаси, 33 яшар Муҳаммаджон Бузруковнинг 64 га кирган онаси Роҳила опа билан у ўғли сақланаётган қамоққа озиқ-овқат киритиб қайтаётган пайтда боғландик.

- Маршрут келиб қолдида. Ҳозир СИЗОдан кетаëтган эдим.

Озодлик: Кейинроқ телефон қилайми?

- Ярим соат, деди Роҳила опа.



Роҳила опа уйига етиб олгунича ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров билан боғландик.

- Бузруков Муҳаммаджон 2010 йил 16-июн куни уйига бостириб кирганлардан бир болани ушлаб ўлдириб, ўлигини каналга ташлаб юборган деган айб билан айбланиб, одам ўлдирганликда ва уни ноқонуний равишда ушлаб турганликда айбланган отаси иккови, деди Равшан Гапиров.

Равшан Гапировнинг айтишича, Муҳаммаджоннинг ўзи июн воқеалари пайтида бировни ноқонуний ушлаб туришда, отаси Муҳаммадазиз Бузруков эса, одам ўлдирганликда гумон қилиниб, 2011 йил ёзида қўлга олинади.

2011 йилнинг 1 сентябрига ўтар кечаси Муҳаммадазиз Бузруков тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида қамоқда вафот этади.

- Буларни биринчи куни олиб киргандаëқ икковини ҳам қаттиқ урушади. Отаси энди 63га кирган одам. Калтакларнинг азобидан почкаларига урилганда сия олмай қолади. Сия олмай қийналиб, охири оғриб юриб бунга медицина ëрдами ҳам кўрсатилмаган. Қизлари уйидан анча-мунча дори олиб бориб беришиб, сия олмай қийналиб юриб охири СИЗОда ўлиб қолди, деди Равшан Гапиров.

Бу воқеа ўз вақтида Қирғизистон ва унинг ташқарисида катта шов-шувга сабаб бўлган, Озодлик ҳам бу ҳақда ёзган эди.

Отанинг ўлимидан сўнг ўғилнинг жиноят иши ўзгариб кетади.

- Отаси ўлганидан кейин уч сутка ўтганда мана бу ўлган боланинг энаси ҳаммаси келиб дод деб бақиришиб, бизни уриб, судланувчини уриб, унинг бувисини, опаларини уриб бақириб, туриб олганда судни терговга қайтарди. Терговда ҳалиги убийствони ҳам Муҳаммаджонга илиб, қайта судга ўтказди. Ўша суд бўйича Қорасувда суд бўлиб, убийствони далиллаша олмай, беригисини ҳам ўзи далиллаша олмаган, одамни ноқонуний ушлаб турганликда айблаб 7 йилга қамоқ жазосини белгилаган эди. Улар энди облсудга ëзишиб, облсудда бақир-чақир, тўполон қилишиб, бизни ҳам киргизмай уришиб, кейин облсуд сизлардан қутулсам бўлдими дегандай қилиб бир умрга қамоқ жазосини белгилаб қўйди, дейди ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров.

Роҳила опа уйига етиб боргач, жуда узоқ – қарийб бир соат гаплашдик.

Опа воқеа тафсилотларини ипидан игнасигача айтиб берди. Куни кеча – ўғли бир умрга кесилганидан сўнг вилоят суди раиси қабулида бўлганини ҳам айтди.

- Суднинг олдига кирдим. Тўлўнбаев Ақилбек ака. Суднинг председателига кирдим. Ҳукм ўқиган одамнинг олдига кирдим. “Нимага умрбодга кириб кетди? Нима қилгани учун? Туҳматдан ўтирганига кириб кетдими?” десам, қараб туриб “Болангизда умрбодга кирадиган иш йўқ эди. Бу ерда поддавление бўлди” деди. Нима дейман. Суд ахир поддавлениега, давлениега қараши керакми? 30-40таси бориб давление қилса, урса, “Агар сартга сен озодлик берадиган бўлсанг, устингдан ëзаман” деса, суд қўрқиши керакми, дейди Роҳила опа.

Роҳила опадан бу гапларни эшитгач, Ўш вилоят суди билан боғланишга, судянинг фикрини билишга уриндик. Лекин бунинг ҳозирча иложи бўлмади.

Роҳила опа ёлғон гапирмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун июн воқеалари муносабати билан ўтказилган суд жараёнлари тўғрисидаги хабарларни, айбланувчиларга, уларнинг яқинлари ва адвокатларига, ҳуқуқ ҳимоячиларига, судьяларга жабрланувчи томон ҳужум қилганларини эслаш етарлидир.

Ушбу мақола Муҳаммадазиз Бузруковга боғлиқ ишнинг бутун тафсилотларини қамрай олмайди.

Мақола, аслида, ўшлик бир зиёли оиланинг бошига тушган беқиёс даҳшат тўғрисида.

Оила бошлиғи, қамоқда вафот этган Муҳаммадазиз Бузруковни деярли бутун Ўш танир эди. У бир умр Давлат регистри идорасида (собиқ БТИ) раҳбар бўлиб ишлаган.

Суҳбатдошимиз Роҳила опа бир умр ўқитувчилик қилган. Бузруковлар 6 фарзанд кўрган.

- Олтита болам ҳам олий маълумотли, дейди Роҳила опа.

Опанинг бир умрга қамалган ўғли олий маълумотли қурилиш муҳандиси. Лекин ўқишни битиргач тадбиркорлик билан шуғулланган.

- Қамалгунча Муҳаммаджон олий маълумотли қурилиш инженери эди. У соҳаси билан кетмасдан оптикани ўқиган. Кўзойнак оптика очиб туриб, мастер бўлиб ишларди. Москвада ўқиб келган эди, дейди Роҳила опа.

Энди, оиламиздан путур кетди, оиламизнинг номи қолди, ўзи деярли йўқ, деб зорланади Роҳила опа.

- Мен кириб судга айтдим. “Биз образцовий оила эдик. Эрим ҳам, ўзим ҳам олий маълумотлиман. 40 йил ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Хўжайиним 40 йил госрегистрда началник бўлиб ишлаган. Шунақа образцовий оила эдик. Бизнинг қўлимиздан бунақа ишлар келмасди. Олдинги замонда, Россия даврида характеристикаларга қараларди. Қамалган қамалмаганига, судланган судланмаганига қараларди. Энди ҳақиқат қолмабдида” дедим. Битта образцовий оилани йўқ қилишди булар, дейди Роҳила опа.

Роҳила опа шу кунда бир умрга қамалган ўғлининг 4 фарзандини келини билан боқиб ўтирибди.

- Каттаси 10 ëшда. Энги кичиги 4 ëш, дейди Роҳила опа.

Ҳа, айтганча, Бузруковлар хонадони учун 2010 йил июн воқеалари очиб берган кулфат китобининг яна бир даҳшатли саҳифаси бор.

- 2010 йил 12 июн куни 28га кирган болам бошидан снайпердан ўқ еб ўлган.

Озодлик: Муҳаммаджоннинг укасимиди у?

- Укаси эди. Бузруков Миразиз. 12 июн куни Ўнадирга қочиб чиқиб кетганимизда узоқдан снайпер пешонасидан уриб ўлди. Унинг устига ўлган жойида устига бензин қуйиб ўт қўйиб юборишди. Ярим бадани куйган ҳолатда кўмдик биз у боламни, дейди Роҳила опа.

Миразизнинг қотиллари топилгани йўқ.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти, ўзининг куни кеча эълон қилинган баёнотида қирғизистонлик ўзбеклар устидан чиқарилаётган ҳукмларни "суд хатоси" ва "бу ҳукмлардан қасоснинг ҳиди келмоқда", деган.

Ҳюман Райтс Уотч Қирғизистон расмийларидан ўзбеклар устидан чиқарилган ҳукмларни зудлик билан қайта кўриб чиқишни талаб қилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:35 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG