Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Ҳосил йиғилмай ҳосил байрами ўтказилибди


Агар ЎзТВга ишонилса¸ Энг Катта Ҳосил – Пахта Ҳосили терими росмана бошланганига эндигина икки ҳафта бўлган, ҳали баъзи жойларда биринчи терим ҳам тугамаган 21 сентябрда Ҳосил байрами "байрам қилинибди". Бундай байрам ўтиб бўлганидан эса 31 октябрга келиб хабар топдик....


Кунингдан бир кунинг қолса – телевизор кўр,
Пулингдан бир пулинг қолса – телевизор кўр.

Зеро, телевизор билимдир.

Масалан, мен шу пайтгача ўзбекда “Меҳржон” деган байрам борлигини билмасдим.

ЎзТВнинг 31 октябр кунги эфирини, “Қадрдон қадриятлар” кўрсатувини кўриб, билиб олдим.



Кўрсатув қаҳрамонларидан бирининг тушунтиришича, “Наврўз баҳорда табиатнинг уйғонишини билдирса, Меҳржон кузда кун билан туннинг тенг келиши”.

Демак, “Меҳржон” “Наврўз”га симметрик байрамдир.


“Шунинг учун мен ўйлайманки, бундан кейинги меҳр-садоқат, меҳр-муҳаббат байрами бўлиб қолади бундан кейин ҳам. Чунки бу ҳосил байрами. Номи ўзи билан ҳосил байрамида”.

Демак, Меҳржон – Ҳосил байрами.

Сал эртароқмасми?

Ахир 21 сентябрда Энг Катта Ҳосил – Пахта Ҳосили терими росмана бошланганига эндигина икки ҳафта бўлган, ҳали баъзи жойларда биринчи терим ҳам тугамаган бўладику?!

21 сентябрда Бош вазирнинг селектор йиғилишлари ўтказадиган аппарати симлари қип-қизил қизиб, фермердан тортиб вилоят ҳокимларигача тунларни бедор ўтказаётган бўладику?!

21 сентябрда ҳамма пахтада эканлиги кўрсатувнинг ўзидан ҳам “кўриниб” турибди. Камера ғалладан бўшаган далалар узра ҳўўвв уфққа тақалади. Байрамда иштирок этаётган бадиий ҳаваскорлардан бошқа зоғ йўқ.

“Ҳечқиси йўқ. Байрамни ўтказиб олаверайлик. Телевизорда кейинроқ кўрсатамиз – олам гулистон” деган бўлсалар керак.

Лекин 31 октябр ҳам эртароқ эди Ҳосил байрами қилишга, Меҳржон ҳосил байрамини кўрсатишга.

Ҳалигачаям даладан ҳамма қайтгани йўқ...

...деб ғудраниб ўтирсам, наманганлик бир ҳофиз катта ашулани бошлаворди.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00
Бевосита линк


Эээээ, хуш кулиб бергил жавобим,
Жонмисан, жанонмисан,
Вояййййййййй, додааааааааааайййййййййййй.


Дод, яна дод.

Агар тош эритишингиз керак бўлса, тошга Катта ашулани эшиттиринг, эримаса мен кафил.

Катта ашуладан кўнглим эриб, “Победанинг эшиги очилса ёпилмайди”нинг мустақилона версияларини инжиқлик қилмай эшитавердим.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:31 0:00
Бевосита линк


Олтиной ошиб келди,
Сойдайин тошиб келди,
Бугун ҳосил тўйига,
Тоғлардан ошиб келди.


Мустақиллик даврида толеи баланд бўлганларга ҳавасим келиб ўтирсам, кўрсатув иштирокчилари аския бошлаб юборишдики, Катта ашуладан эриган кўнглим музлади-қўйди.

Яхшиям телевизорни ёлғиз кўраётгандим. Одатда, уйда аҳли аёл бор пайтда телевизорда аския бошланиши билан ё телевизор ўчирилади ёки хотин баланд овоз билан уйда гўшт қолмаганиданми, қўшнининг келини кетиб қолганиданми гапира бошлайди.

Чунки аския – ғирт эркакча жанр.

Аския чойхонадан ёки Ташқи ҳовлидаги меҳмонхонадан ташқарига чиқмаслиги, Ичкаридагилар эшитмаслиги керак бўлган айтишувдир.

Аския баъзи-баъзидагина санъат даражасига кўтариладиган, кўп ҳолларда эса, бачканаликдан бир энлик ҳам кўтарилолмайдиган айтишувдир.

Аскияда айтилаётган сўзлар эмас, сўз остидаги маъно муҳим.

Сўз эмас, ана ўша остмаъно кулги уйғотадики у ҳар доим ҳам яланғочдир.

Мана эшитинг кўрсатувда янграган аскиялардан бир-иккитасини:


- Мансуржон.

- Лаббай.

- Гулмисиз, сунбулмисиз, жанбулмисиз, райҳонмисиз?

- Айтганингизман.

- Ерни тайëрлаб қўйиб, уруққа қараб қолганмисиз.

*******

- Мансуржон ака.

- Лаббай.

- Гулмисиз, райҳонмисиз, жанбулмисиз, сунбулмисиз?

- Айтганингизман.

- Ерларингизни тайëрлаб, уруғни олиб келиб ака, уруғ яхши чиқмаса, ўзи ерни яхши ҳайдатмагансизу уруққа тўнкаб қўйганмисиз?


Бу аскияни эшитиб кулган бўлсангиз, демак уни тушунибсиз.

Кулмаган бўлсангиз - тушунмабсиз.

“Қадрдон қадриятлар” кўрсатуви даврасида аскиячиларни эшитиб ўтирган фарғоналик аёллар ҳам кулишмаяпти.

Қийин бўлди уларга: кулишса – тушунганликлари билиниб қолади-да...

Менимча, аскияни телевизорда кўрсатиш тўғрисидаги қарорни аския айтилмайдиган вилоятдан чиққан бирон бир арбоб қабул қилган бўлса керак.

Агар ўша арбоб водийлик бўлганидайди, “Ҳей ўртоқлар, қўйинглар-е, уят бўлади-е”, деган бўларди.

“Қадрдон қадриятлар” кўрсатувида аския бошлангунича бир фермер мана бундай деди.


“Муҳтарам президентимиз Ислом Абдуғаниевич Қашқадарëда фермерлар билан учрашганларида ҳосилларни, пахта майдонларни шарбат билан ҳосил чуқурларини кавлаб туриб оқизинг дедилар. Шуни мен ўзим фермер хўжалигимнинг пахта майдонида синадим. Синаган эдим, бир теримда 39 центнер ҳосил олдим. Яна ҳосил иккинчи теримимизга турибди. Яна давлатга қўшимча 20 тонна пахта сотмоқчиман. Мана бу байрaмда қувонсанг бўладиган байрамда”.

Аския эмас бу. Лоф ҳам эмас. Вполне жиддий гап.

Лекин негадир кулгим келди.

Негадир кулдим.

***

Аскиячилар пири, анжанлик Абдулхай махсумнинг аскияларидан.

Махсум ака Тошкентга, дўсти Ғафур Ғуломга совға сифатида бир қорасувча пичоқ юборибди.

Совғага илова қилинган дуои саломда пичоқ тўғрисида мана бу гап ҳам бор экан:

“Ғафур, агар биронтаси бир тақай деса, бериб қўйма!”

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:30 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG