Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

Ётоқсиз талаба вақтинчалик рўйхатдан ўтказилмаяпти


Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасидаги Талабалар уйида ётоқхоналар сони қисқаргани боис, бу ердаги уч олий ўқув юрти талабалари вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муаммосини ўзлари ҳал қилиш мажбур бўлмоқда.


Талабалар шаҳарчасидаги ётоқ — югурганники

Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналар сони қисқаргани боис ушбу шаҳарчага қарашли уч йирик олий ўқув юрти - Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент Давлат Техника Университети ва Тошкент Давлат юридик институтининг вилоятдан келиб ўқиётган кўпчилик талабаси жойсиз қолмоқда.

Ётоқхонадан жой ололмаган талабаларга эса турар-жой масаласи билан бирга Тошкент шаҳридан вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муаммосини ҳам мустақил ҳал қилиш мажбурияти юкланмоқда.



Ўзбекистон Миллий университетининг Биология факултети 2-босқичида таҳсил олаётган талабалардан бирининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка маълум қилишича, у айни пайтда Олмазор туманидаги ижара уйларидан бирида ноқонуний равишда яшашга мажбур бўлмоқда.

"Квартирамизнинг эгаси уйига рўйхатга қўймайди, бу аниқку энди. Лекин, ВУЗ городокка ҳам рўйхатга қўйишмаяпти. Бозор куни квартирамизга участковой келди. Шунақа студентмиз, дедик. Бир сафар майли, лекин янаги сафар чора кўрамиз, деб дўқ қилиб кетди. Ётоққа борсак, биринчи келишинг керак эди, энди жой йўқ, дейди" деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Биология факултети 2-босқичида таҳсил олаётган самарқандлик талаба.


Деканатдаги комиссия рухсати — улгурганники

Ўзбекистон Миллий университети ректоратидан олинган маълумотларга кўра, аслида бу талаба учун Талабалар шаҳарчасидаги 18-Талабалар уйидан жой берилиши мумкин эди. Аммо, бундай имкониятга ҳамма ҳам эриша олмайди.

- Ҳозир ҳар битта деканат қошида комиссия бор. Ўқув рейтинги 72 баллдан кам бўлмаган, дарсга қатнови яхши бўлган ва ётоқхонадаги жамоат тадбирлари, масалан, ҳашарларда фаол қатнашган талабаларни комиссия танлайди ва ётоқдан жой беради, деди Миллий университет ректоратининг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик университетнинг Биология факултети талабаларига жой берувчи махсус комиссия вакиллари билан боғланишга уринди.

- Комиссия ишини сентябрнинг бошида тугатиб бўлган. У талаба ўша вақтда жой олиши керак эди. Ҳозир уже жой қолмади, комиссия ҳам ишини тугатган, дея гапни калта қилди Ўзбекистон миллий университетининг 900га яқин талаба таҳсил оладиган энг йирик Биология факултети деканатида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Миллий университетнинг Озодлик суҳбатлашган ҳар икки ходими Талабалар шаҳарчасида ётоқ жойлари сони озайганини тан олди, аммо бунинг сабабларини изоҳлашдан бош тортди.


Вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ҳаққи — буюрганники

Биология ва Хорижий тиллар факултетлари талабалари жойлаштирилган 18-ётоқхона телефони гўшагини кўтарган ходим ҳам Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда ётоқхонада мутлақо жой қолмаганини очиқ тан олди.

Унинг сўзларига кўра, жой ололмаган талабага вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ҳаққи ҳам ўз-ўзидан берилмайди.

Бу ходим билан микрофонсиз суҳбатдан маълум бўлишича, бунақа ҳолат айни ўқув йили бошидан буён кузатилмоқда ва сентябр бошида келиб, ётоқхонадан жой олишни уддаламаган талабалар Тошкент шаҳарида рўйхатдан ўтиш муаммосини ҳам ўзи ҳал қилиши лозим.

"Қонун шунақаку, биз қонунга қарши иш қилмаймиз", деди микрофонсиз суҳбат якунида 18-ётоқхона маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими.

Талабалар уйларидан яна бирининг коменданти ўтган йили ҳомий топилмагани боис 3 та ётоқхонанинг бузилгани жой танқислигини келтириб чиқарганини айтди.

Шунингдек, шаҳарчадаги иккита 9 қаватли ётоқхонанинг ўқув корпусига айлантирилгани ҳам талабалар учун ётоқ жойини қисқартиргани айтилди.

Талабалар шаҳарчаси дирекцияси ва ҳокимияти бу маълумотларга ойдинлик киритишга уринган Озодлик мухбирининг мурожаатларини ҳозирча жавобсиз қолдирди.


Участковойдан эксклюзив хизмат — уддалаганники

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий университети ректоратидан олинган маълумотларда талабалар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бораётгани жой танқислиги муаммосини келтириб чиқаргани айтилди.

Айни пайтда университет маъмурияти талабаларни ўқишга қабул қилар экан, уларни ётоқ билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олмаяпти.

Бунинг натижасида талабанинг аҳволи йилдан йилга оғирлашиб бораётганини тан олган ректорат ходими вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муаммосига билвосита ечим борлигини айтди.

Унга кўра, талаба Талабалар шаҳарчасининг Милиция таянч пунктига бориб, участка нозиридан ёрдам сўраши мумкин.

Нозир талаба ижара топган ҳудуддаги ҳамкасблари билан боғланиб, ижарачининг ҳақиқатда олий ўқув юртида таҳсил олиши ва маълум сабабларга кўра, ётоқсиз қолгани боис ижарада туришга мажбур бўлаётганига кафил бўлади.

Миллий университет ректоратининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ҳозир биофакнинг оғир вазиятда қолган талабаси ҳам шундай эксклюзив ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин. Аммо, бу ҳуқуқ ҳаммага ҳам бирдек берилиши мумкинми ёки йўқми — бу савол очиқ қолди.

Ўзбекистон Миллий университетидаги раҳбар лавозимда ишлайдиган ва исми сир қолишини истаган манбадан олинган маълумотга кўра, ҳозир университетнинг ётоққа эҳтиёжи бўлган талабаларидан 20 фоизигина Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналарда истиқомат қилмоқда.

Ётоқхона ололмагани боис вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ҳаққидан маҳрум қолган талабалар эса ижара ҳаққини тўлаш билан бирга ўзи яшаб турган ижара уй ҳудудидаги участка нозирларига пора беришга ҳам мажбур бўлмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:18 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG