“Давлат автомобил назорати (ДАН) га ишга кириш учун 6 – 7 минг доллар пора бериш, бундан ташқари мунтазам равишда бошлиқларга “узатиб” туриш керак”. Бу ДАНдан ҳайдалган кичик сержант айтган гаплардан бир-иккитаси, холос.
Биринчи боб. Арз
Бундан икки ҳафта муқаддам “Жамият ва қонун” эшиттириши билан фарғоналик бир йигит Skype орқали боғландию ҳасратидан “тутун чиқа бошлади”.
- 2007 йили ишдан олишган. Тинимсиз мана шунақа проблемалар, азоб-уқубат, поддавление 5-6 марта ишдан олиб, 5-6 марта ишга қўйишган. Мана ҳозир ҳам ишдан олишган. Прокуратура, ҳаммаси тил бириктираяпти. Президентга ëзган аризаларим прокуратура еб ташлаяптида Фарғонаникида.
Иккинчи боб. Танишув
Гапни масаланинг ўртасидан бошлаб олган йигитни гапдан аранг тўхтатиб, аввал танишиб олайлик, дедик.
- Мен Жаҳонгирбек Назаровман. Фарғона вилоятидан. 1983 йилман, ëшим 29да.
Озодлик: Фарғонанинг қайси туманидан?
- Данғара туманидан.
Озодлик: Ўқиганмисиз?
- Ўқиганман. Қўқон шаҳар Сервис-тадбиркорлик коллежини 2002 йил имтиëзли қизил диплом билан битирганман.
Озодлик: Нима деган касбга ўқигансиз?
- Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш.
Озодлик: Оилалимисиз?
- Ҳа.
Озодлик: Нечта болангиз бор?
- Энди¸ Худо хоҳласа.
Озодлик: 2002 йилда коллежни битиргандан кейин қаерларда ишладингиз?
- Қашқадарëда, Муборак шаҳрида бир ярим йил ҳарбий хизмат қилдим. Кейин келиб 2004 йилдан 2006 йилгача ўзимизнинг вилоятда Бувайда туманининг қўриқлаш бўлимида ишладим милиционер лавозимида. 2006 йил август-сентябрларда ўзимизнинг Фарғона вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига ишга олинганман.
Учинчи боб. Ҳайдалиш
Бу боб мазмун моҳиятига кўра, биринчи бобнинг давомидир.
Озодлик: 2006 йилдан бошлаб қачонгача ишладингиз?
- 2012 йил 30 июлгача.
Озодлик: 30 июлдан бу ëғига нима билан бандсиз?
- Ҳозир ишдамасман. Ишдан олган. Умуман ички ишлар соҳасидан четлаштириб ташланганман.
Озодлик: Нима учун?
- Энди гапирса гап кўп.
Озодлик: Гап кўплигини билиб турибман. Ишдан бўшатганларнинг назарида қанақа қонун буздингиз?
- Махсус инспекция бошлиғи жиззахлик Шуҳрат Сойипназаров хизмат суриштируви қилган экан. Мен бехабарман ундан. Хизмат суриштирувда делоларни йиғиб прокуратурага берган. Бунинг сабаби нима бўлаяпти уларнинг наздида, мен ичиб олиб, маст ҳолатда ëки умуман ичиб олиб тўполон қилган экан эмишман.
Тўртинчи боб. Мақсад
Бу бобда ишдан ҳайдалган кичик сержант Жаҳонгир Назаровдан бизга мурожаат қилиши сабабини сўрадик.
- Озодлик радиосини исташимнинг сабаби шуки, аризаларим қонуний кўриб чиқилмаганлиги, мен муҳтарам президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовга ëхуд республика МХХ, прокуратурасига ариза ëзаяпман. Мана шу аризаларимни булар қандайдир таниш-билиш қилиб катталарга еткиздирмаяпти. Менда адовати бор раҳбарлар қонуний кўриб чиқилишига жуда кучли тўсқинлик қилаяпти. Мақсад мен мана шуни радио орқали эшиттириш қилсам, бу ҳақда юртбошимиз эшитишларини ëки юқоридаги раҳбарлар қулоғига чалиниб эшитилса, балки менга ëрдам берилиб, мана шу ҳолатлар қонуний кўриб чиқилади деган умиддаман. Етказа олмаган аризаларимни ҳеч бўлмаса радио орқали етказиш қўлимдан келар деган мақсаддаман.
Бешинчи боб. Аризачилар
Бу бобни ўқимасангиз ҳам бўлаверади. Лекин биз ёзиб қўйишимиз шарт.
“Жамият ва қонун” эшиттириши узоқ муддатли танаффусдан сўнг қайта тиклангач, унинг мундарижасини тингловчиларимиз аризалари белгилай бошладики, биз уларни – аризаларни эшиттиришимиз номи ва руҳидан келиб чиқиб ўрганишга ҳаракат қилаяпмиз.
У ёки бу аризачи билан боғлиқ воқеани ёритар эканмиз, максимум холис бўлишга, масалани объектив ёритишга уринаяпмиз.
Эшиттиришимиз хат қутисида яна бир неча ариза ўз навбатини кутиб ётибди.
Жаҳонгир Назаровники улардан бири.
Хўш, нега бошқаларникини ортга суриб милиция ходимининг арзини ўрганаяпмиз?
Гап шундаки, яқинда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёр бўлганини хабар қилди.
Бас, шундай экан, милиция кичик сержанти Жаҳонгир Назаровнинг муаммолари қонун қабул қилиниши арафасида бу соҳадаги муаммоларга бирров назар ташлаб олиш учун яхши имкон, деб ўйладик.
Бугунги эшиттиришда Назаровнинг бевосита раҳбари, Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси давлат автомобил назорати хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшан Тожибоев ҳам иштирок этади.
Жаҳонгир Назаровнинг гапларига ишонмасликка асосларимиз қанчалик йўқ бўлса, унинг бошлиғи Равшан Тожибоевнинг гапларига ишонмасликка ҳам асосларимиз йўқдир.
ДАН мамлакат аҳолисининг жуда қалин қатлами ҳар куни мулоқотга киришадиган хизматки, Назаровнинг гапларида жон кўпроқми ёҳуд унинг бошлиғи гапларидами – ана ўша қатламга кирувчи тингловчиларимиз ўзлари бир фикрга келиб олар.
Олтинчи боб. Кирдикорлар
Жаҳонгир Назаров ўзининг “ҳақиқат учун, ҳалоллик ва адолат учун толмас курашчи эканлигини, унинг бу хислатлари бошлиқларига ёқавермаслиги”ни ўзининг ишдан олиниши сабабларидан бири сифатида тилга олиб ўтди ва соҳадаги “қинғир ишлар”ни бирма-бир санай бошлади.
Масалан, Назаровнинг бир соатдан ортиқроққа чўзилган суҳбат давомида айтишича, ДАНга ишга кириш учун 6 – 7 минг доллар пора бериш керак.
Назаровга кўра, доимий қинғирликлардан энг каттаси ходимлар маошларининг тўла берилмаслигидир.
Айтишича, ишдан ҳайдалгунича милиция кичик сержанти Назаровнинг ойлик маоши 650 минг сўм атрофида бўлган.
Озодлик: Мана сиз ойлик олгани бордингиз. Ведомостга қўл қўйдингиз. У ерда 600-700 минг пул. Қўл қўйдингиз, қўлингизга 100 минг берди. Сизга пул бергувчи нима деб тушунтиради?
- Бизга ойига квитанция берилади. Дейлик битта квитанция 12 минг 450 сўм ëки мана ҳозир ойликлар ошди, ошган бўлиши керак жарима, квитанция беради ҳайдовчилар томонидан хавфсизлик камари тақилмаган тақдирда жойида жарима қилиш учун ëки техник носоз транспорт воситасини бошқарганда жойида жарима қилиш учун. Ана шуни бизга мажбуран беради. Биз жойида аниқлаб қоидабузарликларни, жарима қилиб пулини топширишимиз керакда. Пулни топшириш топширмаслик билан буларнинг иши йўқ. Масалан ойлигим 700 минг бўлса, секингина .....
Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.
Еттинчи боб. Бошлиқ
Данғаралик милиция кичик сержанти Жаҳонгир Назаровнинг айтганларидан пайдо бўлган саволларни “Жамият ва қонун” эшиттириши Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси давлат автомобил назорати хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшан Тожибоевга берди.
Озодлик: Сизларда Жаҳонгир Назаров деган йигит ишлаган экан.
- Ҳа, ҳа.
Озодлик: Шу киши бизга “Мени ноқонуний ишдан бўшатишди” деб арз қилаяпти. Шунинг учун у кишининг бошлиғи сифатида сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим.
- Энди ака бунга қидирув эълон қилинган.
Озодлик: Жиноятчими у?
- Ҳа, қамаш тўғрисида қарор чиққан. У қидирувда. Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан қидирув эълон қилинган унга.
Озодлик: Нима жиноят қилган у?
- У ичиб олиб, маст ҳолатда формада тўполон қилиб, уриб, УВД замначалникларни урган бу ерда. Унга кейин 277-модда билан иш қўзғатилган прокуратурада. Прокуратурада иш қўзғатилиб, унинг бунинг устидан ëзиб, у ëқ-бу ëқда юрибди. Ҳозир унга прокуратура томонидан қидирув эълон қилинган.
Озодлик: У “Тошкентдан қўйилган Сойипназаров деган бир вакил бор. Шу одам ҳатто управлениенинг бошлиғини ҳам ишдан олиб юбориши мумкин бўлган кучли, қудратли одам” дейди.
- Йўқ, йўқ, у гапираверади. Қидирув эълон қилинган. Уни ахтаришаяпти ҳозир.
Озодлик: Қачон эълон қилинган қидирув?
- Анча бўлди. Бир ойга яқин бўлиб қолди. Иш қўзғатилиб, у юрибди дискларни қилиб, дисклари бор эди. МХХ ҳамма жойга берган уни, дискни нима қилган. Ўша кунги жанжали дискларга олинган. Раҳбарият билади уни ҳаммаси.
Озодлик: Қидирув эълон қилинган бўлса, бемалол Фарғонадан телефон қилаяптию.
- Ҳа, қидирув эълон қилинган. Топишади. Бир жойларда бекиниб юрибдида у.
Озодлик: У “Мени ишдан бўшатишдан мақсадлари менинг ўрнимга 6000-7000 доллар пулини олиб бошқа одамни ишга олишади. Ҳар ойда узатиб туриш керак. Биз ойлигимизни олмаймиз. 700 мингга қўл қўямиз, 100 минг оламиз. Қолганини квитанция беришади, квитанцияни сотишимиз керак” дейди.
- Ака, нотўғри гаплар бу ҳаммаси. Ҳамма бўйича хизмат текшируви ўтказиб, бу ерда отрядлар ҳамма жойларга ариза қилган. Ҳамма жойларда хизмат текширув қилиниб, болалардан сўраб чиқилган бу бўйича. Бу бўйича ҳамма ташкилотнинг хабари бор.
Озодлик: 7000 долларлик пора ҳақидаги гаплари туҳматми?
- Кимга берган экан 7000 доллар?
Озодлик: У “Мен бермаганман. Менинг ўрнимга...
- Йўқ, йўқ, туҳмат ака бу. Туҳмат ҳаммаси.
Озодлик: Ойлик беришмайди деган гапчи?
- Йўқ, ойлик вақтида олади ҳамма. Ойликни ҳамма вақтида олади. Келиб ходимлардан сўрашиб ҳам кетган бу бўйича. Ҳамма ташкилотга чиқиб сўрасангиз бўлади прокуратура, бошқа жой. Мен айтаëтган нарсада бу. Бунинг ҳаммасидан раҳбариятнинг хабари бор ака. Қидирув эълон қилишган. Юришибди, энди билмадим нима қилишади.
Озодлик: У бировларни калтаклаганми?
- Ҳа. Бизнинг раҳбарларга ташлаган у.
Озодлик: Раҳбарлар ҳам хафа қилгандирки у ташлагандир. Жинни бўлмаса керак бекордан бекор раҳбарларга ташлаб.
- Энди билмадим. Маст бўлган. Дисклари бор ака. Раҳбариятда дисклари бор.
Озодлик: Равшан ака, мана гаплашиб олдик. Мен сизнинг фикрингизни билдим. Мен бу ҳақда эшиттириш қилсам, сизнинг айтганларингиздан ҳам фойдаланаман хўпми?
- Мана шу ерда ҳозир қидурув эълон қилишган. Қарори ҳам чиқибди деяптию прокуратурадан.
Озодлик: Бу Озодлик радиоси. Боя ҳам айтдим. Эшиттириш қилсам, фойдаланаман.
- Бўлди ака, мен тушундим.
Озодлик: Бўпти, раҳмат сизга.
- Энди фуқаро. Ариза қилишга ҳақлию.
Саккизинчи боб. Билади
Устидан жиноят иши очилганини Жаҳонгир Назаровнинг ўзи ҳам яширмаган эди.
- Ҳозирги пайтда Фарғона вилояти Фарғона шаҳар прокуратураси менга 277-модданинг 3-қисми билан безорилик деган статяни қўзғаб қўйган. Бунга асос йўқ. Бунга ҳаққи йўқ. Сабаби у нарсалар бўлмаган. Мутлоқ ноқонуний ҳатти-ҳаракат бу. Мен буларни исботлашга ҳаракат қилаяпман. Ариза ëзаяпман. Натижада булар аризани мутлақ кўриб чиқмаяпти. Тепага, мисол президентимизга, МХХга, прокуратурага ëзаяпман.
Тўққизинчи боб. Жимжитлик
Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси давлат автомобил назорати хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшан Тожибоев билан суҳбат 28 ноябр куни ўтказилган.
Ўшандан бери бир неча бор Жаҳонгир Назаров билан боғланишга уриндик. Жавоб бўлмади.
Жаҳонгир Назаров олдинроқ - Тожибоев билан суҳбат ўтказилишидан олдин - Озодлик билан Skype орқали боғланган, кейин биз ўзимиз ҳам у билан телефон орқали суҳбатлашгандик.
Гапларига қараганда, қидирувдаги шахсга ўхшамаган эди.
- Сарвар ака, интернет кафеда эдим, чиқиб кетдимда мен энди. Ҳозир машинамга чиқиб олай. Гапираверинг, чиқаяпман.