Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:30

Юлдуз Усмонова Гулига бағишлаб қўшиқ айтди


Ўзбекистон телевидениеси, радоиси ва концерт залларида қўшиқларига бир неча йилдан буён тақиқ қўйилган Юлдуз Усмонованинг президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага бағишланган қўшиғини санъатшунослар мадҳиячилик ёрдамида катта саҳнага қайтиш тамаси билан изоҳламоқда.


Таниқли ўзбек қўшиқчиси, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг Гулнора Каримовага бағишлаб, айтган "Гулисан" қўшиғи тўрт ярим минут давом этади:

Қордан қўрқмас чучмома¸
Гуллайверсанг қишда ҳам¸
Қишнинг Гулисан.

Ҳар кўнгилга йўл топиб¸
Исëнини ололсанг¸
Кўнгил Гулисан.

Гулисан, Гулисан
Муҳаббатдан ёнасан
Гўзаллик сандадир,
Шунинг учун Гулисан

Атиргулни севишар, лек ўйлаброқ узишар,
Тиканли Гулим, гул ҳидли Гулим, ўшал Гулисан

Атрингни соч атрофга, таратгин ҳар тарафга,
Тиканли гулим, гул ҳидли гулим, ўша Гулисан.


Юлдуз Усмонова куйлаган бу қўшиқ Sayyod.com ва Yotube.com сайтига қўйилганидан сўнг мухлислар орасида кенг баҳсу мунозарага сабаб бўлди.

Sayyod.com муштарийлари бу қўшиққа “супер” деб таъриф беришаётган бўлса, бошқа сайтларда бу қўшиқ матни маъно жиҳатидан жуда ҳам саёз, деб баҳоланмоқда.

Facebook ижтимоий тармоғида шарҳ қолдирган ўзбек шоираси Мунаввара эса бу қўшиқни маддоҳликдан бошқа нарса эмас деб атади. Тожикистонлик шоира Мунаввара Озодлик билан суҳбатда ўз фикрини бундай тушунтирди:

- Мен қўшиқни эшитдим, матнни ўқидим. Агар шу шеър қўшиқ бўлган бўлса, у на шеър ва на қўшиқ, у бир маддоҳлик холос. Иймон деб, эътиқод деб яшайдиган одам ҳеч қачон иймонини нафс учун, саҳна учун сотмаслиги керак. Юлдуз Усмонова жуда баландда эди, унга тақиқ қўйилгани уни янада баландга олиб чиққан эди. Нега бунчалик пастлади, тушунмадим. Бу қўшиқ унга обрў келтирмайди. Чунки, санъатни асосий мухлислари бунинг қўшиқ эмаслигини билиб турибди. Бу лаганбардорлик холос ва буни умри жуда қисқа бўлади,- дейди шоира Мунаввара.

Сўнгги бир неча йилдан буён Ўзбекистон телевидениесида ва концерт саройларида чиқишлари тақиқланган Юлдуз Усмонова Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримова раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Маданияти ва санъати форумининг йил якунларига бағишланган онлайн-анжуманида биринчи бор ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида пайдо бўлди.

Бу анжумандан сўнг Юлдуз Усмонованинг президент қизига бағишланган қўшиғи Интернет сайтларига чиқди.

Кузатувчилар Юлдуз Усмонованинг бу тадбирда қатнашгани ва унинг Гулнора Каримовага бағишлаб айтган қўшиғидан сўнг унинг учун ёпилган барча йўллар яна очилиши ҳақида тахмин қилмоқдалар.

Интернетнинг ижтимоий тармоқларидаги баъзи мухлислар бу қўшиқнинг мусиқаси таниқли турк қўшиқчиси Тарканнинг "Ask gitti bizden" қўшиғидан кўчирма эканлигини ёзадилар.

Озодлик таниқли ўзбек қўшиқчиси Юлдуз Усмоновага боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ хонанданинг продюссери Юлдуз Усмонова интервю бермаслигини айтди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:53:24 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG