Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:27

Ўзбекистонда қайси смартфон “мода”да?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида Ўзбекистонда бугунги кунда урф бўлган смартфонлар ҳақида суҳбатлашамиз.



Россиянинг Новокузнецк шаҳрида меҳнат қилаётган наманганлик Шавкат исмли йигит смартфонлар мавзусида мурожаат қилди.

“Менда ҳеч смартфон телефон бўлмаган. Бу ерда бир икки танишларим смартфон телефон олишган. Улар роса мақташди. Мен ҳам баҳорда Наманганга қайтсам, смартфон олмоқчиман. Ўзбекистонда ўзи қайси смартфонни олиш мумкин? Энг модний смартфон қай бири? Кейин анчагина қиммат экан. Ҳозир пул йиғаяпман. Ўзбекистонда смартфонни қанчага олса бўлади? Илтимос шуларни билиб берсангиз” дея Skype орқали мурожаат қилди наманганлик Шавкат.

Тошкентда мобил телефонлар билан савдо қилувчи дўконларнинг сотувчилари ёрдамида бугунги кунда оммабоп телефонлар қайсилар эканини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Мурод исмли сотувчи йигитга кўра, бугунги кунда ўзбекистонликлар орасида смратфонга қизиқиш билдираётганлар кўпаймоқда.

- Ҳозир энг популярнийси (оммабоп демоқчи-таҳр.) Galaxy. Samsung Galaxy Note, Galaxy 3, Galaxy 2 бор. Кейин iPhone 4, iPhone 5 ана шулар ҳозир жуда популярний. Nokia билан Sony ҳам бор. Уларнинг сенсорнийлари чиққан. Лекин талаб Galaxy билан iPhone га кўпроқ, деди Мурод.

Ўзини Анвар деб таништирган бошқа бир сотувчиси йигит эса, ўз харидорлари орасида бошқа фирма ишлаб чиқарган смартфонларга талаб кўпроқлигини айтади.

“Янги чиққан HTC One X га қизиқиш кўпроқ. Кейин ўзи HTC нинг турли моделлари тез сотилади. HTC Sensation XE ва HTC One V-S лар ҳам жуда харидоргир” деди микрофонсиз суҳбатда тошкентлик сотувчи йигит.

Илк суҳбатлашганимиз Мурод исмли сотувчи айрим смартфонларнинг нархига ҳам тўхталди.

- Samsung Galaxy 1 миллион 600 минг сўм, 1 миллион 200 минг сўмлиги бор. 1 миллион сўмлиги ҳам бор. iPhone- 4 нархи 500 доллар, iPhone- 4S нархи 600 доллар, iPhone 5 нархи 800 доллар, деди Мурод.

Анвар исмли сотувчи йигит ҳам дўконидаги смартфонлар нархи ҳақида маълумот берди.

“iPhone-5 нархи 2 миллион 380 минг сўм, iPhone-4 нархи 2 миллион 235 минг 200 сўм, Смартфон Nokia Lumia 800 нархи 1 миллион 955 минг 800 сўм, HTC Sensation XE – 1 миллион 450 минг сўм”, деди Анвар.

MobInfo.uz сайти Ўзбекистонда энг харидоргир бўлган 10 хил смартфоннинг нархларини эълон қилган:

1) HTC One X - 1, 856, 000 сўм
2) HTC Sensation XE - 1, 450, 000 сўм
3) Sony Xperia S - 1, 682, 000 сўм
4) HTC One V - 957, 000 сўм
5) HTC One S - 1, 769, 000 сўм
6) HTC EVO 3D - 1, 261, 500 сўм
7) Samsung Galaxy Note - 1, 595, 000 сўм
8) HTC Explorer - 493, 000 сўм
9) Sony Ericsson Xperia mini pro - 609, 000 сўм
10) Apple iPhone 4S - 2, 117, 000 сўм


Тошкентлик сотувчи йигитларга кўра, пойтахт дўконларида асосан, Хитойда ишлаб чиқарилган смартфонлар сотилади.

Анварнинг айтишича, Хитойда ишлаб чиқарилган қалбаки смартфонлар ҳам айрим дўконларда савдога қўйилган бўлиб, уларнинг нархи жуда арзон, масалан қалбаки iPhone телефонларини 100-300 долларга харид қилиш мумкин.

Яқин орада Ўзбекистоннинг Artel компаниясида ишлаб чиқарилган Android телефонлари савдога чиқарилади. Бу ҳақда Озодликка гапирган компания вакилига кўра, янги телефонлар хорижий аналогларидан қолишмайди ва уларга нисбатан 30 фоиз арзонроқдир.

Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистонда Хитойнинг ZTE компанияси ҳам смартфонлар ва планшетларни йиғишни йўлга қўйиши хабар қилинган.

Маҳаллий матбуот маълумотига кўра, ZTE компанияси Peng Sheng ширкати билан ҳамкорликда UZTE қўшма корхонасини ташкил этган.

Strategy Analytics тадқиқот маркази ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботга кўра, 2012 йилда дунё бўйлаб 1,575 миллиард дона мобил телефон сотилган бўлиб, бу 2011 йилга нисбатан 1,9 фоизга кўпроқдир.

2012 йилда сотилган смартфонлар сони эса, дунё бўйлаб 700 миллион донани ташкил қилади. Strategy Analytics маълумотига кўра, бу олдинги йилга нисбатан 43 фоизга кўпроқ демакдир.

Ўзбекистонда ўтган йили сотилган мобил телефон ва смартфонлар ҳақида аниқ маълумот бирор жойда эълон қилингани йўқ. Лекин тошкентлик савдогарлар билан суҳбатимиздан ўзбекистонликлар орасида ҳам смартфонлар оммабоплиги ошиб бораётганини кўриш мумкин.

Тошкентдаги “Узинфоком” компьютер ва информацион технологияларни ривожлантириш ва жорий қилиш марказининг исми сир қолишини сўраган мутахассисига кўра, Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони 9 миллиондан зиёд бўлиб, улардан 5,2 миллиони мобил интернет фойдаланувчилари ҳисобланади.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG