Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:21

Қирғиз расмийлари Ўшда йирик наркобарон ушланганини иддао қилмоқда


Гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа жиноятларда гумонланган Хайрулло Маматхонов шу йилнинг 6 феврал куни Ўш шаҳрида қўлга олингани 11 февралда очиқланди.

- Бу одам гиёҳванд моддалар савдоси билан кўп йилдан бери шуғулланиб юрган. У аввал бир неча бор милиция ва бошқа органлар томонидан қўлга олинган бўлишига қарамай, доим суддан чиқиб кетган. Ҳозир у Россияда қўзғалган жиноий иш асосида қўлга олиниб, уйида тинтув ўтказилди. Бу сафар узоқроқ ушлаб турилади, деб умид қилаяпмиз. Унинг ишлари бўйича етарли маълумотлар бор, - деди Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Гуламжан Анарбаев.

Қўлга олинган 49 ёшли Хайрулло Маматханов жиноий гуруҳ раҳбари сифатида ҳам гумонланмоқда. Тергов жараёнида унинг 2009 йили Россиянинг Иркутск вилоятига 133 килограммдан ортиқ қорадори юборгани ҳам маълум бўлган.

Гуламжан Анарбаев қўлга олинган Хайрулло Маматхановни “Ўшнинг 1-рақамли гиёҳванд моддалар барони” деб атади ва у бу ишни ўз яқинлари билан бирга амалга оширишини айтди:

- У Ўшнинг 1-рақамли гиёҳванд моддалар барони. Гиёҳванд моддаларни асосан Россияга юборган. 2000 йилда у ва унинг жияни 800 килограмм билан қорадори билан қўлга олинган. Бу одамнинг жиянларига нисбатан ҳам жиноят ишлари бор. Бироқ барча жиноят ишларининг якуний хулосалари йўқ, натижаси чиқмай қолган. Барча ишларни тергов жараёнидаёқ қисқартириб ташлашган, - деди Гуламжан Анарбаев.

Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш хизматининг маълум қилишича, Маматхонов 2010 йилги Ўш воқеаларига алоқадорликда гумонланиб ҳам қидирувда бўлган. Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеаларидан сўнг унинг уйида ўтказилган тинтувда 40 килограмм гиёҳванд модда, ўқлари билан қурол, қуролли тўқнашув учун мўлжалланган учта КАМАЗ машинаси топилган. Шу йилнинг 17 январ куни эса у милиция томонидан қўлга олинган, бироқ суд уни ҳеч қаерга кетмаслик тўғрисидаги тилхат асосида озод қилган. Унинг бошқа одамлар номига расмийлаштирилган 40 дан зиёд турар-жой ва ўнлаб автомашина эгаси экани ҳам айтилади.

Исми ошкор этилиши ва овози ёзиб олинишини истамаган ўшликлардан бирига кўра, июн воқеалари чоғида Хайрулло Маматхонов Ўшнинг Калинин мавзеи яқинида жойлашган Отхона номи билан машҳур жойда ва ўз уйида ўзбек миллатига мансуб кўплаб аёллар ва болаларни яшириб ўтирган. Ўш воқеалари чоғида Отхонада у 500 га яқин одамни боқиб, шу ерда жон сақлашига кўмаклашган. Ўшликларга унинг 2000 йилда гиёҳванд моддалар савдосида гумонланиб, қамалиб чиққани маълум, холос.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари, генерал Артур Медетбековнинг айтишича, Ўш шаҳри афғон афюнининг тарқалишида асосий нуқталардан сифатида маълум.

- Дунёдаги гиёҳванд моддаларга қарши кураш маълумотларига асосан, Ўш шаҳри наркойўлак сифатида асосий вазифани бажаради. Афғонистонда 7 минг тоннага яқин гиёҳванд модда етиштирилса, унинг 20 фоизи Қирғизистон орқали ўтади. Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлар орасида қирғиз ҳам, тожик ҳам, ўзбек ҳам бор. Бироқ уларнинг барчаси Қирғизистон фуқаролари, - деди Артур Медетбеков.

Маълумотларга кўра, гиёҳванд моддалар савдосидан йилига 65 миллиард доллар фойда келса, Қирғизистон орқали ўтган гиёҳванд модда савдосидан тушган пул 7 миллиард долларни ташкил қилади. Афғонистондан келаётган афюн Қирғизистон орқали Қозоғистон, Россия, ундан нари эса Европага ўтиб кетади. Бугунги кунда Қирғизистонда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи ўттизга яқин гуруҳ борлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG