Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:34

Абдулла Авлонийнинг қизи уйида ўлдириб кетилди


Ўтган йил кузида Тошкентдаги Ўқитувчилар малакасини ошириш институтида Авлонийнинг қизи Ҳакима ая (ўртада) билан учрашув ўтказилганди.
Ўтган йил кузида Тошкентдаги Ўқитувчилар малакасини ошириш институтида Авлонийнинг қизи Ҳакима ая (ўртада) билан учрашув ўтказилганди.

Тошкент шаҳар Миробод туман “Тонг нури” маҳалласида истиқомат қилувчи 91 ёшли Ҳакима ая Авлоний 17 феврал куни ўз уйида ўлдириб кетилган. Номаълум сабабларга кўра, ўз уйида ўлдириб кетилган Ҳакима ая жадидчилик ҳаракатининг таниқли арбоби, журналист ва драматург Абдулла Авлонийнинг қизи бўлади.


Бу ҳақда Озодликка билдирган Ҳакима аянинг қўшниси Дилором опанинг айтишига кўра, қотилликни ким ва нима мақсадда қилгани номаълум қолмоқда.

- Ҳозир уйни милиция ходимлари ўраб олган. Ким ва нима мақсадда Ҳакима аяни ўлдирилгани номаълум. Ҳакима ая бир ўзлари яшар эдилар. Эшик бузилмаган. Демак, эшикни аянинг ўзлари очганлар. Қотилнинг мақсади ўғирлик бўлганми ë бошқами - билолмаяпмиз, дейди “Тонг нури” маҳалласида яшовчи Дилором опа.

Қотиллик юз берган жойда Миробод туман ички ишлар бўлими ходимлари навбатчилик қилишаяпти. Бу ҳақда Озодликка билдирган Миробод туман ички ишлар бўлими тергов бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, қотиллик юзасидан текширувни Тошкент шаҳар прокуратураси олиб бормоқда.

Тошкент шаҳар прокуратураси вакили Озодлик мухбирига қотиллик юзасидан изоҳ бермаслигини айтди.

Номаълум сабабларга кўра, ўз уйида ўлдириб кетилган Ҳакима ая жадидчилик ҳаракатининг таниқли арбоби, журналист ва драматург Абдулла Авлонийнинг қизи бўлади.

Ўтган йил кузда Тошкентдаги Ўқитувчилар малакасини ошириш институтида Авлонийнинг қизи Ҳакима ая билан учрашув ўтказилган эди.

Айни пайтда Абдулла Авлонийнинг ўнга яқин қариндоши Тошкентда истиқомат қилади.

Таниқли ўзбек актери Гавҳар Зокирова ҳам Авлонийга эвара бўлади.

17 феврал куни ўз уйида ўлдириб кетилган 91 ёшли Ҳакима ая эса Авлонийлар сулоласининг кекса вакили эди.

Айрим ахборот воситалари эса расмий манбаларга таяниб, Тошкент шаҳрининг Миробод туманида феврал ойи ичида 4 йирик босқинчилик содир этилгани ҳақида хабар қилди.

Айрим манбалар бунинг амнистия актига илиниб, озодликка чиққан собиқ талончи-босқинчиларнинг яна жиноятга қўл ура бошлагани билан изоҳламоқда.

Бироқ, Миробод туман ички ишлар бўлими ва прокуратураси талончиликлар ҳамда Ҳакима Авлонийнинг қотиллиги ўртасида боғлиқлик бор ёки йўқлигига ойдинлик киритиши мумкин бўлган бирор маълумот бергани йўқ.


Абдулла Авлоний ҳақида икки оғиз

Абдулла Авлоний тошкентлик таниқли жадидчилардан бири бўлган.

1907 йили Тошкентда “Шуҳрат” газетасини чиқарган Авлоний кейинчалик “Туркистон” театр труппасини ташкил қилиб, минтақада санъат ва маърифат ривожига ҳисса қўшган.

Авлоний аксар таниқли жадидчиларни қирғин қилган 1937 йилги қатағонлардан аввалроқ 1934 йили Тошкентда 60 ëшида оламдан ўтган.

Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларида кўплаб кўчаларга у кишининг номи берилган. Шунингдек, Тошкентдаги Ўқитувчилар малакасини ошириш институтига ҳам Абдулла Авлоний номи берилган.
XS
SM
MD
LG