Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:25

АҚШдаги ўзбек: "Ўзбекистонга бориш учун Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаман"


Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси консуллик хизматлари ҳақида ҳозирлаганимиз эшиттириш жараёнида Ўзбекистонга бориш учун Ўзбекистон фуқаролигидан чиқишга мажбур қолганлар билан ҳам суҳбатлашдик.


Флоридадан: "Консуллик телефонни кўтармади"

Шу кунларда АҚШнинг Флорида штатида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Фотима опа у билан бирга АҚШда яшаётган ўғлининг 24 ёшга тўлгани муносабати паспортини алмаштириш зарурати боис Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси консуллик хизматига мурожаат қилганини сўзлаб берди.

“Вашингтонга бориб келиш биз учун узоқ, кейин қиммат ҳам. Шунга консулликка интернетдаги номерларига телефон қилдик, лекин ҳеч тушолмадик. Айтилган вақтида қайтиб-қайтиб телефон қилаверасиз, ҳеч ким кўтармайди. Шу билан на боролдик, на телефонда гаплашолдик. Ўғлимни паспорти муддати битиб кетди. Энди жарима тўлаб қутулса бўлар экан, шу билан қолиб кетди бу иш”, деди асли самарқандлик Фотима опа.

Флорида ва Вашингтон ўртасидаги масофа қарийб бир ярим минг километр.

Фотима опа: "Агар Озодлик элчихона консуллик хизматига боғлана олса, муддати битган паспорти бор ўзбекистонликлар нима қилиши мумкинлигини ҳам билиб берса", деган илтимосни тилга олди.


Пенсилваниядан: "Консулликда яхши қабул қилишди"

АҚШнинг Пенсилвания штатида истиқомат қиладиган Абдуллоҳ исмли йигит эса паспорти йўқолгани боис консулликка учраш учун Вашингтонга бориб келганини айтди.

Озодликка интервю беришни истамаган, аммо микрофонсиз суҳбатлашган Абдуллоҳга кўра консулликда уни яхши қабул қилишган.

“Муомаласи энди шу ҳамма ўзбекларни ташкилотларидагидек. Америкаликларга ўхшаган жуда полайт(хушмуомала)мас, совуққон. Ҳужжатларимни олиб қолишдида, кутишга вақтингиз бўлмаса кетаверинг, адресизга жўнатворамиз, дейишди. Лекин, у справкаси бир ярим ой деганда келдида менга. Лекин келганига хурсанд бўлдим. Орада қанча телефон қилдим, лекин тўғриси интернетдаги телефонига ҳеч тушиб бўлмайди”, деди Озодликка овозини ёзиб олмаслигимиз шарти билан сўзлаган Абдуллоҳ.


Ню Йоркдан: "Боламга метрика беришмаган"

АҚШнинг Ню Йорк шатитида яшаётган ва АҚШда туғилган икки боласига Ўзбекистондан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун уринган, аммо гувоҳнома ололмаган аёллардан бири ҳам ўз вақтида Озодликка мурожаат қилган эди.

Ўзбекистонда никоҳи қайд этилган ва сўралган ҳужжатларни Ню Йоркдаги консуллик хизматига тақдим қилганига қарамай, боласи 4 ойлик бўлгунга қадар ҳам гувоҳнома ололмаган аёл, охир-оқибат, Ўзбекистондаги яқинлари орқали никоҳи қайди этилган тумандан гувоҳнома олганини айтган эди.

"Лекин, боланинг ўзи ҳали Ўзбекистонга борамаганда. Агар биз чегарадан кирсак, бола АҚШда туриб, метрикани қанақа қилиб олгансизлар, деб сўраб қолиши мумкин экан. Шунга хавотир қилиб турибмиз", деган эди ўзбекистонлик аёл.

Биз у аёл билан қайта боғланиш ҳамда унинг ҳозирги вазиятини ўрганишга уриниб кўрдик. Аммо, боғлана олмадик.


Ню Жерсидан: "Ўзбекистон фуқаролигидан чиқишга мажбурман"

Уч фарзанди АҚШда туғилиб катта бўлаётган Саодат болалари туғилган кезда АҚШ қонунчилигига биноан уларга Америка фуқаролигини олиш имконидан фойдаланганини айтмоқда.

Болаларининг АҚШда мавжуд барча имтиёзлар ва имконлардан фойдаланиши ва бошқа болалар билан тенг даражада билим олиб, улғайишини истаган Саодат фурсати билан уларни она ватани Ўзбекистонга олиб бориб туришни ҳам орзу қилади.

АҚШ фуқароси бўлган фарзандлари учун Ўзбекистонга виза олиш ниятида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси консуллик хизматига мурожаат қилган Саодат жуда оғриқли муаммога дуч келганини айтмоқда.

- Биринчидан, уларга телефон қилиб тушиш жуда қийин. Хат ёзсангиз, жавоб келмайди. Мен зўрға телефонда боғлансам “Болаларингизга виза берилмайди. Ёки болаларга метрика олиб, Ўзбекистон фуқаролигига мурожаат қилишингиз керак, ëки ота-она ҳам Америка фуқароси бўлган тақдиргина болаларга Ўзбекистонга виза беришимиз мумкин, бошқа йўли йўқ”, дейишганди. Болаларнинг Америка фуқаролигини тортиб олиш келажагини барбод этган билан баробар бўлади. Шунинг учун бу йил Америка фуқаролигига мурожаат қиламан энди, дейди Саодат.

АҚШда доимий яшаш ва ишлаш ҳаққига эга бўлган бу аёл Ўзбекистонни жуда севиши, ҳамиша ота-онаси ва яқинларини қумсашини айтади.

Айнан шу сабаб боис, гарчи ҳаққи бўлса-да йиллар давомида АҚШ фуқаролигига мурожаат қилмаган Саодат энди Ўзбекистон фуқаролигидан бундан воз кечишга мажбур қолаётганини айтади.

Аммо, бу ҳам осон эмас. У фуқароликдан чиқиш ёки бошқа заруратлар учун консулликка топширилиши керак бўлган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати расмий веб-саҳифада кўрсатилмаслиги, тўлиқ рўйхатни консулининг ўзидангина олиш мумкинлиги ҳақида гапирди.

- Агар болаларни бемалол Тошкентга олиб бориб келиш имконим бўлганда, мен Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмас эдим. Болалар ўзи 16 ëшга тўлгандан кейин ўзининг хоҳишига ташлаб қўярдим: истасанг Америка фуқароси бўлгин, истасанг Ўзбекистон фуқароси бўлгин, деб, дейди Саодат суҳбат сўнггида.

Хуллас, АҚШда юрган ўзбекистонликларнинг шу мазмундаги мурожаатлари, саволларини тўплаб, одатга мувофиқ Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси консуллик хизматига мурожаат қилдик.


Жавобсиз қўнғироқлар, мактуб бормаган электрон манзиллар

Уч кун кетма-кет қилинган мурожаатимизга, аксар америкада юрган ўзбекистонликлар шикоят қилгани каби, бирор жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Элчихонанинг Вашингтондаги консуллик хизмати учун берилган расмий сайтда берилган - (202) 530-7291, (202) 202-9633 телефон рақамларига қилган қайта ва қайта қўнғироқларимизга ҳеч ким жавоб бермади.

Расмий саҳифада берилган consul@uzbekistan.org электрон манзилига ёзган мактубимизга ҳам ҳозирча жавоб олмадик.

Яна бир манзил - info@uzbekcounsulny.org манзилига такрор-такрор юборилган мактублар эса эгасини тополмай ортга қайтиб келди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Ню Йорк шаҳридаги Бош Консуллиги учун расмий сайтда берилган (212) 230-1341, (212) 754-7403 рақамларига қилинган қўнғироқларимиз ҳам жавобсиз қолди.

Хусусан, Ню Йорк шаҳридаги Бош Консулликнинг телефонига ўрнатилган автожавоб тизимидаги ўзбекча-инглизча қоришиқ маълумотдан эса тўлиқ жавоб олиш имконсиз бўлди.

Бу вазиятдан кўринадики, АҚШда юрган Ўзбекистон фуқаросининг исталган вақтда, мисол учун хориж фуқароси ёки давлати томонидан ҳуқуқлари поймол этилган ва ҳаётига таҳдид пайдо бўлган пайтда унинг ҳимоясига масъул этилган консуллик хизмати ходимлари билан тезкор боғланиш имкони ўта чекланган.

Табиийки, журналист халқи учун Вашингтон ва Ню Йоркдаги ўзбек консуллари ёки уларнинг ходимларини топишнинг бошқа имконлари ҳам бор.

Аммо, бу эшиттиришни ҳозирлашдан бош мақсад Ўзбекистон фуқаролари учун консулликлар томонидан берилган боғланиш ва ҳимоя олиш имконларини ўрганишдир.

Озодлик АҚШдаги консулликлар билан боғлиқ мавзуга яна қайтади ва АҚШда юрган минглаб ўзбекистонлик тилга олган муаммолар ечими хусусида тегишли жавобни олишга ҳаракат қилади.


"Ўзбек элчихонаси эшигида..." лойиҳасида иштирок этинг!

"Ўзбек элчихонаси эшигида..." туркумидан эшиттиришларимиз давом этади ва сиз тингловчининг ёрдамига ҳам умид қилиб қоламиз.

Марҳамат, агар сизда ёки сиз таниган-билган ўзбекистонликларда ўзбек консулликлари билан боғлиқ конкрет ҳолатлар бўлса, бизга билдиринг.

Лойиҳада иштирок этинг ва қўлингиздаги фуқаролик паспортида ёзиб қўйилган ҳуқуқингиздан фойдаланишга ҳаракат қилинг:

"Паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир!"

Мурожаат учун манзил:

мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460

Ушбу лойиҳа доирасида Озодлик билан ҳамкорлик қилаётган тингловчилар ва консуллик хизматларига чуқур миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз!
XS
SM
MD
LG