Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:20

Давлат заёмлари тақдири нима бўлади?


 Ўзбекистоннинг 1992 йилда чиқарган заёмлари.
Ўзбекистоннинг 1992 йилда чиқарган заёмлари.
OzodJavobнинг навбатдаги сонида 1990 йилдаги мақсадли фоизсиз заёмлар ва 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёмлар тақдирини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Тошкент шаҳрида яшовчи Муроджон email орқали савол йўллаб, ҳозирда тақдири мавҳум қолаётган заёмлар борасида қизиқди.

“Дадам 1992 йилда омонат дафтарчасидаги пулларига 40 минг сўмлик заём олган. Дадамнинг айтишича, ўша пайтда бу жуда катта пул бўлган. Орадан 20 йилдан кўпроқ вақт ўтди пулдан дарак йўқ. Кейин тоғам ҳам заём олиб куйганлардан. У 1990 йилда “Жигули” машинасини олиш учун 8 минг сўмга заём олган. Дадам билан тоғамнинг бормаган жойи қолмади. Лекин бирор натижа йўқ. Шу заёмлар учун бирор нарса берилармикин ёки бутунлай умидни узиб қўяверайликми? Илтимос шуни аниқлаб берсангиз” дея мактуб йўллади тошкентлик Муроджон.

1992 йилги заёмлар:

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бир йил ўтиб, 12 фоизли ички ютуқли заёмларни сотувга қўйди.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг Қимматли қоғозлар ва молия бозори бошқармаси мутахассиси Искандар Ҳакимовга кўра, ўша пайтда 500 сўмлик ва 1000 сўмлик облигациялар кўринишида жами 20 миллиард сўмлик заём сотилган.

- Жами 25 миллиард сўмлик заём чиқарилган 92-йилда. Шундан 20 миллиарди аҳолининг қўлида. 5 миллиарди сотилмаган, деди Ҳакимов.

Мутахасисга кўра, мазкур заёмлар 20 йил муддатга чиқарилган бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати 2012 йилнинг 1 июл куни тугаган.

- Заёмларни қоплаш муддати эса 2014 йилнинг 1 июлигача, деди Ҳакимов.

Вазирлик мутахассисига кўра, 20 йил давомида музлатиб қўйилган заёмлар бўйича ҳукумат ўз мажбуриятини унутгани йўқ.

- Шу масалани ҳал қилиш бўйича таклиф берилди. Лекин ҳали ҳукумат томонидан бу борада қарор қабул қилинмади. Келаётган йилда давлат бюджети лойиҳасида балки кўзда тутилиб қолар. Ҳозир шунга ҳаракат бўлаяпти, деди Ҳакимов.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида битта "Жигули" машинасини 8 минг сўмга харид қилиш мумкин бўлган. Ўша пайтда 1 АҚШ доллари тахминан 15 сўм атрофида бўлган.

Сўнгги 20 йил давомида ўзбек сўмининг фақат қадрсизланиши кузатилди.

Лекин Молия вазирлиги мутахасиси Ҳакимовнинг айтишича, мазкур заёмлар бўйича тўловларни қайтариш пайтида ўтган йиллардаги инфляция ва индексация ҳисобга олинади.

- Бу нарсалар барчаси кўзда тутилади. Ҳамма нарса ҳисоб-китоб қилингач маълум бўлади қанча тўланиши. Албатта инфляцияни ҳисобга олишади. Бу борада ҳукуматнинг тегишли қарорини кутишимиз керак, дейди Ҳакимов.

1990 йилги заёмлар:

Собиқ Иттифоқ даврида сотувга чиқарилган Давлат мақсадли фоизсиз заёмлари халқ истеъмол моллари (автомобил, телевизор, музлатгич, тикув машинаси ва бошқа товарлар)ни харид қилиш имконини берарди.

Фуқаро ўзи хоҳлаган товар пулидан келиб чиқиб заём олган ва бу заём уч йилдан сўнг товарни олиш ҳуқуқини берган.

Ўзбекистон Молия вазирлиги маълумотига кўра, ўша пайтда ўзбекистонликларнинг 70 мингдан ортиғи мазкур заёмларни сотиб олган.

“ Ўзбекистонликлар турли русумдаги 10 минг 674 дона автомобиль, 29 минг 106 дона рангли телевизор, 9 минг 30 дона тикув машинаси, 7 минг 414 дона музлатгич, 1226 дона кир ювиш машинаси каби маҳсулотлар учун заёмлар олган”, дейилади Ўзбекистон Молия вазирлиги маълумотида.

Совет Иттифоқи парчалангач, 1990 йилги Давлат заёмлари бўйича қарзларни узиш мажбуриятини мустақил давлатлар ўз зиммасига олган.

МДҲ давлатларининг 1993 йилда Москвада бўлиб ўтган махсус йиғилишида Ўзбекистон ҳам 1990 йилги Давлат заёмлари бўйича қарзни ўз аҳолисига тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Қозоғистон, Россия каби давлатлар бу қарзларини аҳолига қайтарган. Ўзбекистонликлар эса 23 йилдирки, ҳеч бўлмаса заём учун тўланган пуллари қайтарилиши умиди билан яшаяпти.

Молия вазирлиги мутахасиси Искандар Ҳакимовнинг Озодликка айтишича, мазкур заёмлар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг махсус қарори қабул қилингачгина заёмлар қарзи узилиши мумкин.

- 90-йилги заёмлар мақсадли заёмлар бўлган. Машинадан тортиб, ҳар-хил нарсалар. СНГ давлатларидан иккитами, учтами давлат тўлаб берган. Қолган республикалар турибди. Ҳукуматнинг қарори чиқмагунча бу нарса ҳал бўлмайди. Ҳукумат қарор қабул қилиши керак бу масалада, деди Искандар Ҳакимов.

Бироқ суҳбатдош мазкур заёмлар бўйича Ўзбекистон ҳукумати қарор қабул қилиш-қилмаслигига ойдинлик киритмади.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG