Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

Тошкентда ушланган фаоллар озод қилинди


Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли яқин кунларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси олдида норозилик акцияси ўтказмоқчи.
Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли яқин кунларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси олдида норозилик акцияси ўтказмоқчи.
Тошкентнинг Учтепа туман ички ишлар бўлимида кеча 12 соат тутиб тутилган ҳуқуқ фаоллари Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов кечки соат 22.30 ларда қўйиб юборилган.

Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли маълум қилди.

Унинг айтишича: 9 март куни у Нуриддин Жуманиёзов билан биргаликда Ўрикзор мардикор бозорига милиционерлар жарима ундирган мардикорлар арзини тинглаш учун борган.

Маълум бўлишича, икки мардикорга Учтепа туман ички ишлар бўлимида ишлайдиган милиция ходимлари пропискани баҳона қилиб, жарима солганлар ва жарима олинганига оид ҳужжат тақдим қилганлар.

Мардикорлардан мазкур ҳужжатни олиб, бозордан қайтаётганларида ҳуқуқ фаолларини Учтепа туман ички ишлар бўлимининг террорчиликка қарши кураш бўлими ходимлари тўхтатиб, бўлимга боришлари лозимлигини айтишган.

- Биз: “Жуда соз, айнан ўша ёққа кетаётган эдик”, дедик ва машинага ўтириб бўлимга келдик, - дер экан Абдулла Тожибой ўғли туман ички ишлар бўлимида фаолларнинг бўлим раҳбарлари билан учрашиш талаби милиционерлар томонидан турли баҳоналар билан бажарилмаганини қўшимча қилади.

Абдулла Тожибой ўғлига кўра, улар бўлимда ўтирган пайтда у ерга Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг террорчиликка қарши кураш бўлимидан уч киши, туман бўлими ходимлари ва бошқа 15 чоғли одам йиғилган.

Улар фаоллар қўлидан мардикорлардан олинган жарима ҳужжатини юлиб олганлар ва “Буни акт билан сиздан мусодара қиламиз” дейишган. Шунингдек, милиционерлар ҳуқуқ фаолларини мардикорлар орасида ноқонуний фаолият олиб борганликда айблашган.


- Учтепа туман ички ишлар бўлимида ўтирганимизда Владимир Ҳусаинов (ҳуқуқ ҳимоячиси – таҳр.) телефон қилиб қолди менга. Ҳусаинов билан телефонда гаплашиб турган пайтимда иккита барзангидек ходим менга ташланиб, қўлимни қайириб, телефонимни олиб қўйди ва уни мусодара қилишди, - дер экан Абдулла Тожибой ўғли милиционерлар уларга нисбатан бундан бошқа қўполлик қилмаганини қўшиб қўйди.

Нуриддин Жуманиёзовнинг айтишича, у ва Абдулла Тожибой ўғлини бир муддат бирга ушлаб турган милиционерлар кейинроқ уларни алоҳида-алоҳида хонада сақлаганлар. Унинг фикрича, милиционерлар икки фаолни турли жойда сақлаб, уларни бир-бирига қайраб, адоват қўзғамоқчи бўлганлар.

- РОВД ходимлари билан гаплашаётган пайтимда шаҳар ички ишлар бошқармасининг террорчиликка қарши кураш бўлими ходими келиб, “Абдулла Тожибой ўғли ҳамма айбни сизга тўнкаяпти” деди. Мен кескин жавоб бердим: “Бор-бор, бизга халақит берма, нима қилса, ўзи билади”, дедим, - дейди рўйхатга олинмаган Мардикорлар касаба уюшмаси раҳбари Нуриддин Жуманиёзов.

Фаолларга кўра, улар Учтепа туман ички ишлар бўлимида бўлган пайтда бўлимга 20 чоғли мардикорларни гувоҳлик кўрсатмаси бериш учун олиб келганлар.

Кеч соат 22.30 ларда суд бўлиб, Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаганлик) бўйича энг кам иш ҳақининг уч баробари (тақрибан 220 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Ҳали суд қарорини қўлларига олмаганларини билдирган фаоллар қарор қўлларига тегиши билан бу борада юқори инстанцияларга апелляция тартибида ариза киритажакларини қайд этдилар.

Абдулла Тожибой ўғли эса милиция ходимларининг қўпол хатти-ҳаракатига норозилик ифодаси ўлароқ яқин кунларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси олдида акция ўтказиш нияти борлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG