Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:25

Тошкентлик маошхўр оилалар харажатларни қисқартирмоқда


Коммунал тўловлар ошиши, айниқса, ёлғиз пенсионерлар учун турмушига салбий таъсир қилади.
Коммунал тўловлар ошиши, айниқса, ёлғиз пенсионерлар учун турмушига салбий таъсир қилади.

Биринчи апрелдан бошлаб коммунал хизматлар нархининг оширилиши ортидан давлат корхоналари ва идораларида ишлайдиган ишчи-хизматчилар ва пенсионерлар оила бюджетини қайтадан кўриб чиқяпти. Бюджет хизматчилари янги кийим-кечак харид қилиш, сариёғ ва гўштли овқатларни истеъмол қилишдан тийилиб туришига тўғри келаётгани айтилмоқда.



Тошкентда иссиқ ва совуқ сув, электр энергияси, табиий газ ва бошқа коммунал хизматларга тўловлар биринчи апрелдан ўртача 13-20 фоизгача ошади.

Давлат корхоналари ва идораларида ишлайдиган тошкентлик ишчи-хизматчилар ва ёлғиз пенсионерлар коммунал хизматлар нархлари ошгандан кейин оила харажатларини қисқартиришларига тўғри келишидан ташвишда.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган 68 ёшли ёлғиз пенсионер Муяссар опа ана шундайлардан бири:

- Ҳамма нарсага нархлар ошди, шунга кайфиятимиз бир пул бўлиб ўтирибмиз. Энди қуруқ нон билан шакарга ёпишамиз яна. Сариёғни гапирмай қўя қолинг. Бир килоси 35 минг сўм бўлиб ётибди. Гўшт эса 16-17 минг, бу ҳам қовурғали гўшт. Энди ўлиб қолмаслик учун ҳар замон арзон қиймадан бир оздан олиб турамиз,- дейди пенсионер Муяссар опа.

Тошкентлик нафақахўр Абдуқаҳҳор Мусаев давлат идораларидан бирида ишлаётган ўғлининг маоши ва унинг бугунги молиявий аҳволи ҳақида гапирар экан, бундай ёш оилалар ота-оналарининг пенсияси кўмагида кун кечираётганини таъкидлайди:

- Ўғлим давлат идораларидан бирида хизматчи бўлиб ишлайди. Қўлга оладиган маоши 250 минг сўм. Иккита боласининг боғчасига 120 минг сўм тўлайди. Мана қолгани нимага етишини президентни ўзи ҳисобласин. Мени пенсиям 290 минг сўм, кампиримники 180 минг сўм. Ўшаларни қўшиб ўғлимни оиласини судраб келяпмиз. Куни кеча Наврўзда президентимиз роса ўйнаб берди. У ўйинга тушишдан олдин ўз халқини қандай кун кўраётганини ҳам бир ўйлаб кўрса яхши бўларди. Ҳозирги ҳаётга бу ойликлар мутлақо тўғри келмайди, маош олиб ишлайдиган одамларга жуда ҳам қийин бўлиб қолди,- дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Узметроном Интернет газетаси сўровига кўра, биринчи апрелдан коммунал хизматларга тўловлар ошиши ортидан пойтахтдаги ўн оиладан саккизтаси оилавий харажатларини қайтадан кўриб чиқишини айтган. Одамлар кундалик харидларидан сариёғ, гўшт, янги мева-сабзавотлар, шоколадни босқичма-босқич камайтириб бораётганларини айтган.

Бу сўровга кўра, 100 та тошкентлик оиланинг 92 таси йилда бир бор курорт ёки санаторийларда дам олиш ёки саломатлигини тиклаш учун маблағ йиғиш имконига эга эмас.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати мамлакат аҳолисининг даромади йилдан йилга кўпайиб келаётганини, одамлар турмуши яхшиланаётганини иддао қилади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бундан уч йил муқаддам, мустақилликнинг 19 йиллигига бағишланган йиғилишда, ўзбекистонликларнинг ўртача маоши 500 АҚШ долларига етганини гапирган эди.
XS
SM
MD
LG