Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:21

Телевизорда мақталишнинг нархи неча пул?



"Текинга мушук ҳам офтобга чиқмайди!" деган нақлнинг миллат зеҳниятига чуқур ўрнашиб кетгани бор гап. Оддий ўзбекистонликлардан Озодлик таҳририятига келаëтган мактуб ва мурожаатларга қаралса¸ бундай зеҳниятнинг¸ ўзбек журналистлари шуурига ҳам сингиб кетгани кўрилади.

***************************************************************************

“Гапириб нима қиласиз, барибир ҳеч нарса ўзгармайди-ку?!”

Бу гапни кўпчиликдан эшитганман. Турфа хил мавзулар юзасидан қилганим мулоқотлар чоғида турли касб эгаларидан эшитганман.

Лекин бу гапни ҳамкасбимдан – журналистдан эшитиш етти ухлаб тушимга кирмаган эди.

“Гапириб нима қиласиз, барибир ҳеч нарса ўзгармайди-ку?!”

Ҳайрат ва умидсизликка қоришиқ бу саволни саволимга жавоб тариқасида “Ўзбекистон” телевидениеси журналистидан эшитдим.

Овозини эшиттирмаслик ва исмини атамаслик шарти билан саволларимизга жавоб берган журналист билан суҳбатимиз ва умуман бугунги эшиттиришимиз мавзуини бухоролик бир тадбиркор аёлдан келган шикоят хати белгилаб берди.

Бухородан хат келди

Мактубнинг дуои саломдан кейинги давоми бундай: (Хатнинг аслини жузъий қисқартишлар билан эълон қилаяпмиз)

“…Sizlarga telefon orqali bog'lanishim ham mumkin edi ammo bir qo'shnimiz sizlar bilan telefon orqali gablashgani uchun anchagacha qiynalib yurdi shu uchun sizlar bilan pinhona so'zlashishga ahd qildim. men asli Buxoroni Shofirkon Tumanidagi bir qishloqdanman. 6 yildan buyon yakka tartibdagi tadbirkorlik bilan shug'ullanib kelaman. sizlrga yozishimdan maqsad birovni aybini aytish emas balki Buxoro xalqiga bo'layotgan qalloblik haqida xabar bermoqcgiman xolos. maqsadga o'tadigan bo'lsak bundan 1 oy muqaddam...”

Бундан 1 ой муқаддам, (хат Озодликнинг электрон адресига 18 март куни тушган, демак гап февралда бўлган воқеа устида кетаяпти) маҳаллий телестанциялардан бирининг журналисти телетасвирчи билан келиб мактуб муаллифи корхонасини тасвирга туширади.

Хат муаллифи телевидение номини ҳамда журналист аёл исмини келтирган.
Мактуб муаллифи тилга олган факт юридик йўл билан расман тасдиқланмагани учун исмни келтирмасликка қарор қилдик.

Қолаверса, эшиттиришимиздан мақсад конкрет шу воқеани ўрганишдан кўра, кўпроқ бу воқеа бир унсури бўлган ҳодисани ўрганишдир.

Демак, феврал ойида хат муаллифи корхонасини тележурналист тасвирга туширди. Мактуб давомини эшитинг:

“Syomka avvalida hech gab yo'q edi . syomka tugagach manga 500 000 so'm berasiz bo'masa korxonayizdagi noqoqnuniy ishlar haqida hokimiyatga xabar beraman. agar shu pulni bersayiz sizni hokim ko'z o'ngidagi eng faol tadbirkor qilib ko'rsataman deb dag'dag'a qila boshladi. to'g'ri korxonada hali kamchilik bor buni yashirmayaman. masalan dastgohla eski lekin bu bilan noqoqnuniy ish olib borish degan gab emasku . qancha harakat qisam ham baribir eng yomoni erim hokimiyatda falon ishda ishlaydi aytsan korxonangni tagi tugi bilan yuqotib yuboradi dedi. shunda noiloj qoldim bilasiz 500 000 so'm kam pulmas korxonamni 1 oyda topadigan sof foydasi shuncha bo'ladi xolos. pulni berib yubordim…”

Хатдан туғилган саволлар

Бухоролик тадбиркор аёлнинг хатини шу ергача ўқидигу бошимиз қотди: бу аёлга қандай ёрдам бера оламиз, нима учун мелисага айтмайди, прокурорга бормайди, ахир журналист билан боғланиб, унга “шантаж қилибсиз, пулини қайтариб беринг”, десак, “хўп, ака, адашибман, узр”, демайди-ку, қайтанга ўзимиз туҳматчига чиқиб қоламиз-ку...

Шундай ўй-сано билан хатни охиригача ўқиб қўйдик ва гап охирига бориб мутлақо бошқача бурилиш ясаганидан ҳайратга тушдик.

Хатни, албатта, охиригача ўқиймиз.

Лекин ҳозирча ҳодисага – журналистика ва коррупция ҳодисасига умумий назар ташламоқчимиз.

Ишдан бўшатилган ва ишлаётган икки журналист билан суҳбат

“Ўзбекистон” телевидениеси журналистидан “Гапириб нима қиласиз, барибир ҳеч нарса ўзгармайди-ку?!” деган саволомуз жавобни “Бухоролик аёл айтган воқеанинг чинлигига, яъни журналист ўз материали қаҳрамонини шантаж қилиб пул ундиришига ишонасизми?” деган саволимизга олдик.

Саволимизни Миллий телерадиокомпаниянинг собиқ журналисти Малоҳат Эшонқуловага ҳам бердик.

- Албатта, ишонаман. Ўзим бевосита мана шу соҳанинг мутахассиси бўлганлигим учун бевосита ҳам, билвосита ҳам бир неча марта бундай ҳолатларга гувоҳ бўлганман. Шунинг учун мен тушунаман. Бунақа воқеалар бўлиши табиий Ўзбекистоннинг бугунги шароитида.

Озодлик: Гувоҳи бўлганман деганингизни қандай тушунишим керак?

- Мен мана шу соҳада 1-2 йил эмас 20 йил ишлаганман. Шу нуқтаи назардан бу соҳа вакиллари орасида менинг жуда қадрдонларим бор, ўртоқларим бор, сирдошларим бор. Ва табиийки мана шундай пайтларда ўша ҳамкасблар ўтириб, ўзаро суҳбатлашиб қолган пайтларимизда ўз ўзидан истайсизми истамайсизми мана шу мавзуда кўп ҳолларда гап очилиб кетган пайтлари бўлган. Улар ўзининг бошидан ўтказган воқеалар, ҳодисалар ҳақида ўзлари гапириб беришган ҳолатлари ҳам бўлган.

Озодлик: Мақтанибми?

- Баъзан мақтаниб ҳам айтган жойлари бор. Мана шу ачинарли ҳолатга тушиб қолгани учун афсусланиб, ўзининг ҳолига ачиниб айтган вақтлари бўлган. Энди биласизми бу ерда бевосита бирдан ҳамма айбни журналистга тўнкаб қўйиш қайсидир маънода нотўғри деб ўйлайман, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, баъзи ҳолатларда журналист у ёки бу воқеани ўрганар экан, хоҳлайдими-йўқми, мўмай пул унинг олдида кўндаланг туриб қолади.

Масалан, дейди журналист, телевидениега кўплаб шикоят аризалари келиб тушади.

- Кўп маротаба ўша шикоят, аризани ўрганиш учун жойларда бўлганман. Мана шу шикоятчини шикоят қилишга мажбур қилган ҳолатларни холис ўрганганман. Мана шундай шароитларда айтайлик фирма деймизми, ташкилот деймизми, корхона деймизми ана шу ташкилотларда маълум бир жиддий хатоликка йўл қўйганликларини журналист суриштирувлари томонидан аниқланган ҳолатлари бўлган. Мана шундай пайтларда “журналист талаб қилди” дейиш ноўрин бўлади. Ўша ташкилотлар ëки корхоналар ўзларининг ишхоналарига оид бўлган хато камчиликларни эфирга чиқариб бутун дунëга достон бўлишларини истамаган ҳолда биринчи бўлиб журналистдан илтимос қила бошлашади. Савдолашишга тушишадида энди қўпол қилиб айтганда мана шу танқидий нарсани эфирга чиқармаслик учун. Энди мана шу уринишлардан журналистнинг позицияси қандай бўлади? Бу касб эгасининг имонига боғлиқ бўлади кўп ҳолатларда, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Бугунги эшиттиришимиз мавзуини белгилаб берган конкрет воқеа юзасидан фикр билдирар экан, суҳбатдошимиз бундай деди:

- Лекин мана шу хат муаллифини ҳам мутлақо инкор қилмоқчи эмасман. Чунки ҳақиқатан ҳам кейинги пайтларда мана шу ҳамкасбларимиз орасида бир тенденция пайдо бўлди. Масалан ҳамкасбларим аввало ахборот йиғишади. Қаерда қандай нуқсон бор? Қандай камчилик бор? Қаерни “уриш мумкин”? Ана шундай информацияни тўплагандан кейин ўша жойга, биласизми, масалан телевидение мисолидан келиб чиқиб айтайлик. Тўғридан тўғри ўша жойга бориш йўда бизда. Журналист эркин мавзу танлаб ëрита олмайдиям. Албатта бунинг учун командировочний олиш керак. Сафарга бориш керакда. Сафарнома олиш керак. Бунинг учун олдин бош муҳаррир билан келишилган ҳолда сафар қоғози олишадида, ўша жойга бориб ўша вазиятни ўрганган киши бўлишади. Ҳақиқатан тасвирга олишади, ëзишади. Лекин ўша тасвирга олаëтган пайтида мана шу мавжуд камчилик, муаммони эфирга чиқара олмаслигини журналист жуда яхши билади. Чунки Ўзбекистон миқëсида танқидий нарсани эфирга беришнинг ўзи мумкин эмас. Лекин ўша ташкилот раҳбарлари бундан воқиф бўлмасликлари мумкин. Улар танқиднинг чиқиб кетишидан қўрқиб ўзлари таклиф қилиши мумкин. Ëки бўлмаса ўзаро гап жараëнида журналистнинг ўзи ҳам қандайдир гаплар билан имо-ишора қилиб қўйиши мумкин. Мана шу аснода савдо пишиб борадида. Бор шунақа ҳамкасблар ҳам. Махсус кўзлаб ўша савдолашиш учун танқидий жараëнни тасвирга оладиган ҳамкасбларимиз ҳам йўқ эмас. Ҳозир мана шу танқидий нарсани олиш ва шунинг орқасидан савдолашиш натижасида аксарият ҳамкасбларимиз тирикчилигини ўтказаяпти десам адашмаган бўламан, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида тилга тушиб қолган Малоҳат Эшонқулованинг Ўзбекистон телевидениесидан ишдан бўшатилгани ҳисобга олинса, унинг айтганлари аламзада одамнинг гаплари бўлиб туюлиши мумкин.

Шунинг учун Миллий телевидениеда шу кунда ишлаб турган журналист аёл билан ҳам гаплашдик.

“Журналист ўз материали қаҳрамонини шантаж қилиб пул ундиришига ишонасизми?” деган саволимизга жавобан “Гапириб нима қиласиз, барибир ҳеч нарса ўзгармайди-ку?!” деганидан сўнг исмини айтмаслигимиз ва овозини эшиттирмаслигимиз шарти билан айнан мана бу сўзларни айтди:

- Ишонаман, бизда бундай ишлар кўп бўлди-ку. Бир-икки йил олдин Фарғона мухбири қипқўйди шунақа ишни. Жудаям кўп бўладику бу. Лекин мен телевидениеда 16 – 17 йилдан бери ишлайман ва ҳеч қачон бундай иш қилмаганман. Оладиганлар ҳам бор, олмайдиганлар ҳам. Уларнинг кўпини биламан, деди ЎзТВ журналисти.

Болта қандай сопланган?

Миллий телевидениедан бўшатилган журналист ҳам, ишлаётган журналисти ҳам бу соҳада коррупция мавжудлигини инкор этмаяпти.

Маълумки, баъзи ташкилотлар, масалан, ички ишлар вазирлиги тизимида ички хавфсизлик бўлимлари бўлади ва уларнинг ходимлари ўз ҳамкасбларини назорат қилиши лозим. Бу ишнинг самараси қай даражада бўлиши – бошқа масала. Лекин “болта шундай сопланган” – идора ўзини ўзи назорат қилиши керак.

Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Миллий телевидениеда ҳам шунга ўхшаш бўлим мавжуд.

- Баъзан телевидениедаги фаолиятим давомида гувоҳ бўлганман. Вилоятлардан фуқаролардан маълум бир журналист устидан шикоят хати келган. Таъмагирлиги борасида. Мана шундай ҳолатларда бизларда режим хизмати дейилади. Ўша хизмат вакиллари шуғулланишганига ўзим гувоҳ бўлганман.

Озодлик: Нима дегани у режим хизмати?

- Телевидениенинг хавфсизлик масаллаари бўйича раис ўринбосари бор. Мана шу одам ва унинг бўлимидаги ходимлар шуғулланишади. Феъл-атвори, хулқи, таъмагирлигига аниқлик киритиш масаласида режим хизмати.

Озодлик: Телевидениенинг хавфсизлик масаласи деганда кираверишда турадиган милицияю умуман хавфсизлигими ëки мен сиздан сўраган нарсами? Ўша журналистнинг уситдан назорат, ҳалоллиги устидан шуғулланадигна хизматми?

- Энди улар аслида сиз биринчи айтган бандга алоқадор бўлиши керак. Телевидениени террористик нуқтаи назардан ҳимоя қилиш дейдими ўша жиҳатдан хавфсизлик масаласи билан шуғулланишлари керак. Назаримда бунга телевидениеда ҳожат йўқ шекилли. Ўзи қачон Ўзбекистонда ҳар бир касб эгалари ўз иши билан шуғулланганига гувоҳ бўлгансиз? Улар ўзларининг имконларини журналистларнинг ҳалоллигини таъминлаш, ҳалоллигини назорат қилиш масалаларига буриб юборишган, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Принципда, бир қарашда яхши гапдай кўринади бу гап. Лекин Режим хизмати ҳар бир журналистнинг ҳар бир қаҳрамони билан учрашуви устида тура олмайди-ку? Вилоятлардагилар, масалан, бугун ўрганаётганимиз хатда тилга олинган Бухородаги телевидениечи?

Чап чўнтак, ўнг чўнтак...

Журналистни “чап чўнтагига” ишлашдан тиядиган энг кучли восита унинг ўнг чўнтаги қанчалик тўлиқ бўлишига, маошдан ташқари фойдаланадиган ижтимоий ҳимоя пакетининг қанчалик қалинлигига боғлиқ.

Миллий телевидениенинг саволларимизга жавоб берган журналисти маоши тўғрисидаги саволимизга “Ойлигим яхши, кўрсатув қиладиган ойларимда бир миллионгача оламан, гонорарлар, мукофот пуллари қўшилиб”, деб жавоб берди.

Айтишича, у кейинги ойларда кўрсатув қилмаяпти ва қуруқ оклад олаяпти. Оклади қанчалигини айтишни истамади. “Етади”, дейиш билан чекланди.

Бу масалага Малоҳат Эшонқулова ойдинлик киритди.

- Умуман олганда республика телевидениесида ойликлар миқдори ниҳоятда кам. Нари борса 300-400 мингни ташкил қилади. Бу мен танийдиган, мен бевосита ишлаган ҳарбий ватанпарварлик дастутлрида маош олаëтган ҳамкасбларим ҳолатларидан келиб чиқиб гапираяпман.

Озодлик: Сиз ўзингиз ишлаган вақт эмас шу кундаги вазиятни айтаяпсизда-а?

- Ҳа, ҳозирги вазиятда мана куни кеча Наврўзда ҳамкасблар билан учрашганимизда шу гап чиқди. Шу мавзу бўлади ҳамиша маош масаласи. Моддий манфаатдорлик масаласи биринчи навбатда суҳбатларнинг бош мавзуси бўлади, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Унинг айтишича, Миллий ТВда 2 миллион сўмгача маош оладиган журналистлар гуруҳи ҳам бор.

Хўп, Режим хизмати янада кучайтирилди, маошлар нафақат нонга, балки хўрозқандга ҳам етадиган бўлди, дейлик.

Мана шу ҳолатда тамагирлик барҳам топадими?

Билмадик. Билмадигов...

Балиқ қаеридан сасийди?

Келинг яхшиси, Малоҳат Эшонқуловадан у ўз бошидан кечирган бир воқеани эшитайлик.

- Бу Кўчимов даврида бўлганда. Ўзбекистон МТРКда Абдусаид Кўчимов раҳбарлик қилаëтган пайтда мен Қашқадарë вилоятида хизмат сафарида бўлганман. Бензин танқислигининг уситдан чиққанман. У пайтларда қайсисир маънода газ, метан, пропан деган нарсалар камроқ эди. Асосан ҳамма бензинда юрарди.

Озодлик: Бу нечанчи йилги гап?

- 2002 йил мен ишдан ҳайдалдимда. 2000-2001-2002 йилнинг гапида.

Ўшанда Малоҳат Эшонқулова вилоятда бензин тақчиллиги сабабларини ўргана бошлайди ва мавзу ўз-ўзидан уни вилоят прокуратурасига етаклайди.

- Ўшанда Қашқадарë вилоят прокурорининг ўринбосари эди. Ўша киши “Бир яхши хат бор ëқилғи масаласида. Ëритсангиз, фойдадан холи бўлмасди” деган таклиф билан чиқиб қолган эди. Рози бўлганман. Ўшанда 120 миллион сўмлик давлат заҳирасидаги ëқилғи турар экан ўша Қашқадарëнинг Ғузормиди қайсидир туманида. Бориб ўшанда сëмкалар қилганмиз. Катта-катта нималарда турган бензинларни олишган. У пайтларда 120 миллион сўмми, 120 миллиард сўмми жуда катта миқдордаги пул. Ўша бензин давлат заҳирасидаги ëқилғи деб аталар экан. Фавқулодда ҳодисалар содир бўлиб қолганда ишлатилиши керак экан, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Журналистнинг ўрганишича, ўша ёнилғи – давлатнинг стратегик заҳираси – қора кунда ишлатишга сақлаб туриладиган ёнилғини бир гуруҳ чаққонлар сотиб юбориб, ўрнига сув қуйиб қўйган.

Малоҳат Эшонқулова бу ҳақда кўрсатув тайёрлаган. Ва Тошкентга қайтиши арафасида у яшаб турган меҳмонхонага кутилмаган меҳмон келади.

- Чопон кийган одам келган менинг олдимга. Оддий беқасам тўн кийган одам келган. “Синглим, сизнинг ҳам бола-чақангиз бор. Сизнинг ҳам орзу-ҳавасингиз бор” деб жуда чиройли гапирган. Жуда бошқача бўлган бунинг тафсилотлари. “Бу дунëда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Сиз олиб бориб элга достон қилишга шошманг. Ҳаммаси жой жойига тушиб кетади” деб менга битта конверт узатган. Мен у пайтлар долларни ҳам тушунмасдим. Долларни камдан кам кўрганман. Ўшанда шундоқ конвертни очиб жуда катта миқдорда доллар кўрганман. Бирдан қўрқиб кетганман. “Ака, нима қилаяпсиз? Мен вилоят прокуратураси илтимос қилганлиги учун сëмка қилдим. Аслида буни сëмка қилиш эмас бошқа масалада келган эдим мен. Агар гаплашишингиз керак бўлиб буни беришингиз керак бўлса, сиз излаган одам вилоят прокруатурасида. Манзилга келишда адашдингиз шекилли” деганманда. Қўрқиб қолганман катта пулнинг ўзини кўриб.

Озодлик: Олмагансиз, шу билан у кетган-а?

- Кетди. Узоқ илтимос қилиб ўтирди. Чойга таклиф қилди. Борганман, чойини ичганман. Бундан тонмайман. Кейин рад этганман, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Пул рад этилди. Журналист Қашқадарёга тасвирга туширган материаллари билан қайтди. Кўрсатувни тайёрлади.

- Муносабат деган кўрсатув тайëрлаганман. Одат борда телевидениеда. Ўтади бош муҳаррирлар кўригидан. Кейин “Хайрият, ана меҳнатларим маҳсулини кўраман. Мана ҳозир эфирга кетади” деб ўтирган пайтингизда шу кўрсатув эфирга берилмаслигини илтимос қилиб келувчи одамлар бўлиб қолса, ҳеч ким ҳеч нарса сўраб ўтирмайдида. Ўрнига битта повторни беришадида олиб ташлашади эфирдан. Ўша кўрсатувим эфирдан олиб ташланган.

Озодлик: Эфирга умуман кетмаган-а?

- Йўқ, умуман кетмаган. У пайтлар Абдуазим Азимов деган бош муҳаррир бўларди. Худо раҳмат қилсин. Ўша одам кўрикдан ўтказиб, тасдиқлаб кўрсатув матнлари эфирга узатилиб, кассеталар тайëр бўлган пайтда эфирга кетади деган куним эфирга кетмай қолган, дейди Малоҳат Эшонқулова.

“Битта уй ва битта машинага етадиган пул эди”

Бу воқеани Малоҳат Эшонқулова “Ҳалолман”, деб мақтаниш учун айтиб бермаганини таъкидлаб ўтди.

- Биласизми, мен ҳозир айтишим мумкин. Менга ўшанда таклиф қилинган пулга яхши икки хонали уй билан битта машина беришлари мумкин эди. Лекин, мен ўзимни жуда кўкка кўтармоқчи эмасман, нафсимни тийиб ўшани олмасдан келдим демоқчи эмасман, бу ерда нафақат нафсни тийиш, тан олиб айтиш керак ички қўрқув ҳам бўлган. Ушлаб бериш учун атайлаб уюштирилаëтган нарса эмасмикан деган ҳадик ҳам бўлган. Ростини айтиш керак, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Шикоят хатининг давоми

Ниҳоят, яна хатга қайтиб келдик.

Бухоролик тадбиркор аёлнинг мактуби давомидан маълум бўладики, тележурналист қиз 500 минг сўмни шантаж билан ундиргач, аёлга бу пул эвазига уни мақтаб кўрсатув тайёрлашни ваъда қилган. Хат давомида мана бу гаплар бор: (Хатнинг аслини жузъий қисқартишлар билан эълон қилаяпмиз)

“...ertaga efirga beramiz degan syomkani 1 haftaga cho'zizshdi nima emish mantajniklari kasal ekan. oxirgi telefon qilganimda hatto baqirib shu syomka sizziki qachon bo'sayam ko'rasiz dedi. masalani 2-tomoniga keladigan bo'sak mayli o'sha 500 000 mingga roziman lekin o'shanga yarasha sifatli narsa efirga berilishi kerakmasmi?...

Эътибор беринг, азиз тингловчи, бухоролик тадбиркор аёл Озодликка шикоят қилар экан, шантаж қурбони бўлганидан эмас, балки шантаж оқибатида санаб берган ярим миллион пули эвазига ижобий кўрсатув намойиш қилинмаётганидан зорланаяпти!

Бизни тележурналист қизнинг шантажидан кўра, тадбиркор аёлнинг ўша шантажни шантаж кўрмаётганлиги хайрон қолдирди.

Бу ҳам майли. Тадбиркор аёл ўз касби-кори характеридан келиб чиқиб, бу дунёни бозор деб билар: “шантаж билан олдими, монтаж билан олдими, ишқилиб олди.

Энди ўша пул эвазига бир нарса қилсин-да”, деяпти боёқиш. Нима ҳам дердик, бу ҳам бир позиция-да!

Лекин тадбиркор аёлнинг бу позицияси бизни хайрон қолдирган бўлса, ЎзТВ журналистининг, ишлаб турган ва исмини айтишимизни истамаган журналистининг мана бу гапи ҳайратга туширди:

“Шахсан мен олмайман. Лекин эплаганлар олса, олаверсин. Ҳалоли бўлсин”, деди.

Шундай деди.

Эшиттиришимизни шу журналистнинг “Гапириб нима қиласиз, барибир ҳеч нарса ўзгармайди-ку?!” деган гапи билан бошлаган эдик.

Унинг сўнгги гапидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳамма нарса ўзгариб бўлган кўринади. Афтидан, чиндан ҳам энди ҳеч нарса ўзгармайди.

Ё ўзгарадими?
XS
SM
MD
LG