Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:23

Коррупцияда айбланган Ucell имижини яхшилашга уринмоқда


Ucell операторининг эгаси TeliaSonera Ўзбекистонда коррупцияга қўл урганлик ва миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда айбланмоқда.
Ucell операторининг эгаси TeliaSonera Ўзбекистонда коррупцияга қўл урганлик ва миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда айбланмоқда.

Ўзбекистоннинг етакчи мобил оператори – Uсell ширкати ўз мижозларига янги бепул хизмат кўрсата бошлади. TwitterZero хизмати доирасида ўзбекистонлик Uсell абонентлари Twitter ижтимоий тармоғидан қўл телефонлари ёрдамида бепул фойдаланишлари мумкин. Ўзбекистонда коррупцияга аралашганликда айбланаётган Швециянинг TeliaSonera ширкатига қарашли Uсell мобил оператори, бундан ташқари, Ўзбекистонда хайрия тадбирларини ҳам ўтказмоқда.



Uсell мобил оператори кейинги бир йил давомида, ўз мижозларининг одноклассники, mail.ru, facebook, vkontakte каби ижтимоий тармоқларидан фойдаланишлари учун ҳақ олишни бекор қилган. Ўтган ҳафтадан бошлаб ишга туширилган TwitterZero хизмати Uсell абонентларига энди Twitter ижтимоий тармоғида ҳам бепул мулоқот қилиш имконини беради.

Uсell мобил ширкатининг абонентлар билан ишлаш бўлимининг исми сир қолишини сўраган ходими, Озодлик билан суҳбатда, янги акция Twitter ижтимоий тармоғининг Ўзбекистонда оммалашиб бораётганини назарда тутган ҳолда, мижозларни жалб қилиш мақсадида тадбиқ қилинди, дейди.

- Twitter тармоғи учун бепул хизмат, аввал ишга туширганимиз лимитсиз одноклассники, mail.ru, facebook кабиларга ўхшаш. Яъни энди мижозларимиз, телефонлари орқали Twitter тармоғига киришса Интернет трафиги учун ҳақ олинмайди. Ҳозир, хабарингиз бор, Twitter жуда оммалашиб бормоқда, ҳатто одноклассники ва mail.ru дан кўра кўпроқ шундан фойдаланишмоқда,- дейди Uсell ходими.

Унинг айтишича, бу хизмат фақатгина мобил хизматлари учун аввалдан ҳақ тўлаб қўядиган абонентлар учун кўрсатилади ва халқаро роуминг ичида ишламайди.

Швециянинг TeliaSonera телеком ширкатига тегишли Uсell кейинги пайтларда ўз мижозларининг кўнглини олишга қаратилган акциялардан ташқари, Ўзбекистонда хайрия тадбирларида ҳам қатнашмоқда. Ўтган ой охирида Тошкентда ОИТВга чалинган болалар учун “Ўрмон фестивали” номли спектаклнинг намойиш қилинишга ҳомийлик қилди.

Ширкатининг жамоатчилик билан алоқа қилиш бўлими бошлиғи Даврон Азизов маҳаллий матбуотга берган интервьюсида Ucell бу каби тадбирларни доимий равишда амалга оширишини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг МТС ширкати фаолиятини тўхтатганидан кейин Ucell мамлакатдаги етакчи мобил операторинга айланди. Ширкатнинг абонентлар билан ишлаш бўлими мулозимнинг Озодликка айтишича, бугунги кунда Ucell абонентлари сони 10 миллиондан ошган.

Ucell ижтимоий фаоллигининг ошиши TeliaSonera телеком компанияси Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони эвазига бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда айбланаётган пайтга тўғри келмоқда.

Шу сабабдан бу ҳаракатлар швед компаниясининг маҳаллий бозорда ўз обрўсини тиклаш уриниши ўлароқ баҳоланмоқда.

Ўтган ойда Швеция прокуратураси TeliaSonera иши ширкат жаримага тортилиши ёки унинг активлари музлатилишига олиб келиши мумкинлигини билдирди.

Ўтган йилнинг сентябрида Швеция жамоатчилик телевидениеси илгари сурган айбловлар ортидан очилган жиноят иши доирасида катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкати 2007 йилда Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони эвазига, воситачи ширкатлар орқали Гулнора Каримовага жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаолар тергов қилинмоқда.

Ўтган йилнинг апрел ойида швед журналистлари собиқ иттифоқ республикалари, жумладан Ўзбекистон мобил хизматларни кўрсатувчи TeliaSonera ширкатини маҳаллий хавфсизлик хизматларига ўз мижозларига оид маълумотларни тақдим қилганликда айблаган эди.

TeliaSonera Ўзбекистондан ташқари, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Булерус ва Озарбайжон каби собиқ совет мамлакатларида фаолият юритади.
XS
SM
MD
LG