Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:26

Zo’r-Zo’r хонандалари Россия бозорини эгалламоқчи



“Форум ТВ”нинг “Zo’r-Zo’r star” лойиҳаси шу кунларда якунига етай, деб қолди. Озодлик телетомошабини мазкур юлдуз инкубаторининг мухлис ва мухлискаларини қизиқтирадиган жиҳатлари таҳлилини уларнинг ўзларига қолдириб, эътиборингизни бошқа бир муҳим масалага қаратмоқчи.

Пайпоққа қурт тушди

Озодликнинг “Форум ТВ”даги ишончсиз манбасидан олинган ва сарлавҳага чиқарилган хабарнинг тўлиқ шакли будир:

“Форум ТВ” лойиҳаси “Zo’r-Zo’r star”да иштирок этаётган хонанда ва хонандашкалар лойиҳа якунига етган куннинг эртасига Россиянинг энг йирик шаҳарларига десант қилинади. Бундан аллақачон хабар топган россиялик артистларнинг пайпоғига тушган қурт капалакка айланиш арафасида. Лепс Грузиясига, Киркоров Болгариясига кетвормоқчи. Басков “ўзбеклар етиб келмас”, деб Камчаткага қочган”.


"Форум ТВ" - Пўрим ТВ

Бу маълумот етиб келиши биланоқ “ФорумТВ”ни очдик.

Тасодифни қарангки, очсак, как раз, “Zo’r-Zo’r star” кетаётган экан.

Тан бердик: қўшни каналлардан “Форум ТВ” анчайин (“анчайин” билан “анча”нинг фарқини биласиз-а?), ҳа, ҳа, анчайин фарқли.

Ана сизга тасвирдаги экспрессия, ана сизга кутилмаган ракурслар, ана сизга йирик пландаги кўркам юзлар, шаҳло кўзлар...

Бир сўз билан айтгандааа, “Пўрим ТВ” экан.

Эстетик эҳтиёжларим кўчасига кириб кетиб, “Пўрим ТВ”ни нега очганим эсдан чиқиб қолаёзибди.


Великий ва могучий тил

Эътиборимни қароқларимдан қулоқларимга кўчирувдим ҳамки, “Zo’r-Zo’r star” старлеткаларининг бижир-бижирлари ўрисча, фақат ўрисча жаранглаётганини сезиб қолдим. Ҳар ҳолда лойиҳанинг 23 апрел кунги эфирида ўзбекча гап эшитмадим.

Ўзбекчани бошловчисидан ҳам эшитмадим.

Вой, бирам ёқди, бирам ёқди денг бўлажак юлдуз ва юлдузчалар тилидан чиққан бу “великий и могучий” тил.

Билмадим, балки бир пайтлар рус тили ўқитувчиси бўлганим учун ёққандир?

Ўрисча бидир-бидир қилган хонанда ва хонандашкаларнинг ўзбекча хиргойилари ғирт ўрисча кўрсатувга узукка қўйилган кўздай бўлди, десам алдаган бўламан.


Олдин ўрисча, ўзбекчаси - кейин

Билгичлардан лойиҳанинг сайти борлигиниям билдим.

Очиб кўрдим. Йўқ, сайтида бор экан ўзбекчаси. Фақат аввал ўрисча саҳифа тугмаси, кейин ўзбекчаники.

Бекор овора бўлишибди-да. Нима қилишарди ўзбекча саҳифа очиб. Барибир кўпчилик кўрадиган телеварианти ўрисча-ку?!

Хуллас, “Пўрим ТВ”даги ишончсиз манбадан олинган хабар асоссиз эмасга ўхшайди. “Zo’r-Zo’r star”чилар лойиҳа адоғига етгач, (“после окончания проекта” демоқчиман) чиндан ҳам Россияга кетмоқчилар шекилли.

Оқ йўл!


"Форум ТВ" урчитган ғоялар

Яхши иш бошлабди “Форум ТВ” – тил билган яхши-да!

Уларнинг тутган йўли менда “янги ва янги хилма-хил” ғоялар пайдо қилди.

Ўзбекистонда корейс тилидаям канал очиш керак. Чунки Кореяда ишлайман, деган кўп. Бораман, деганлар имтиҳондан ўтказилади.

Масалан, куни кеча Самарқанд юридик коллежида ўтказилган имтиҳондан ўтиш учун “3 мингга яқин киши келди”, деб хабар қилувди 33 яшар Хуршид.

Корейс тестларининг учта шаҳарда ўтказилганини ҳисобга олсак, демак, 5 мингдан зиёд талабгор тест топширган. Имтиҳондан ўтган, демакки, Кореяга юбориладиганлар эса 300 нафарга ё етади, ё етмайди.

Агар корейс тилида ТВ очадиган бўлсалар имтиҳонлар сифати ошган бўлармиди, дейман-да!

Қолаверса, “Корейс ТВ” очилса, сериалларни дубляж қилишгаям ҳожат қолмайди – пул ёнга қолади!

Агар Кореяда ишлаётган ва ишламоқчи бўлганлар учун ТВ очишга пул топилмаса, Россияда ишлаб юрганлар учун топиш керак пулни.


"Мард ТВ"

Улар учун мўлжалланган ТВни, масалан, “Мард ТВ”, деб номлаш мумкин.
Чидаган “Мардикор ТВ”, деб тушунсин. Чидамаган...

Табиийки, “Мард ТВ”нинг ўрисчаси “Пўрим ТВ”никидан соддароқ, кўча тилига яқинроқ бўлиши керак.

“Мард ТВ”да мана бундай кўрсатувлар қилиш мумкин:

- “Ўрисча изучаем” (ўзбек мигрантларининг деярли ҳаммаси учун);

- “Андава” (қурувчи мигрантлар учун);

- “Супурги” (фаррош мигрантлар учун);

- “Продаму кетаман!” (савдогар мигрантлар учун);

- “Иккинчи жена” (россияликларга уйланиб олганларнинг оилавий можаролари тўғрисида ток-шоу);

- “Салом передайте” (Россиянинг бошқа шаҳарларида ишлаб юрган синфдошлару Ўзбекистонда қолган оила аъзоларига табриклар дастури).

Бунақа идеялар кўп. Бирон мард топилиб, “Мард ТВ”ни очса бўлди – ўзим консультант. Отвечаю, деб қўядими?

Хуллас, Ўзбекистонда ўзбекча кўрсатув қиладиган ТВнинг керагиям йўққа ўхшаб қолди.

Фақат, ғоялар тўкила-тўкила, Салехардда юрган ўзбекнинг носқовоғидай бўшаб қолган кўнгилга бир нарса ҳеч тинчлик бермаяпти: мустақиллик 20 га кирганидан кейин ўзбек маданиятини яна зўр бериб ўрисчалаштираётган “Форум ТВ” “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонунни бузиб қўймаяптими?

Менимча, бузиб қўяяпти.

Хўш, нима қилиш керак?

Балки, қонунни бекор қилиш керакдир?

Қонунни бекор қилиш осонроқдир?

Чунки “Форум ТВ” қонундан кучлироқ!

Биласиз-а, негалигини?


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:57 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG