Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

Педофил ва ўғрилар вилоятларда ҳам пайдо бўлди


Тошкент шаҳрида ёлғиз қарияларни ўлдириш ва тунашда гумонланган шахсларнинг фотороботлари.
Тошкент шаҳрида ёлғиз қарияларни ўлдириш ва тунашда гумонланган шахсларнинг фотороботлари.

23 апрел куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида ўғрилар гуруҳи бир аёлни ўлдириб, уйидаги пул ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетишди. 19 апрел куни эса Наманган шаҳрида 5 яшар қизалоқ 25-35 ёшлардаги номаълум эркак томонидан зўрланди.


Баҳриндаги қотиллик

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Баҳрин қишлоғидаги қотиллик воқеаси 22 апрелдан 23 апрелга ўтар кечаси содир бўлган.

Буни Озодликка тасдиқлаган Пайариқ тумани Ички ишлар бўлимидаги милиция ходимига кўра, бир аёл ва икки эркакдан иборат ўғрилар гуруҳи Баҳрин қишлоғидаги хонадонлардан бирига ўғирликка тушиб, уй бекасини ўлдириб, уйдан пул ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетишган.

“Жиноятчилар қидириляпти. Бутун состав уларни қидиришга жалб қилинган. Қишлоқда учётда турганларни текшираяпмиз. Ўғрилар изини Хитой ариғига борган жойда йўқотдик. Баҳриндаги қотиллик каби воқеа аввал туманимизда ҳеч кузатилмаган. Бу илк ҳолат. Кейинги қарийб 20 йил давомида бу каби қотиллик бизда бўлмаган”, деди милиция ходими.

Ўзини таништирмаган ушбу милиция ходими бошқа тафсилотларни очиқламади.

Воқеадан хабардор Пайариқдаги манбамизга кўра, ўғирликка тушган хонадондаги эркаклар Қозоғистонга ишлашга кетган ва уйда қайнона-келин бўлган.

“Воқеа тунги соат иккида бўлган. Ўғрилар келиннинг бошига қаттиқ нарса билан уришган. У ҳушидан кетгач, уни ўлди деб ўйлашган. Кейин келиннинг қайнонасини бўғиб ўлдиришган. Уйдан 5000 АҚШ доллари ва 4 миллион сўмга яқин пул ва тилла буюмларни ўғирлаб кетишган. Илтимос, бу воқеани эфирда беринглар, токи ҳамма эшитсин ва четга ишлашга кетганлар ўз уйини ёлғиз аёлларга қолдирмасликни ўйлашсин”, дейди манбамиз-пайариқлик аёл.

Наманганда педофил қидирилмоқда

19 апрел куни кечки соат 5ларда Наманган шаҳридаги Янги қурилиш маҳалласида яшовчи 5 яшар қизалоқ номаълум шахс томонидан зўрланди.

Бу хабарни Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими тасдиқлади.

Унга кўра, жиноятчи қизчани алдаб олиб кетиб, Янгиқўрғон тумани Шарқ Юлдузи қишлоғининг Охунов фермер хўжалиги ҳудудида уни зўрлаб, номусига теккан.

“Биз гувоҳлар кўрсатмалари асосида жиноятчининг фотороботини тайёрладик. Жиноятчи 25-35 ёшларда бўлган”, дейди милиция ходими.

Намангандаги манбамизга кўра, жиноятчиликда гумон қилинган шахснинг фотороботи акс этган қидирув эълонларини бугунги кунда шаҳарнинг барча кўчаларида учратиш мумкин.

“Эълонда жиноятчининг бўйи 169-175 см, юзи думолоқ, кўзи ва сочи қора, соқоли ўсган, қора рангли спорт формасида бўлган деб ёзилган”, дейди наманганлик манбамиз.

Янги қурилиш маҳалласи фаолларидан бирининг айтишича, ҳозирда маҳалла идорасида махсус штаб тузилиб, жиноятчини қидириш ишлари олиб борилмоқда.

“Идорамизда ички ишлар бўлимининг штаби ташкил қилинди. Штабга 100дан зиёд милиция ходими келган. Уларга маҳалла фаоллари ёрдам беряпти. Уйма-уй юриб, хатлов қилиб чиқяпмиз. Шубҳали шахслар, 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган йигитларнинг ҳаммасини жалб қилиб, бармоқ излари олинаяпти. Уларни суратга тушириб, жабрланувчига кўрсатаяпмиз”, деди маҳалла фаоли.

Тошкентдаги талончи қотиллар жинояти 20дан ошди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, сўнгги олти ой мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони йигирмадан ошган.

Исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, қотиллик кўлами ошаётгани ортидан маҳаллада ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиш учун махсус гуруҳлар ташкил қилинган.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги коллеж ўқувчиларида ҳам ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб туриш учун навбатчи гуруҳлар ташкил қилган.

Шунингдек, Тошкент маҳаллаларида фаол қизлардан иборат гуруҳлар тузилиб, ёлғиз қариялар уйига навбатчиликка қўйилаяпти.

Тошкент милицияси маълумотига кўра, ёлғиз қарияларни ўлдиришда қотиллар сохта коммуналчилар ниқобидан фойдаланмоқда.

Шу кунларда Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчада ёлғиз қарияларнинг қотиллари, деб гумон қилинган шахсларнинг фотороботлари акс этган қидирув эълонларини учратиш мумкин.

Тошкент шаҳар ИИБдан олинган маълумотга кўра, ҳозирча қидирув эълонларидан бирор натижа чиқмаган, қотиллар ҳануз очиқда қолмоқда.

Қотилларни қидириш ишлари МХХ, прокуратура ва милиция ходимлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG