Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:16

Ўзбекистон аҳолиси сони 30 миллиондан ошди



30 миллион 75 минг 800 киши. Ўзбекистон аҳолиси нуфуси жорий йил 1 апрелида шу миқдорга етганини мамлакат Давлат статистика қўмитаси куни кеча эълон қилди.

Қиёслаш учун: бундан 60 йил муқаддам – 1953 йили Ўзбекистонда салкам 7 миллион киши яшаган, холос.

Бу ўсишни Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич яшайдиган Андижон вилоятидаги бир қишлоқ ва шу қишлоқда яшайдиган бир оила мисолида ўргандик.


Абдуллажон ака бу йил 50 ка киради. У яшайдиган Оқ кўприк қишлоғи Шаҳрихон туманининг Бўз туманига яқин ҳудудида.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Оқ кўприкни бундан 30 йил олдин қишлоқ, деб ҳам бўлмас эди. “5-10 та уй бор эди, холос”, дейди Абдуллажон ака. Шу кунда эса,

- уйлар 50-60га етди. Ëнбошда қишлоқлар пайдо бўлди. Ўзидан кўпайганлар бўлди, у ëқ бу ëқдан кўчиб келганлар бўлди ер олиб, дейди Абдуллажон ака.

Абдуллажон аканинг уйланганига 33 йил бўлди. Ўшандан бери эр-хотин ўзларидан кўпайди.

- Бир ўғлим, икки қизим бор. неваралардан тўртта. Иккита қизимдан иккитадан невара бор. Ўғлимни ҳали уйлантирганим йўқ. Энди уйлантираман¸ Худо хоҳласа бу йил бориб, дейди Абдуллажон ака.

Суҳбатдошимизнинг “Бу йил бориб”, дегани изоҳи: у бир неча йилдан бери Россияда ишламоқда.

Абдуллажон аканинг фикрича, кейинги йилларда ўзбек оиласида фарзандлар сони меъёри тушунчаси ўзгариб кетди.

- Учта ëки тўртта. Кўпчилик иккитага тушириб қўйган. Меъëри учта ëки тўртта.

Озодлик: Сиз ўзингиз уйланган вақтда қанча эди?

- Бешта-олита бўларди 80-йилларда, дейди Абдуллажон ака.

Маълумки, Андижон вилояти нафақат Ўзбекистон, балки собиқ СССР миқёсида ҳам аҳолиси энг зич минтақалардан бири ҳисобланган.

- Масалан, 3 сотих ерда иккита-учта хўжалик яшаëтган оилалар бор Асака билан Андижонда, дейди Абдуллажон ака.

Шунинг учун Абдуллажон акага мана бу саволни ҳам бердик:

Озодлик: Мана битта оила - икки киши тўққиз кишига айланибсизлар. Ресурслар етарлими андижонликлар учун?

- Кимдир ердан даромад қиламан деса, ер етарли бўлмайди. Лекин бошқа томондан даромад қиламан деса, савдо-сотиқ билан шуғулланаман деса, чет элга чиқиб ишлаб келаман деса, шароитлар бор. Биров тақиқлагани йўқ буни. Газ йўқ лекин. Свет йўқ. Лекин олдингига қараганда ҳозир балонларда газлар берилаяпти. Кўмирлар келаяпти. Маҳалла комитети орқали тарқатилаяпти арзон нархларда. Буларни ҳисобга олиш керак менимча, дейди Абдуллажон ака.

Маълумки, Совет даврида ҳукумат Фарғона водийси аҳолиси орасидан истаганларни Россиянинг ноқоратупроқли зоналарига ҳамда Мирзачўлга кўчириш сиёсатини олиб борган ва бу сиёсат демографик муаммоларни ҳал қилиш йўли сифатида тушунтирилган эди.

Агар ҳукумат бугун ҳам шундай сиёсат юритса, андижонликларнинг бир қисми мамлакатнинг аҳолиси сийракроқ ҳудудларига кўчиши мумкинми?

Бу саволга оқкўприклик Абдуллажон ака мана бундай жавоб берди:

- Мисол Жиззах, Сирдарë, Қашқадарëларга борса бўлади. Лекин бизларнинг водийда яшаган одамларга у ерларнинг шароити тўғри келмайди. Ўргана олмайди у ерга. Яшайди, бола-чақасини катта қилади, уй-жой қилади, ташлаб келади барибир.

Озодлик: Нима учун кўника олмайди у томонларга?

- Шароити чатоқ у ерларнинг. У ерларда оқин сув кам, ҳамма ëқ шўр, дейди Абдуллажон ака.

Лекин шунга қарамай, суҳбатдошимиз мана бу гапни ҳам қўшиб қўйди.

- Кўпчилик учун мен жавоб бера олмайман. Лекин мисол учун менинг иккита ëки учта ўғлим бўлганда, иккитасини албатта кўчирардим, дейди Абдуллажон ака.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига кўра жорий йил 1 апрелида 30 миллион 75 минг 800 кишига етган аҳолининг 51,2 %и шаҳарларда яшайди.

Мамлакат бўйлаб 628,2 минг киши ишсиз сифатида қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич аҳоли иқтисодий фаол қатламининг 5 фоизини ташкил қилади.

Британиядаги “Save The Children” халқаро хайрия ташкилоти куни кеча эълон қилган ҳисоботда дунёнинг 176 мамлакатидаги болалар ўлимига оид вазият таҳлил қилинган. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 105- ўринни эгаллаган. (Рўйхат бошидан болалар ўлими энг бўлган мамлакатkар жой олган)

Ўзбекистонда аҳолини ялпи рўйхатга олиш сўнгги марта бундан 24 йил муқаддам – 1989 йилда ўтказилган эди.
XS
SM
MD
LG