Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Фармацевтика ширкатларини текширувчилар босди



Ўзбекистондаги фармацевтика ширкатлари молиявий-хўжалик ишлари ҳуқуқ идораларидан тузилган махсус гуруҳлар томонидан ёппасига текширилмоқда. Дори-дармон бизнеси билан шуғулланган айрим ширкат раҳбарларининг мамлакатдан қочиб кетгани айтилмоқда.

Ҳатто шу пайтгача ўзларини ҳуқуқ-тартибот органлари назоратидан дахлсиз ҳис этиб келган Ўзбекистондаги энг йирик “Dori-Darmon” AK, “Farmed” каби фармацевтика ширкатлари ҳам терговчилар нишонига тушган.

Озодлик манбаларига кўра, бутун Ўзбекистонни фармацевтика маҳсулотлари билан таъминловчи “Dori-Darmon” AK ширкати бошқарув раиси Умида Солиҳбоева молиявий-хўжалик текширувлари бошланиши ортидан мамлакатдан қочиб кетган.

“Dori-Darmon” ширкати ходимлари Озодлик мухбирининг қайта-қайта қўнғироқларидан сўнг ширкатда комплекс текширувлар бораётганини тасдиқлашди. Лекин ширкат раҳбари Солиҳбоеванинг қочиб кетгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини айтишди:

- Комплекс текширувлар ҳамма аптекаларда бўлaяпти, фақат бизда эмас. Лекин аптекаларимиз ишлаяпти. Умида Саидовна қочгани ҳақдаги хабар ёлғон, деди ўзини “Dori-Darmon” бошқарув раиси ёрдамчиси деб таништирган ширкат ходими.

"Текширувлар нима мақсадда ўтказилаяпти?", деган саволга “Dori-Darmon” ходими: “Бу ҳақда маълумот бериш ваколатига эга эмасман”, деб жавоб берди.

Ўзбекистондаги йирик фармацевтика шикартларида текширувлар бошлангани, дори-дармон бизнеси билан шуғулланган айрим ширкат раҳбарларининг мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида ҳукумат даоираларига яқин Uzmetronom сайти ҳам хабар берди.

Текширувларга қарамай, ҳозирча Ўзбекистондаги “Dori-Darmon”, “Farmed” дорихоналари ёпилмаган:

- Аптекамизда савдо-сотиқ давом этяпти, деди Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туманидаги “Farmed” аптекаси ходими.

Давлатга қарашли “Дори-дармон” акциядорлик уюшмаси Ўзбекистонда дори ва тиббий ускуналар асосий таъминотчиси ҳисобланади. Ширкат таркибига саккизта ҳиссадорлик жамияти, 17 та улгуржи омборхна, 15 та лаборатория ва мингдан зиёд аптека киради.

Фармацевтика Ўзбекистонда энг сердаромад соҳалардан биридир. Норасмий манбаларга кўра¸ бу соҳа ҳокимият юқори қатламларида ўтирган амалдорлар ва уларнинг яқинлари томонидан монополияга айлантирилган ва мамлакатга ориб кириладиган ҳар қандай тиббий ускуна ва дори-дармон¸ ана шу гуруҳларнинг қаттиқ назоратида қолмоқда.

Ўзбекистон божхоначилари ўтган йили 1 миллиард сўмлик дори-дармон воситалари ва фармацевтика маҳсулотларини мамлакатга ноқонуний олиб ўтилиши олдини олишга муваффақ бўлган. Бу уринишлар¸ мустақил кузатувчилар фикрича¸ аслида фармацевтика бозоридаги монопол нархларни ушлаб қолиш мақсадида амалга оширилган.

Озодликнинг ўз манбаларига кўра¸ “Dori-Darmon” AK, “Farmed” каби фармацевтика ширкатларининг юқори ҳукумат идораларида ўтирган бош ҳомийлари муаммога учрагач¸ улар назоратидаги ширкатларда текшир-текшир бошланган.

Ўтган ой Ўзбекистондаги учинчи йирик фармацевтика ширкати “Grand Farm Medical” ширкатида ҳам комплекс текширувлар ўтказилган, фармацевтика маҳсулотлари билан савдо қилувчи ширкатнинг вилоятлардаги ва Тошкент шаҳридаги аптекаларида савдо-сотиқ тўхтатиб қўйилган эди.

Текширувлар ортидан “Grand Farm Medical” ёпилгани, иккиюздан зиёд ходими ишсиз қолгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG