Жорий йилда "Ўзпахтасаноат" ассоциациясининг вилоятлардаги бирлашмаларида 200 та замонавий ипак қурти боқиш мажмуаси ташкил қилинди. Эндиликда ассоциация пилла етиштириш жараёнини тўла ўз назоратига олишни режалаштирмоқда.
Пахта заводлар пиллахонага айланди
Шу кунларда Қашқадарё вилоятидаги пахта тозалаш заводларида ташкил қилинган 20 та замонавий қурт боқиш мажмуаларида 1400 қути ипак қурти боқилмоқда.
Қашқадарё вилоят пиллачилик бошқармасидан олинган маълумотга кўра, пахта заводларида пилла етиштириш жараёни вилоят "Пахтасаноат" бирлашмаси зиммасига юклатилган.
-Пахтасаноат таркибида ташкил қилинган бу қуртхоналар. Ҳар битта туманда пахта завод бор. Ҳар битта пахта заводда икки донадан пунктлар ëнига ташкил қилинган. Пахта заводнинг қабул пунктлари борку, хирмон қиладиган, ўшаларнинг ëнида ташкил қилинган. Ҳар биттасида 70 коробка боқаяпти. У ерда пахта заводнинг ходимлари 300-400 одамни жалб қилиб, ишлатиб боқтираяпти, деди Қашқадарё вилоят пиллачилик бошқармасининг ўзини таништирмаган масъули.
Суҳбатдошга кўра, Қашқадарёдаги пахта заводларида бу йил 92 тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
"Ўзпахтасаноат" пиллачиликни назорат қилади
"Ўзпахтасаноат" ширкати маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакат бўйича жами 100 та пахта завод ҳудудида ташкил қилинган 200 та замонавий қурт боқиш мажмуаларида ипак қурти боқилмоқда.
Мазкур ширкатнинг ўзини таништирмаган масъулига кўра, фермер хўжаликлари ипак қурти боқишни эплай олмаётгани ва мамлакатда пиллачилик саноатига эътибор сусайиб кетгани учун пилла етиштириш жараёнига "Пахтасаноат" бирлашмалари масъул этиб тайинланган.
- Пиллачиликка эътибор сусайиб кетганлиги учун бу иш "Пахтасаноат"нинг қўлидан келади, ишонамиз, деб туриб уюшмага топшириқ берилган. Бош вазиримиз 2012 йил йиғилиш ўтказди. Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 ноябрдаги 010326-1 сонли йиғилиш баëни. Ўша топшириққа асосан пахта саноати системасида пиллачиликни ривожлантиришга қарор қилинди. Ҳар бир пахта тозалаш заводида иккитадан қуртхоналар қурилди. Қурт боқишга аҳолидан жалб қилганмиз. Одамларни иш билан таъминлаганмиз. Уларга ойлик тўланади. Худо хоҳласа қанча маҳсулотни кўп оладиган бўлсак, ўшанча даромад бўладида, дейди "Ўзпахтасаноат" масъули.
Суҳбатдошга кўра, пахта заводлар ҳудудида замонавий қурт боқиш мажмуаларини ташкил қилиш ва у ерда ишчилар учун шароитлар яратиш учун пахтасанот бирлашмаларига имтиёзли кредитлар берилган.
- Кредит ҳисобига пахта заводлар ҳудудида қурт боқувчилар учун ҳаммом, савдо дўконлари, маданият ва маърифат хоналари қилинган. Одамлар учун шароитлар ҳозирги замон талаби даражасида тайëрлаб қўйилган. Бош вазиримизнинг топшириғига асосан ўша ишлар қилинаяптида, дейди Ўзпахтасанот масъули.
"Қуртни уйда боқиб, ўзимиз ошхонада яшаяпмиз"
Айни пайтда фермер хўжаликларида ҳам ипак қурти боқиш жараёни давом этмоқда. Суҳбатлашганимиз фермерларга кўра, улар бу ишга ўз ишчиларини жалб қилган.
Исмини ошкор қилмаётганимиз манғитлик аёл ҳам уйида 3 қути ипак қурти боқмоқда.
Пахта тозалаш заводларидаги қурт боқиш хоналарида яратилган шароитлардан фарқли равишда бу аёл иккита молхонаси ва уйининг тўртта хонасида қурт боқаяпти.
"Ўзимиз болалар ва эрим билан ошхонада яшаяпмиз. Энди фермеримиз қурт боқаётганимиз учун 150 минг сўм пул ва 2 қоп ун берди. Агар режани ошириб бажарсак яна беришга ваъда берди. Тўрт болам қурт боқишга ёрдамлашади. Энди улар кўмагисиз, албатта, қурт боқиш қийин", дейди манғитлик аёл.
6 ёшидан қурт боққан Нигина
Хоразмлик 12 ёшли Нигина ҳам 6 ёшидан бошлаб ота-онасига қурт боқишга кўмаклашади.
- Эрталаб соат 5 да япроқ ўришга турасан. Япроқ ўриб келгандан кейин уни чопиб, кейин қуртларга соламиз. Кечқурун ëтишдан олдин ҳам япроқ солинади. Кечки соат 12-1ларда. Япроқ олиб келиб қўйиладида. Ухлашдан аввал ўшандан соламиз. Пилла боқишнинг қийин томони эрталаб эрта билан туриш, япроқни ўриш, чопиш, уни бериш, боқиш, кечқурун кеч ëтиш ва эртасига яна эрта билан туриш, дейди қурт боқувчи қизалоқ хоразмлик Нигина.
Афтидан, Ўзбекистон ҳукумати ипак қурти боқишни марказлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан "Ўзпахтасанот" бирлашмалари жорий йилда Хитойдан 12 миллион дона бир йилда икки марта ҳосил берадиган тут кўчатлари сотиб олди.
Бу тут кўчатларидан барпо қилинган плантациялар пахта заводлар қошида барпо қилинаётган қуртхоналарга яқин жойларда ташкил қилинмоқда.
Ҳукуматнинг режалари мувафаққиятли амалга ошса, пиллачиликда бола меҳнатидан фойдаланишга, балки, барҳам берилар?
"Ўзбекенгилсаноат" давлат ҳиссадорлик компанияси берган маълумотга кўра, ўтган йилда Ўзбекистонда 25 минг тонна пилла етиштирилган.
Ўзбекистонда тайёрланган пилла толасининг 70 фоизи экспорт қилинади, 30 фоизи мамлакат ичкарисидаги ипакчилик корхоналари эҳтиёжи учун ишлатилади.