Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:20

Амударё туманида ўқувчилар ғўза чопиғига чиқарилди


Бу суратни Елена Урлаева Амударё туманида 10 май куни олган.
Бу суратни Елена Урлаева Амударё туманида 10 май куни олган.
Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани мактаблари ўқувчилари май ойининг дастлабки кунларидан бошлаб ғўза чопиғи ва яганасида ишлатилмоқда. Бу ҳақда Озодликка яқинда мухтор республикага қилган сафаридан қайтган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева хабар қилди. Қорақалпоғистон Xалқ таълими вазири ёрдамчиси эса, бу хабарни инкор этди.

Елена Урлаевадан болаларнинг далада ишлаётганини ўз кўзингиз билан кўрдингизми, деб сўрадик:

- Ўз кўзим билан кўрдим. Болалар билан бирга суратга ҳам тушдим, деди Урлаева.



Айтишича, Елена Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида 9, 10 май кунлари бўлган ва ўша кунлари "32-мактабнинг ўқувчиларини Тўлқин маҳалласига яқин далаларда" кўрган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси далада ишлаётган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларидан олган маълумотларига таяниб, дала ишларига 4-ва ундан юқори синфлар ўқувчилари май ойининг дастлабки кунларидан бошлаб жалб этилаётганини аниқлаганини айтиб берди.

Елена Урлаева ва у аъзоси бўлган ташкилот - Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси кейинги йилларда болалар меҳнати эксплуатацияси фактларини синчковлик билан кузатиб, қайд этиб келади.

Урлаеванинг айтишича, Амударё туманида мактаб ўқувчиларининг дала ишларига жалб этилиши бу йил қайд этилган ягона ҳолатдир.

Озодлик мухбири Қорақалпоғистон Xалқ таълими вазирлиги билан ҳам боғланди. Вазир ёрдамчиси Сулаймон Ҳабибов саволимизга “Бўлиши мумкин эмас!” деб жавоб берди. Лекин унинг овозидаги қатъийлик бироздан сўнг юмшади ва биз етказган хабарни ўрганиб кўражагини айтди.

Елена Урлаева “ҳозирча бошқа вилоятларда мактаб ўқувчилари далага чиқарилгани тўғрисида бизда маълумот йўқ”, деган бўлса-да, биз бошқа вилоятлардаги, хусусан, Жиззахдаги вазиятга қизиқдик.

Вилоятнинг Жиззах туманида истиқомат қилувчи Мамиржон Азимовнинг айтишича, у яшаётган ҳудудда мактаб ўқувчилари дала ишларига жалб этилмаган. Лекин уларнинг ўқитувчилари шанба-якшанба кунлари чопиққа чиқарилмоқда:

- Жиззах шаҳри ва Жиззах туманларида мактаб болалари пахта чопиғига жалб қилинмаган.

Озодлик: Ҳозир пахта чопиғими ëки яганасими?

- Ҳозир пахта чопиғи кетаяпти. Ягана деярли бошлангани йўқ. Айрим жойларда бошланган. Ëғингарчилик кўп бўлганлиги сабабли пахтани ўт босганлиги учун, асосан, чопиққа эътибор берилган. Шанба, бозор кунлари мактаб ўқитувчилари жалб этилаяпти, ташкилотлар жалб қилинаяпти. Лекин мактаб ўқувчилари жалб қилингани йўқ чопиққа.

Озодлик: Шанба кунлари мактаб ишламайдими?

- Ишлайди. Маълум миқдорда нималар қисқартирилади. Мисол учун, битта ўқитувчи бир кунда учта дарс ўтадиган бўлса, бошқа ўқитувчининг дарсини унга олиб бериб, бояги ўқитувчи пахтага жалб қилинади, деб хабар қилди жиззахлик Мамиржон Азимов.

Пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда мактаб ўқувчилари меҳнатидан фойдаланиш Ўзбекистонда Совет давридан бери ҳал бўлмай келаётган муаммодир.

Болалар меҳнатини эксплуатация қилаётгани учун Ўзбекистон ҳукумати йиллардан бери маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар танқиди нишони бўлиб келади.

Кейинги йилларда жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқариш ва савдо ширкатлари болалар меҳнатидан фойдаланилгани учун Ўзбекистонда етиштирилган пахтани бойкот қилиш кампаниясини ўтказдилар.

Танқидларга жавоб ўлароқ Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этишни махсус қарор билан тақиқлаб қўйди ва қарор ижросини удалагандай ҳам бўлди.

Бироқ ўқувчилар ўрнига пахтани уларнинг ўқитувчилари тердики, натижада мактаблардаги дарслар тўлақонли ўтказилмади.
XS
SM
MD
LG