Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:28

1 июлдан бошлаб товарлар ўзбекча “гапиради”


Вазирлар Маҳкамасининг 13 май кунги “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб импорт қилинувчи товарлар ёрлиқлари ишлаб чиқарувчи томонидан ўзбек тилида ёзилиши лозим.

Бу қарор, бир қарашда, давлат тилини ривожлантириш мақсадида қабул қилингандай кўринади.

Лекин ҳужжат сўзбошисидан, унинг давлат тилини ривожлантиришга эмас, балки импортни чеклашга оид навбатдаги қарор эканлиги аниқ кўриниб турибди.


Ҳукумат қарорида белгилаб қўйилишича, “фақат товарнинг бир қисми бўлган ва унинг қийматига кирувчи истеъмол упаковкасида (идишда) бевосита чакана савдога тушувчи товарлар мажбурий тартибда маркировка қилинади”.

Қарорга тиркалган иловада 1 июлдан бошлаб давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари рўйхати келтирилган.

Рўйхат анча катта бўлиб, унда гўшт ва сут, сабзавот ва мева, шакар ва қандолат маҳсулотлари, гигиена ва пардоз товарлари ва бошқа бир қатор моллар номлари келтирилган.

Ўзбекистонга олиб кирилиши учун ёрлиғи ўзбек тилида бўлиши шарт товарлар рўйхатида туздан тортиб қоғоз рўмолчага бор.

Қарорда, шунингдек:

"2013 йил 1 июлгача “вақтинча сақлаш” божхона режимига жойлаштирилган ва 2013 йил 1 июлдан кейин эркин муомалага чиқарилган истеъмол товарлари давлат тилида маркировка қилинмасдан;

2013 йил 1 июлгача Ўзбекистон ҳудудида эркин муомалага чиқарилган истеъмол товарлари давлат тилида маркировка қилинмасдан чакана савдо тармоғида 2014 йил 1 январгача сотилиши мумкин эканлиги белгилаб қўйилган".

Ҳукумат қарорида бу гап ҳам бор: Ўзбекистонда давлат тилида маркировка қилинган ва 2013 йил 1 июлгача муомалага чиқарилган истеъмол товарлари чакана савдо тармоғида 2014 йил 1 январгача сотилиши мумкин.

“Мажбурий тартибда давлат тилида маркровка қилиниши шарт бўлган, импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари маркировка қилинмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилиши тақиқлансин”, дейилган қарорда.

10 йилдан зиёд вақтдан буён Эрондан товар ташиб, Қорасув бозорида сотадиган савдогар Мухторжоннинг фикрича, , Вазирлар Маҳкамасининг 13 май кунги талаблари назарий жиҳатдан бажарса бўладиган талаблардир. Бироқ масаланинг бир нозик жиҳати бор:

- Кучли, номи чиққан фирмалар товар тўғрисидаги маълумотларни ўзбекча ёзиб бер, десангиз, ёзиб бермайди. Майда-чуйда фирмачалар қилиб бериши мумкин.

Озодлик: Харидорни йўқотмасликка ҳаракат қилишмайдими?

- Кучли фирмаларнинг молига талаб кучли. Биз уларга олдиндан буюртма бериб, “заклад” пули тўлаб қўйиб, навбатда туриб оламиз улардан товарни. Иккинчидан, ўзбекча ёзиш масаласи ҳали бошимиздан ўтган эмас,
дейди эрончи савдогар.

Ҳукумат “истеъмол товарларининг айрим турлари”, дер экан, демак импорт қилинадиган товарларнинг баъзилари ёрлиғини ўзбекча ёзиш шарт эмас. Лекин бу қандай товарлар эканлиги ҳужжатда айтилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 13 май кунги қарори, бир қарашда, давлат тилини ривожлантириш мақсадида қабул қилингандай кўринади.

Лекин мазкур ҳужжатнинг давлат тили муҳофазасига мутлақо алоқаси йўқлиги унинг сўзбошисидан аниқ кўриниб турибди.

Унда айтилишича, мазкур қарор Президент Каримовнинг “Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида” 2013 йил 29 январдаги қарорини бажариш юзасидан” қабул қилинган.

Давлат раҳбарининг мазкур қароридан сўнг Вазирлар Маҳкамаси 2013 йилнинг 4 мартида "Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни қабул қилди. Ва тилга олинган икки ҳужжатга биноан 1 апрелдан бошлаб импорт чеклови кучга кирди.

2013 йилнинг 30 апрелида Президент “Маҳаллий истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ассортиментини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилдики, бу ҳужжат ҳам импортни чеклашга қаратилган.

Эрончи савдогар Мухторжондан ўзбекистонлик савдогарларнинг ҳукуматнинг импортни чеклашга оид сиёсатига муносабатини сўрадик.

-Ўзбекистонлик савдогарларнинг кўзидан, юзидан билиниб туради норози эканликлари. Лекин у ерда (Ўзбекистонда) сиёсат кучлилиги учун ташида айтишолмайди. Борган сари уларга қийин бўлаяпти. Борган сари чегарачилар ва божхоначиларни боқишаяпти. Уларнинг сарф-ҳаражати ошяпти. Бу эса, яна харидорнинг елкасига тушади, дейди эрончи савдогар.

Иқтисодчи олим, Наманган вилоятидаги “Норин-Замон қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари, 73 яшар Расулжон Абдумажидовга кўра, ҳукуматнинг импортни чеклаш сиёсати натижалари сезила бошлади.

Унинг айтишича, нархлар, хусусан, қурилиш материаллари нархлари ўса бошлади.

- 1 майдан 7 фоизга ўсди.

Озодлик: Қаердан олдингиз бу рақамни?

- 100 та товар нархини таҳлил қилдим. Бир олганимда 30 – 35 миллион сўмлик товар сотиб оламан.

Озодлик: Сабаби нимада нарх ўсишининг?

- Менимча, импортни чеклаганларида. Айниқса, қурилиш материаллари, саноат маҳсулотлари нархи ўсмоқда
, дейди Расулжон Абдумажидов.

Импортни чеклашга оид сўнгги қарор тўғрисидаги лавҳамизда ҳукуматнинг бу соҳадаги сиёсати таҳлилига тўхталмоқчи эмасмиз.

Лекин Наманганнинг Норин туманида яшовчи Расулжон Абдумажидовнинг фикрича, маҳаллий ишлаб чиқаришни импортни чеклашга доир қарорлар билангина ривожлантириб бўлмайди.

- Чунки, барибир энергия ресурслари йўқ ва шунинг учун ишлаб чиқариш ўсмайди, масалан, шу кунда менинг Норинимга бир завод қуришса, 3 ой ишлаши мумкин, 9 ой ишсиз туради, чунки электр энергияси йўқ, бундай шароитда оддий бир чевархона ҳам ишламайдию?!, деди иқтисодчи олим, Наманган вилоятидаги “Норин-Замон қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари, 73 яшар Расулжон Абдумажидов.
XS
SM
MD
LG