Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:28

Сафед Булонда тинчлик(ми?)


Ўзбек ва қирғиз ўқувчилари орасида оммавий муштлашув содир этилган Сафед Булон қишлоғи аҳолиси сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлардан болалар жанжалига миллий тус бермасликни илтимос қилмоқдалар. Қишлоққа бориб келган журналистларнинг хабар беришларича, айни пайтда бу ҳудудда вазият барқарор.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Олабуқа тумани Сафед булон қишлоғида 16 май куни ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб ўқувчилар ўртасида соджир этилган оммавий муштлашув ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама қилинган. Ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари, икки қишлоқ аҳолиси бир-бирини гаровга олаётгани тўғрисида ёзишган.

Бироқ бир гуруҳ журналистлар Олабуқа туманига борганида бозор ва савдо шахобчалари аввалгидай ишлаётани, вазият барқарорлигига гувоҳ бўлишган.

Жанжал чиққан Сафед Булон қишлоғидаги “Шох Фозил” ёдгорлик комплексига зиёратга келганлар ҳеч қандай тўсиқларсиз зиёрат қилишаётганига гувоҳ бўлишган. Асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи бу ҳудудга қирғиз зиёратчилари келолмай қолгани тўғрисида ҳам хабар тарқаган эди. Бироқ журналистлар бу маълумот бироз бўртирилганига гувоҳ бўлишган.

Музей-комплекст яқинида савдо қилган Нигора, жанжал бўлгандан кейин уч кун хеч ким зиёратга келмай қўйганини айтди:

- Савдо яхши бўлаётган эди. Мозорга зиёратга келганлар билан шу ерлик болалар ўртасидаги жанжалдан сўнг одамлар ваҳима қилиб, зиёратга ҳам одам келмай қўйди. Уч кун мобайнида деярлик ҳеч ким келмади. Ҳозир эса зиёратчиларнинг сони кўпаймоқда, - деди Нигора.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоят Олабуқа тумани Сафед Булон қишлоғида¸ маҳаллий расмийларга кўра¸ 16 май куни ўзбек ва қирғиз мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув юзага чиққан ва оқибатда 6 ўсмир жароҳат олган.

Маҳаллий расмийлар баëнотига кўра¸ Олабуқа тумани марказидаги Ўрўзалиев номли ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиларидан 21 нафари Сафед Булон қишлоғига сайилга боришган. Маҳаллий мактаб ўқувчилари билан туман марказидан келган ўсмирлар ўртасида жанжал чиқиб, низо оммавий муштлашувга айланиб кетган.

Жанжалга катталар аралашиб, можаро кенгайганда маҳаллий ҳокимият ва ички ишлар бўлими ҳодимлари вилоятдан қўшимча куч чақирган. Негаки мактаб ўқувчилари ўртасидаги жанжал миллий тус ола бошлаганди.
Сафед булонлик 66 ёшли Шокиржон Абдупаттаев ўқувчилар уришига катталар аралашиб, воқеа сиёсий тус олганини айтади:

-Бунинг барчаси тарбияга бориб тақалади. Агарда бир томон сўздан қолса шундай жанжал чиқмас эди. Бизнинг ёшлигимизда ҳам муштлашлар бўлган. Бироқ урушиб, эртаси ярашиб кетаверар эдик. Катталаримизни ўртага солган эмасмиз. Бировнинг устидан арзланиш, милицияга бериш, уят ҳисобланар эди. Менимча, буларнинг барчасига демократия деган тушунча сабаб бўлаяпти. Шу демократия деган сўз бизнинг элга оғирлик қилмоқда. Унга таяниб ҳар ким ҳохлаганини қилади, нотўғри қилаётганини айтсанг, демократия дейди. Биз демократияга тайёр эмас эканмиз. Бизнинг халқларга СССР пайтидаги принцп ярашади, - дейди Шокиржон Абдупаттаев.

Можаро юз берган Сафед Булон ва Сариқ Тола қишлоғи аҳолиси журналистлар, сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ўқувчилар ўртасидаги маиший мажорога миллий тус берганликда айбламоқда.

-Улар болалар-да, мактаб ўқувчиси сиёсатни тушунармиди? Улар миллатлараро масалани ҳам тушунишмайди. Идеология нима эканини ҳам билишмайди. Бу жанжалда миллий масала йўқ эди. Болаларнинг урушини катталаргина катталаштириб олди. Шу масала Қирғизистондаги асосий муаммо бўлиб турибди. Тарбия бўйича Қирғизистонда идеология йўқлиги шунга сабаб бўлмоқда, -дейди Сариқ Тола қишлоғининг яшовчиси Алчинбек Эшалиев.

Олабуқа тумани ички ишлар бўлими раҳбари Асилбек Бийчиевга кўра, ҳозирда 16 май кунги жанжалга сабабчи деган айблов билан Сафед Булон қишлоғидан бўлган икки ўқувчи ҳибсда сақланмоқда. Улар 8 ва 11- синф ўқувчиси. Икки қишлоқ аҳолиси ярашгани билан бу икки ўқувчи уйига қўйиб юборилмаган. Улар бир ой ичида суд ҳукми билангина озод этилади.

Ҳибсдаги йигитлардан бирининг отаси Хакимжон Шарипов гапиради:

- 2010 йилги воқеа биз учун етарли сабоқ бўлди. Бундай фожеанинг такрорланишини хоҳламаймиз. Бироқ шундай урушлар бўлишини истаган одамлар ҳозир ҳам бор. Уларнинг алдовига катталар ишонмаймиз, негаки қонли воқеалар нима эканини яхши билиб қолдик. Ёшларни алдаш осон. Болалар урушса унга катталар арашади, шундай қилиб уруш чиқарамиз деган харом ниятли одамларнинг иши бўлиши мумкин. Менинг болам яқиндагина кўричагини олдирган. Уйга чиқариб юборишса яхши бўлар эди. Қачон чақирса ўғлимни сўроққа олиб келаман деб, ўзим кафил бўлардим, - деди Хакимжон Шарипов.

Сафед Булон қишлоғидаги можаро юзасидан Олий таълим вазирлиги вакили иштирокида туман давлат маъмуриятида бўлиб ўтган йиғинда, жанжалга ўқувчиларни экскурцияга олиб борган ўқитувчилар сабабчи, деган хулосага келинган. Бироқ ўқитувчиларга қандай чора кўрилиши айтилмаган.
XS
SM
MD
LG