Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани Бахмалсой қишлоғида 30 май куни содир бўлган автоҳалокат натижасида жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган яна икки бухоролик оламдан ўтди. Жигули билан автобус тўқнашуви натижасида келиб чиққан ёнғин оқибатида тўрт киши воқеа жойида ҳалок бўлган эди.
Бахмалсойдаги автоҳалокатдан жароҳатланиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган уч кишидан икки нафари 3 ва 2 июн кунлари оламдан ўтганини шифокорлар Озодликка маълум қилди.
Жиззах вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказидан олинган маълумотга кўра, вафот этган икки киши автобус ҳайдовчилари бўлган.
“Биттаси бугун эрталаб ўлди. Иккинчиси кеча эрталаб ўлган. Иккаласи ҳам ёнғиндан куйган. Уларнинг куйиш даражаси 90-95 фоиз эди. Ўлганларнинг бири 52 ёшли автобус ҳайдовчиси. Иккинчиси унинг ёрдамчиси 26 ёшли йигит. Улар ҳозир экспертизага жўнатилди. Кейин бухорога юборилади”, деди Жиззах вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказининг шахсини ошкор қилмаган шифокори Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Унинг айтишича, шифохонада ётган яна бир бухороликнинг аҳволи ўртачадан юқорироқ бўлиб, унинг куйиш даражаси 45-50 фоизни ташкил қилади.
"Унинг аҳволи ўнгланишига умид бор. Чунки ҳуши ўзида", деди шифокор.
Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходимининг Озодликка айтишича, пайшанба куни соат 17лар атрофида содир бўлган автоҳалокатда Жигули билан автобус тўқнашиб кетган.
Милиция ходими маълумотига кўра, Жигули эгаси ғаллаороллик бўлган, автобус эса Бухоронинг Ғиждувон туманидан Тошкент шаҳрига кетаётган бўлган.
Тўқнашув натижасида келиб чиққан ёнғиндан куйган икки бухоролик ва икки ғаллаороллик воқеа жойида ҳалок бўлган эди.
Автоҳалокатда жароҳатланган бухоролик 15 киши Жиззах вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказига 30 май куни келтирилган.
Тиббий марказдан олинган маълумотга кўра, ўша куни енгил жароҳат олган беш кишига амбулатория хизмати кўрсатилиб, жавоб берилган.
“Етти кишини уч кундан кейин поездда бухорога жўнатдик. Улар ҳеч бир муаммосиз Бухоронинг Ғиждувонига етиб боришди. Икки докторимиз уларни кузатиб, бориб бугун қайтиб келишди”, деди тиббий марказ шифокори.
Аварияга гувоҳ бўлган манбанинг Озодликка хабар қилишича, пайшанба куни Самарқанд-Жиззах трассасида "Амир Темур" дарвозасига яқин жойда ВАЗ-2106 автомашинаси билан автобус тўқнашиб кетган.
Манбага кўра, тўқнашув натижасида газ билан юрадиган Жигули портлаб, аланга автобусга ҳам улашган, натижада йўловчилар нобуд бўлган.
Автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлган икки ғаллаороллик 31 май куни дафн этилган. Икки бухороликнинг жасади эса Ғиждувонга жўнатилган.
Ҳозирда Ғаллаорол туман ИИБси автоҳалокат сабабларини ўрганмоқда.
Ўтган йилнинг ноябр ойи охирида Сирдарё вилоятининг Оқ Олтин туманида ҳам автобус ҳалокатга учрагани оқибатида тўрт киши нобуд бўлган, уч одам жароҳатланган эди.