Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:42

Ишсизлик нафақаси кимларга берилади?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида ижтимоий мадад сифатида бериладиган ишсизлик нафақаси билан боғлиқ саволларга жавоб излаймиз.

Нукусдан email орқали мурожаат қилган 24 ёшли Юсуф ишсизлик нафақаси борасида қизиқди.

“Мен Нукус маиший хизмат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирганман. Коллежни тугатгач институтга кира олмадим. Бир-икки йил Қозоғистонга бориб ишлаб келдим. Ҳозир уйдаман. Эшитишимча, ишламай уйда ўтирганларга нафақа бериларкан. Бунинг учун кимга мурожаат қилиш керак? Қандай ҳужжатлар тайёрлаш керак? Қанча бўлади, бу нафақанинг миқдори? Неча йил беришади? Илтимос шу саволларга жавоб топишимга ёрдам берсангиз", дея сўради нукуслик Юсуф.

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга кўра, ишсизлик нафақаси фақат маҳаллий меҳнат органлари томонидан ишсиз деб топилган фуқароларга берилади.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутахасисларидан бирининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, 16 ёшдан то пенсия ёшига қадар бўлган фуқаро агар мутахасислиги бўла туриб, иш топа олмаётган бўлса ишсиз деб топилиши мумкин.

“Бу ҳолатда фуқаро меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Агар фуқаро қўлида маълумоти бўла туриб, ишсиз юрган бўлса, ҳеч қаердан ойлик олмаётган бўлса, ўзи яшаётган ҳудуддаги Меҳнат биржасининг бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилиши лозим. Тегишли ҳужжатларни топширгач, унинг аризаси махсус комиссия томонидан ўрганилади. Кейин ариза берувчи фуқарога учта жойдан иш таклиф қилинади. Ушбу учта корхонада агар бўш иш жойи бўлмаса ва учаласидан ҳам отказ олса, унга ишсиз мақоми берилади”, деди вазирликнинг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасиси микрофонсиз суҳбатда.

Суҳтдошга кўра, касб-ҳунар коллежларини битирган, қўлида дипломи бўлган ёшлар ҳам иш топа олмаса бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилишлари мумкин.

“Уларга ҳам учта корхонадан иш таклиф қилинади. У ерда иш бўлмаса, улар ҳам ишсиз деб эътироф этилади”, деди вазирлик мутахасиси.

Амалдаги тартибга кўра, ҳеч қандай мутахасисликка эга бўлмаган фуқаро ҳам ишсизлик нафақаси учун ариза топшириш ҳуқуқига эга.

“Ҳеч қанақа маълумоти бўлмасдан бекор юрган фуқаролар мурожаат қилган тақдирда улар аввал касбга ўқитиш марказларига жўнатилади. Албатта хоҳишига кўра. Тошкентда 2 та шундай марказ бор. Бунда нафақа тўланмайди. Лекин стипендия берилади. Ўқув марказида давлат томонидан бепул ўқитилади. Бу ерда 6 ой давомида маълум касбни ўрганиб чиқиши мумкин. Масалан тикувчи, сваршик, қурувчи, компьютер ремонти, бухгалтерия каби барча касб-ҳунарлар ўргатилади”, деди мутахасис.

Кейин олти ойлик ўқув марказида ўқиган ёшларга ҳам учта жойдан иш таклиф қилиниб, агар иш топилмаса, уларга ҳам ишсиз мақоми берилади.

Ишсизлик нафақаси миқдори:

Ишсиз деб топилган фуқароларга қонунда белгиланган тартибда ишсизлик нафақаси тўланади.

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга кўра, ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга аввалги иш жойидаги ўртача иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, лекин энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган ва ўртача иш ҳақидан кўп бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси тўлаш кафолатланади.

Илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга энг кам иш ҳақининг камида етмиш беш фоизи миқдорида нафақа тўлаш кафолатланади.

“Қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган ишсиз шахсларга нафақа миқдори ўн фоизга оширилади. Агар олдин бирор жойда ишлаган бўлса, иш стажи бўлса, бу нафақаси кўпайишига имкон бўлади”, деди Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутахасиси микрофонсиз суҳбатда.

Ишсизлик нақафаси олиш муддати:

Амалдаги қонунларга кўра, ишсизлик нафақаси аввал бирор жойда ишлаб, маълум сабабларга кўра ишсиз қолган бўлса, ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календар ҳафта тўланади
.
Илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календар ҳафта тўланади.

Қонунга кўра, ишсиз шахс нафақа олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органида йўқламадан ўтиши керак.

Амалдаги тартибга кўра, қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркак ишсизлик нафақаси олиш учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиши шарт ҳисобланади. Агар фуқаро жамоат ишларидан бўйин товласа, унга ишсизлик нафақаси бериш тўхтатиб қўйилади.

Шунингдек, ишсизлик нафақаси олаётган шахс ишга жойлашганда ҳам унга нафақа берилиши тўхтатилади.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзиллари ҳамда
WhatsApp орқали йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG