Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:24

Қирғизлар қозоқларга сув бермай қўйди


Қозоқларга сув беришга таласликларни ҳукумат расмийлари ҳам кўндира олмади.
Қозоқларга сув беришга таласликларни ҳукумат расмийлари ҳам кўндира олмади.

Қирғизистоннинг Талас вилояти Кўксой қишлоғи аҳолиси 7 июлдан бошлаб Қозоғистонга бериладиган сувни тўсиб қўйди. Қирғизистон ҳукумати расмийлари ҳам таласликларни қозоқларга сув беришга кўндира олмаяпти.

Кўксой қишлоғи Қирғизистоннинг Қозоғистон билан чегараси яқинида жойлашган. Қишлоқ аҳолиси Қозоғистонни қирғизларга тегишли ерларни ўзлаштиришда ва ноқонуний тарзда чегарани ўрнатиб олганликда айбламоқда.

Қўйсойликлар “қозоқлар босиб олган 13 километрли ҳудуд қайтариб берилсин”, деб талаб қилмоқда.

-Сув йўлини тўсиб қўйганимиздан иддао чегарани аниқлашни талаб қилишдир. 1930 йилдаги ҳужжатга асосан қирғиз-қозоқ чегараси дарё ўзани бўйлаб ўтган. Қозоқлар эса бунга амал қилмай, 4,5 минг гектар ерни ўзларига қўшиб олди. Бунинг оқибатида, биз яйловга бориш учун 20 километр айланма йўллардан юришга мажбур бўлмоқдамиз, -деди сув йўлини тўсганлардан бири Нурбай Анарбаев.

Маҳаллий аҳоли, шунингдек, Қирғизистон ҳукуматидан Қозоғистон билан чегара юзасидан имзоланган 2001-2008 йилдаги шартномлар бекор қилинишини ҳам талаб қилаяпти. Кўксойликларнинг айтишича, собиқ президентлар Асқар Ақаев ва Қурманбек Бакиевлар ҳукмронлиги даврида Қозоғистонга Қирғизистонга тегишли кўп ҳукдудлар ноқонуний равишда бериб юборилган.

Сув йўлини беркитиб қўйган норозилар билан Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов учрашди. Бироқ у ҳам кўксойликларни қозоқларга бериладиган сув йўлини очишга кўндира олмади. Кўксойликлар бу ерга ўтов тикишиб, сувнинг очиб юборилмаслигини назорат қилишмоқда.

Маълумотларга қараганда, қўксойликлар тўсиб қўйган сув йўли орқали Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида камида 4 минг гектар экин майдони суғорилар эди.

Бош вазир ўринбосари Тўқўн Мамитов Қозоғистон билан чегара юзасидан имзоланган шартномаларни Бишкек расмийлари бекор қила олмаслигини айтди.

-Мен сизларнинг саволларингизга жавоб беришга тайёрман. Чунки сизларнинг кўпчилигингизни мен яхши танийман, танимаганларим эса мени танишади. 2001-2008 йилда парламент томонидан қабул қилинган шартномларни бекор қила олмаймиз. Хоҳласанглар менинг гапимга қулоқ солинглар, хоҳламасанглар йўқ, очиғини айтаман-бу бизнинг қўлимиздан келмайди. Қолган баҳсли ҳудудларни эса Қозоғистон билан бамаслаҳат ҳал қилишимиз мумкин, -деди Тўқўн Мамитов.

Қирғизистон билан Қозоғистон чегараси 1241 километрни ташкил қилади. Мазкур чегара ҳудудини аниқлаш 2008 йилда якунланган ва ҳар икки тараф томонидан тасдиқланган.

Қирғиз-қозоқ чегарасидан фарқли ўлароқ ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлар масаласи 10 йилдан бери ҳал этилмай келинаётир. Ўзбекистон- Қирғизистон чегара чизиғининг узунлиги 1378 киломтерни ташкил қилади. Чегаранинг 315 километри 60га яқин баҳсли ҳудуд борлиги туфайли шу кунгача аниқланмаган. Расмий маълумотларга қараганда, 2013 йилнинг олти ойи мобайнида ўзбек-қирғиз чегарасининг аниқланмаган ҳудудларида 16 та мажоро содир этилган.
XS
SM
MD
LG