Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:22

Ҳожибойсиз беш йил


Ўзбекистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган артист¸ қизиқчи Ҳожибой Тожибоев
Ўзбекистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган артист¸ қизиқчи Ҳожибой Тожибоев
Таниқли кулги устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳожибой (Ҳожимурод) Тожибоев оламдан ўтганига беш йил бўлди. Озодлик таҳририяти ўзи вафот топган бўлса-да, халқни юракдан кулдирган иборалари оғизма-оғизга кўчиб юрган сўз устасининг хотирасига махсус эшиттириш ҳозирлади.


Ўзбекнинг ўзидан ҳам сўзи қизиқлигини ўзбекка кулги билан англатган таниқли қизиқчи Ҳожибой (Ҳожимурод) Тожибоевнинг оламдан ўтганига шу кунларда беш йил бўлди.

У киши 2008 йилнинг 24 июлида оғир хасталикдан сўнг 52 ёшида Тошкентда оламдан ўтган эди.

Орадан беш йил ўтган бўлса ҳам қизиқчи айтган ҳаётий воқеаларнинг сатирик талқини бугунги кун учун ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Унинг ўзига хос иборалари аллақачон одамлар бот-бот такрорлайдиган афоризмларга айланиб улгурган.

Ҳозир ҳам одамлар “Ҳожибой ундай деган эди, Ҳожибой бундай деган эди”, деб эслаб кулиб юришади.





“Қўрғонига қўниб ўтган Ҳожибой”

1978 йилда Тошкент Театр ва рассомчилик институтини тугатган Ҳожибой Тожикистонга қайтди.

Бир муддат Шукур Бурҳонов номидаги Нов театрида, Ленинободдаги Камол Хўжандий номли театрда ишлади. Сўнг Андижон Давлат филармониясига ишга ўтиб, Ҳалим Жўраев ва Шерали Жўраев етакчилигидаги концерт гастролларида иштирок этди.



Ҳожибой Тожибоевнинг хотини Майсара опанинг айтишича, санъаткор деярли уйда бўлмасди.

- Ойлаб уйда бўлмасдилар. Аввал Ҳалимжон Жўраев билан, кейин Шерали Жўраев билан 3-4 йил бирга юрдилар. Баъзан ярим кечаси ҳамма артистлар бирга келиб қолардилар, қайнотам дарров қўйни сўйиб, эрталабга овқат пиширтириб қўярдилар. Яна кетишарди. Ўшанда: “Мана қўрғонимга бир кун қўниб ўтдим”, деган гапни такрорладилар, дея хотирлайди Майсара опа.

"Белдан пастга тушмаган" ориятли қизиқчи

Ўзбек қизиқчилик санъатида кулги усталари жуда кўп бўлган. 20 асрда ўзбек қизиқчилигини алоҳида санъат мактаби даражасига кўтарган сўз усталари яшаб ўтди.

Булар: Юсуфжон қизиқ, Охунжон қизиқ, Ака Бухор, Сойибжон қизиқ, Муҳиддин Дарвешов, Абдулҳай Махсум, Садриддин Зиёвуддинов, Зайнобиддин қизиқ, Мадаминжон қизиқ, Эргаш Каримов, Ҳасан Йўлдошев, Ҳусан Шарипов, Рустам Ҳамроқулов сингари элга танилган катта санъаткорлардир.

Ўтган асрнинг 80 йилларидан бошлаб ўзбек қизиқчилик мактабига Ҳожибой Тожибоев, Обид Асомов, Мирза Холмедов, Шукуржон Исроилов, Валижон Шамсиев, Абдуллажон, Ортиқ Султонов, Зокир Очилдиев сингари қизиқчилар кириб келди.

Бироқ, бу қизиқчилар орасида Ҳожибойнинг алоҳида ўрни бор эди. Чунки унинг айтганлари долзарб муаммолар эди, дейди таниқли кулги устаси Обид Асомов.

- Кулги долзарблиги билан қизиқ. Бугунги воқеа бугун гапирилса ўшанда халқ кулади. Нима учун, Ҳожибой аканинг “тракторчилар обрўси ошиб кетди, ўқитувчилар обрўси тушиб кетди”, деганига халқ ётиб олиб кулади. Чунки сабаби, ростдан ҳам шунақада. Ҳожибой ака эса қишлоқларда кўп бўларди. Шунақа муаммоларни у саҳнага олиб чиқардида, шунинг учун ҳам Ҳожибой бўлиб юрган раҳматлик. Қизиқчида ана шу долзарблик йўқолса, у маънан ўлади, дейди Обид Асомов.

Бу санъаткор кулгини рамкага солиб бўлмаслигини таъкидлар экан: "Устозларимиз айтиб кетишган, белдан пастига тушилмасин, деб. Ҳожибой ака, раҳматлик, ана шундай ўткир ва ориятли қизиқчиларимиздан эди", деб қўшимча қилади.

Юзи кулган, қалби эса куйган қизиқчи

Ўзбекистон телевидениесида узоқ йиллар ишлаган, исми сир қолишини сўраган режиссёрлардан бирининг фикрича, Ҳожибой Тожибоев ҳаммани кулдиргани билан ич-ичидан халқи учун куйинган санъаткор эди.

- Халқ меҳрига, севгисига сазовор бўлганининг сабаби ҳам шу. Ҳожибойнинг ҳар бир ҳазили кулги билан бир қаторда одамни ўйга ҳам толдирарди. Аслида у ҳазиллар пардаси ортида моҳирлик билан яширилган сабабларни топишни тамошабин ихтиёрига қолдирарди. Масалан, ўзбекнинг боласи, қўй ёғи ва исириқ, тракторчилар каби ва ҳоказо номерлари айнан шу бугунги яшаётган кунимиз эмасми? Нега шу ҳолатга етиб келдик? Сабаби нима? У ўзидан бизга кўп саволлар қолдирди, дейди режиссёр.

Ҳожибой Тожибоев қизиқчилиги, асосан, оддий касб эгалари, ўқитувчилар, шифокорлар, фермерлар, қишлоқ одамлари ҳақида эди.

У Ўзбекистонда илк бор ўқитувчилар ҳолидан хабар олган ва уларнинг муаммоларини катта саҳнага кўтариб чиққан қизиқчи бўлди:

“Ўқитувчи бозорда юрганмиш. Аккуратний юрадида. Ўғлининг туфлисини, катта ўғлининг костюмини кийиб юрганмиш. Кейин бир лўли тиланчи келиб роса хижолат қилибди. Ўқитувчи сен адашдинг, мен ўқитувчиман дебди. Лўли кетмабди. Шунда сенга бир саволим бор, қани айтчи, ўқитувчининг ойлиги қачон ошади”, деб сўраса тиланчи қочиб кетибди. Ўқитувчи хурсанд бўлиб ўзига ўзи айтар эмиш: “Тавба қилдим, бу ойликдан гапирсанг ҳаммаси ҳам қочадия?”

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:07 0:00
Бевосита линк


Бир йилдан сўнг қизиқчи бу мавзуни яна давом эттиради ва ўқитувчиларни энди тракторчилар билан қиёслайди. “Буни қаранг шундай замонларга етиб келдик, бундай замонлар бўлади деб, ҳеч ўйламаганмиз”, дейди қизиқчи.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:25 0:00
Бевосита линк


Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги ҳаётни жаннатга қиёслаётган, ижтимоий муаммолардан кўз юмаётган бир пайтда, Ҳожибой Тожибоев бу муаммоларни жуда усталик билан "қоғозга ўраб" катта саҳаналарда гапирди.

Жумладан, концертларининг бирида қизиқчи мардикорлар муммосини шундай кўтарган эди:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:07 0:00
Бевосита линк


Қизиқчининг ижодидан ўрин олган ўзбек болаларининг меҳнатдан бошқа нарсани билмаслиги, фермерларнинг пахта сотиб эмас, балки ғўзапоя сотиб бойиб кетганлари, камбағалликнинг кўриниши бўлган алюмин қозонларнинг ҳам ўғирлаб кетилаётгани, энг кам ойликнинг ҳеч нарсага ярамаслиги ва бошқа ҳангомаларининг тагида ҳам ижтимоий муаммолар ётади.

Айниқса, ўзбек футболчиларининг ўйинлари ҳақидаги воқеий ҳикоялари миллионлаб футбол фанатларининг юрагидаги дардини ифода этган эди.

“Биттадан морожний еб келса ҳам майли эди”

Ўзбекистон терма жамоаси Бразилиядаги жаҳон чемпионатига чиқишига бир баҳя қолганда, ўзи дарвозасига ўзи гол уриб қўйгач, ўзбек футболининг бундай "қойилмақом" ўйинидан лолу карахт қолган миллионлаб мухлислари орасида Ҳожибойни эсламагани бўлмади, афтидан.

Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда Ҳожибойнинг аскияларию унга битилган қойилмақом пародияларни ёзган мухлислар сўз утасининг ҳазиллари билан ўзларини овутдилар.




Зеро, Ҳожибойнинг: “Бу йил Ўзбекистон терма жамоаси Германиядаги жаҳон чемпионатига чиқолмади... чиқолмайдиямда!” деган ибораси, ҳар гал Ўзбекистон ютқазиб қўйганда эсланадиган муқим иборага айланди.

Қизиқчининг бу гапини шиор қилиб олган футбол мухлислари, ҳатто, ўзбек футболчилари “музқаймоқ ялаш насиб қилсин" мазмунидаги битикларини футболкаларга ёздилар ва ўзаро тарқатдилар.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:22 0:00
Бевосита линк

"Ҳожибойда табиийлик кучли эди"

Ўзбекистонлик шоир Ҳамроқул Асқарнинг айтишича, Ҳожибойнинг ҳангомалари ҳаётий бўлгани учун ҳам халққа яқин эди.

- Менимча Ҳожибой ака туғма талант бўлган. Масалан, кўп қизиқчилар шогирд бўлиб тушади. Улар ўрганади ва айтади. Ҳожибойники унақа эмас, масалан рассом ҳеч ким кўрмаган нарсани илғайди. Ҳожибой ҳам бизлар кўра туриб кўрмаётган нарсаларни илғай оларди.Кейин бу қизиқчининг айтганлари маълум бир сюжет асосида қурилган бўлади. Мен буни табиий иқтидор, деб айтган бўлардим, дейди шоир Ҳамроқул Асқар.

“Ҳожибой ўз ажали билан вафот этган”

Ҳожибой Тожибоевнинг вафотидан кейин унинг ўлими ҳақида жуда кўп миш-мишлар тарқалди. Кимдир уни МХХ ўз подвалига олиб кириб, жигарини эзиб қўйган деса, кимдир унга душманлари дори берган, деган гапни айтди.

Бироқ қизиқчининг хотини Майсара опа бу миш-мишларда заррача асос йўқ, деб таъкидлаган.

- Мен, аввало, бир гапни унинг мухлисларига айтиб қўяй: Улар жигар циррози билан оғриган эдилар. Бу касаллик улар тишларини олдирганда уколдан юққан. Бу гапни шифокорлар ҳақидаги қизиқчилигида ҳам қистириб ўтиб кетганлар. Сўнгги икки йил жуда кўп мазалари бўлмади. Оёқлари доим шишиб юрарди, лекин касалликни бўйниларига олмасди. Бирор кун дўхтирда ётиб даволанмадиларда. 3 июл куни туғилган кунимга келдилар. Аҳволлари анча ёмон эди. Кейин 24 июл куни ўликларини олиб келишди, дея таъкидлаган эди Майсара опа.

Ҳожибой Тожибоев қандай ижод қиларди?

Майсара опанинг айтишича, Ҳожибой ака ҳар гал қишлоққа келганида, хотинидан қишлоқда қандай воқеалар рўй берганини, кимлар нима қилганини, ҳаммасини мири-сиригача сўраб оларди:

- Мана битта воқеа. Бир куни телевизор кўриб ўтирсак, “Машҳура” фирмасини реклама қилди. Мен тикувчиманда, ўшанга қизиқиб томоша қилиб турсам, бирданига кино қўйиб юборишди. Оббо, туппа тузук рекламани ўрнига кино қўйиб юборишди, десам, улар “Нима дединг, қани яна айтчи, нима дединг”, деб жиддий сўрадилар. Мен шундай дедим. Улар кулиб қўйдиларда, кейин бу ўша машҳур гапга айланиб кетди,- дейди Майсара опа.

“Ҳожибойнинг туфлиси куёвлигида куйиб қолган”

- Бизнинг тўйимиз қишнинг чилласида бўлган. Ҳаво жуда совуқ эди. Келин-куёв совқотмасин деб, тоғорага чўғ солиб, оёғимиз тагига олиб келиб қўйишди. Бирпасдан кейин, ниманидир ҳиди чиқа бошлади. Улар мени туртиб, у ёқ-бу ёғингга қара бирор жойинг ёняпти, дедилар. Мен қарадим, менда ҳеч нарса куйган йўқ. Кейин яхшилаб қарасак, ўзларининг локировни куёв туфлиларини ярми йўқ, чўққа тегиб эриб кетган экан, дейди Майсара опа.

“Ҳожибойнинг қизиқчилигини оила билан кўрса бўлади”

Сўнгги пайтларда ўзбек қизиқчилик санъатида, одамларни қандай йўл билан бўлмасин кулдириш ҳаракатида тўй ва тадбирлар бир ёқда турсин, ҳатто катта санъат даргоҳларида ўзбекона маданиятни, шарм-ҳаёни оёқ-ости қиладиган қизиқчилар пайдо бўла бошлади. Ҳатто шаҳватни ва эркаклар ўртасидаги ишқий муносабатларни ошкора ташвиқ қиладиган аскиялар марказий телевидениелардан кўрсатила бошлади.

Ҳожибой Тожибоевнинг синфдош дўсти Ҳазратқул аканинг айтишича, у бу борада жуда ҳам маданиятли бўлган ва унинг бу маданиятини дин уламолари ҳам эътироф этган:

- Ҳожибой ўтгандан кейин Тошкентда унинг дўстлари, ҳамкасблари катта марака қилишди. Биз беш киши бўлиб бордик. Ўшанда маъруза қилган маҳалла имомларидан бири шундай деган эди:

“Мана шу Ҳожибой укамизнинг қизиқчилигини уйда, бола-чақа, келинлар билан бирга бемалол томоша қилсак бўларди. Чунки бу укамизнинг сўзларида ўзбекона шарм-ҳаё, маданият бўларди. Афсуски айрим қизиқчи укаларимизнинг гапларини келин ёки қизимизнинг олдида эшитиб бўлмайди, ўшанда ўзингни қўярга жой тополмай қоласан. Ҳожибой бу жиҳатдан тоза йигит эди”, деган эди имом, дейди қизиқчининг дўсти ва синфдоши Ҳазратқул ака.

“Ҳожибой акамнинг иккинчи уйланишига мен рози бўлганман”

Майсара опа Ҳожибой Тожибоевнинг иккинчи уйланиши зарурат бўлганлигини айтар экан, бунинг сабабларини шундай изоҳлайди:

- Ҳожибой ака амакимнинг ўғиллари бўладилар. Ёшлигимизда бешиккетти қилинган эканмиз. Бирга ўсдик, бир ҳовлида катта бўлдик ва турмуш қурдик. Қизимиз бор, худога шукр. Битта қизимиздан кейин бошқа фарзанд бўлмади. Дўхтирлар айтдики, сизлар яқин қариндош, бошқа-бошқа ҳаёт қурсаларинг яхши бўларди. Мени ўзимнинг розилигим билан, масалаҳат билан, фарзандларимиз кўпроқ бўлсин деб, у киши яна уйландилар. Тошкентда иккита қизлари бор. Муносабатларимиз яхши, телефонлашиб турамиз, дейди Майсара опа.

Ҳожибой Тожибоевни жиддий қизиқчи деб айтишади, одамлар. Туриши жиддий, ортиқча ҳаракат қилмайди, гаплари дона-дона, андижонлик ҳам, сурхондарёлик ҳам уни яхши тушунади.

Ўзбекистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган санъаткор Ҳожибой Тожибоевнинг қабри ўзи туғилиб ўсган Тожикистоннинг Сўғд вилоятига қарашли Жаббор Расулов номли туманнинг Янгиқишлоқ қабристонида.

Ҳожибой “Янгиқишлоқдан янги гаплар” концертида “менинг аксарият айтганларим, ўзбекнинг сўзидан ҳам қизиқлигини топганим ана шу қишлоғимиз одамларини кузатишдан, уларнинг феълу атворини ўрганишдан келиб чиққан”, деб айтганди.

Ҳожибойнинг “Ўзбекнинг ўзидан ҳам сўзи қизиқ” қизиқчилигидаги кунда-шундаги гапларга айланиб кетган иборалари:

“Бу йўл қаерга боради?” – “Бу йўл ҳеч қаерга бормайди, минг йилдан бери шу жойида турибди, керак бўлса ўзинг борасан!”

“Меҳмонлар, ўтириииб борасизларда” – “Ие, ўтириб бориб бўлар эканми, яна ётииииб борасизлар, дейди”

“Ака, кеча ошда кўринмадингиз?” – “Мен сенга гўштманми, ошда кўринсам”

“Уятли меҳмонлар келиб қолди, деймиз, нима қолганлари уятсизми?”

“Фалончини ўғли фалончини қизини бошини айлантириб юрганмиш? Резбаси бор эканда, бўйнида, хоҳласа у ёққа, хоҳласа бу ёққа айлантирармиш”

"Ало, ало, Бухороооо, Бухороооо...."

"Биттадан моржний еб келишса ҳам майли эди"

"Ўзбекистон бу йил жаҳон чемпионатига чиқолмади, чиқолмайдиямда!"

"Футболинггаям, стадионинггаям, билетинггаям...."

"Қани, қани, қани...."

"Борма куясан. Ана куйдинг"

"Шу мазза қилиб реклама кўриб турганингда, кино қўйиб юборишадида"


Ҳожибой Тожибоев ҳаёт бўлганида бу йил 57 ёшга тўлган бўларди.
XS
SM
MD
LG