Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:27

Кўчада яшаётган нукуслик оила ҳокимиятни пикет қилди


 Уббиниёзовлар оиласи.
Уббиниёзовлар оиласи.
22 август куни Нукус шаҳар ҳокимияти икки ойдан буён кўчада яшаётган Уббиниёзовлар оиласи томонидан пикет қилинди. Беш хонали уйи маҳаллий ҳокимлик томонидан бузилгач, мазкур оила кўчада яшашга мажбур бўлмоқда.

Натижасиз пикет

Пайшанба куни эрталаб Уббиниёзовлар оиласининг 5 аъзоси Нукус шаҳар ҳокимлиги биноси олдида норозилик чиқиши қилиб, бузилган уйлари ўрнига уй берилишини талаб қилишди.

Пикет иштирокчиси Мурат Уббиниёзовнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, милиция ходими тазйиқ қилгач, норозилик чиқишини тўхтатишга мажбур бўлишган:

- Нукус шаҳар ҳокимиятининг олдига бориб, пикет қилдик. Лекин милиционер олдимизга чиқиб, "Ичкарида ҳеч ким йўқ. Ҳоким ҳам, ўринбосарлари ҳам йўқ. Кетинглар. Бўлмаса наряд чақираман" деди. Шундан кейин кетдик, дейди Мурат Уббиниёзов.

Ҳомиладор пикетчи

Пикет иштирокчиларидан бири 37 ёшли Муҳаббат Тулисинованинг шу кеча-кундузда "кўзи ёриши" керак.

Тўққиз ойлик ҳомиласи билан пикетга чиққан Муҳаббат Уббиниёзовлар оиласининг яна тўрт аъзоси билан қарийб икки ойдан буён кўчада яшашга мажбур бўлаяпти:

- Шу ҳафта ичи туғишим керак. Тассаввур қила олмаяпман... Нима десам экан... Бирор яхшилик бўлар деб умид қилгандим... Билмадим, дейди ноумидлик билан Муҳаббат Тулисинова.

Беш хонали уй ўрнига 44 миллион сўм

38 ёшли Мурат Уббиниёзовга кўра, Қорақалпоғистон кўчаси 130-уйдаги 2 ва 3 хонали иккита квартирани қўшиб, битта квартирага айлантирилган уйда ўзи ва укаси ва унинг фарзандлари¸ шунингдек онаси, жами 6 киши яшаб келган.

Уббиниёзовлар оиласи шу тарзда яшаяпти.
Уббиниёзовлар оиласи шу тарзда яшаяпти.
Мурат Уббиниёзов 135 квадрат метр майдондаги беш хонали квартира учун ҳокимлик таклиф қилган пул миқдоридан қониқмаганларини айтади:

- Ўтган йил январ ойидан келиб бошлади ҳокимиятдан одамлар, бузамиз деб. “Яхши, бузадиган бўлсангиз, бузинг” дедик. Кейин решение чиқди первичний оценка. 44 миллион сўм берамиз, деди. Биз несогласен бўлиб, ҳокимиятга заявление ëздик. “Бизга икки квартира беринг. Бизда икки оила бўлгандан кейин икки квартира беринг” деб. Улар “Бизлар сизларга квартира олиб бера олмаймиз. 44 миллион сўм чиқдими? Шуни олиб кетаверинг” деди. 44 миллион сўмга битта квартира ҳам олиб бўлмайди. Шунинг учун биз отказ бердик. Бошқа борадиган жойимиз йўқ. Қаерга борамиз. Уйимиз йўқ. Шу далада ётибмиз, дейди Мурат Уббиниёзов.

Кўчада ўлган Xадича момо

Муратнинг айтишича, бир ой аввал улар билан бирга кўчада яшаётган онаси- 76 ёшли Xадича Луғмонова оламдан ўтган:

- 76 ёшга чиққан кампир, далада, кўчада қайтиш бўлди, дейди афсус билан Мурат.

Суҳбатдош, онасининг қазоси кўчада етгани боис кўчада қолаëтган оила унинг маъракаларини ҳам ўтказа олмаётганидан надомат қилди.

9 ёшли болакайнининг орзуси

Мурат билан Муҳаббатнинг ўғли Саломат тўққиз ёшга тўлган. Саломат Озодлик билан суҳбатда кўчада яшаётган пайтида ёмғир ёққани ва улар ёмғир тагида қолиб кетганини ҳикоя қилиб берди.

Бу йил 4-синфга борадиган Саломат мактаб бошлангунча улар ҳам уйлик бўлишни орзу қилишини айтади:

- Менинг кўчадан бошқа яшайдиган жойим йўқ. Яқинда мактаб бошланади... Онам ҳам яқинда туғади... Яшашимиз учун умуман ҳеч қандай шароит йўқ, дейди болакай.

Нукус шаҳар ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддисига кўра, шаҳарнинг Қорақалпоғистон кўчасидаги уйлар 1950 йилда қурилган икки қаватли эски уйлар бўлгани учун уларни бузиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қурилаяпти:

- Бу ерлар реконструкция бўлиб, кўп қаватли уйлар қуриладида. Бу ердагилар эскирган жойлар эди. Шаҳарнинг генералний планига мувофиқ, шу жойларни ишлатиш керак эди. Ҳозир қурилаяпти, дейди суҳбатдош.

Мутасадди Уббиниёзовлар оиласи билан боғлиқ муаммодан ҳам хабари борлигини гапирди:

- Улар слишком кўп пул сўраб турибдида бузилган жой учун. Мурожаат қилган одамларнинг ҳаммаси ўзларининг сўраган баҳолари бўйича жой билан таъминладик. Булар пулни оз кўраяптида. Қолганлар ҳаммаси нормалний кўчиб кетди. Бир ëки икки одам қолса қолгандир, дейди Нукус шаҳар ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

Уббиниёзовлар оиласи Нукус шаҳар ҳокимлиги, Қорақалпоғистон прокурори, Ўзбекистон президенти каби барча мутасаддиларга шикоят билан мурожаат қилган, лекин бирор натижа бўлмаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон шаҳарлари ва туман марказларининг марказий кўчаларини ободонлаштириш лойиҳалари натижасида ўнлаб оилалар кўчада қолди ёки арзимаган товон пули эвазига уйини бўшатишга мажбур бўлди.
XS
SM
MD
LG